Кўз сили касаллиги: тасниф, ташҳис ва даво

Маълумотга кўра сил касаллигини келтириб чиқарувчи бактериялар Немис олими Роберт Кох томонидан 1882 йил 24 мартда кашф этган. 

Сил касаллигида сил таёқчаларини сил дориларига чидамли тури (L-формаси, МЛУ, ШЛУ) пайдо бўлиши мумкин. Мазкур касаллик юқумли ҳисобланиб, уни сил таёқчалари (Кох бактерияси) келтириб чиқаради, бу касалликнинг ўзига хослиги сурункали тўлқинсимон кечиши билан бошқа хасталиклардан ажралиб туради.
Сил касаллигинниг қўзғатувчилари нафас олиш ва ҳазм қилиш системаси орқали организмга тушиб, асосан ўпка тизимини шикастлайди. Мазкур касаллик соч ва тирноқдан бошқа барча орган ва тўқималар, яъни ўпка, бош мия, кўз, тери, суяк, бўғимлар ва лимфа безлари, ичак, буйрак, жинсий аъзоларни ҳам зарарлайди. Бугунги суҳбатимизда кўриш аъзолари, яъни кўзда учрайдиган сил касаллигининг таснифи, кўз силининг турлари ва уни даволаш тартиби хусусида газетхонларни қизиқтирган саволлар билан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази Хоразм вилояти филиали офтальмолог-шифокори Одилбек Курязовга юзландик.

Кўз сили қандай касаллик?
Кўз сили (глазной туберкулёз) организмнинг умумий инфекцион касаллиги ҳисобланади. Ушбу касаллик бактериал табиатга эга. Кўрув аъзоларининг сил касаллиги узоқ давом этадиган, тез-тез қайталаниб, кўриш ўткирлигининг пасайиши ва айрим ҳолатларда кўрмасликка олиб келувчи касалликдир.
Ҳозирги пайтда қатор муаллифларнинг маълумотларига кўра, кўз сили ўпкадан ташқари сил касалликлари ичида олтинчи ўринда бўлиб, 5-16% ни ташкил қилади. Тиббиётда мазкур касаллик кўзда асосан 3 та йўл билан ривожланиши кузатилган. Яъни биринчи йўл – гемато-лимфоген бўлиб, шу йўл энг кўп учрайди. Гематоген диссеминацияда сил микобактериялари кўз тўқималарига организмнинг бошқа сил ўчоқларидан ўтади. Иккинчи йўл экзоген деб номланади. Ушбу йўл кўзнинг бирламчи сили ҳисобланиб, у кўзнинг шиллиқ қавати бўшлиғи орқали ривожланади. Учинчи йўл — контакт йўл. Бунда сил касаллигининг кўзга тарқалиши, юз териси, кўз косаси остеомиелити ва бурун бўшлиғи орқали ривожланади.

Кўз сили таснифи ҳақида тўхталиб ўтсангиз
Кўз сили касаллиги асосан 3 та клиник тур билан изоҳланади. Улар:
1. Гематоген увеитлар. Улар олдинги (ирит, циклит, иридоциклит) ва орқа увеитларга (хориоидит, хориоритинит) бўлинади.
2. Кўз олди тўқималари сили.
3. Кўз сил – аллергик касалликлари. Улар ўткир бошланиши, қисқа давом этиши ва тез-тез қайталаниб туриши билан тарифланади.
Бундан ташқари, 1956 йил A.C.Woods касалликнинг клиник — морфологик тартибига асосланиб, қуйидаги таснифни таклиф қилган. Улар гранулёматоз ва ногранулематоз. Гранулёматоз касаллик пайдо қилувчи (патоген) микро-организмлар, гематогенли метастаз натижасида томирли парда қаватида перифокал яллиғланишга эга гранулёма ҳосил қилади. Ногранулематоз яллиғланиш жараёни носпецифик кечиб, кўз тўқималарининг ҳар хил аллергенларга қарши сенсибилизацияланган реакцияси билан намоён бўлади.

Кўз силининг турлари мавжудми?
Тиббиётда кўз сили касаллигигинг бир қанча турлари аниқланган. Улар кўз атрофи тўқималарининг сили, кўзнинг олд қисми сили ва кўз орқа қисмининг сил касаллигидан иборат. Кўз силининг мазкур турлари ҳам бир қанча гуруҳларга бўлинади. Яъни кўз атрофи тўқималарининг сил касаллиги гуруҳида асосан, кўз қовоқлари терисининг сили, сил дакриоцистити, кўз косасининг сил остеомиелити, сил дакриоаденити, конъюнктива (шиллиқ қават) сили ва эпибульбар сил касалликлар киради. Масалан, сил дакриоцистити кўпинча болалар ва ўсмирларда кузатилади. Касалликнинг ушбу турида инфекция асосан гематоген ёки конъюнктива орқали, кўз ёш йўлидан ўтиб кўз ёши халтачасида ривожланади.
Кўзнинг олд қисми сили касаллиги кўзнинг сил – аллергик зарарланишлари, сил кератитлари, сил склеритлари ва сил иридоциклити (олдинги увеитлар) билан гуруҳланади. Масалан, кўзнинг сил – аллергик зарарланишида касаллик ўткир бошланиши, ёруғликдан қўрқиш, кўз ёш оқиши, блефароспазм, даъво таъсирида жараённинг тез камайиши ва тез-тез қайталаниш кузатилади.
Кўз орқа қисмининг сили ўз ичига тарқалган хориоретинит, конглобирланган туберкула, диффуз сил хориоретинити, хориоидеянинг миллиар сили, периферик увеит, Йенсен юкстапапиляр хориоидити ва сил перифлебитини олади. Мазкур касалликлар турлича ривожланади. Яъни диффуз сил хориоретинити касаллиги асосан томирли қаватнинг орқа қисми, яъни хусусий томирли қават қисмидаги жараён тўр парданинг шишиши ва инфилтрацияси билан кечади. Хориоидеянинг миллиар сили эса ҳозирги кунда жуда кам учрайдиган касаллик тури бўлиб, у кўпинча болалар ва ўсмирларда сил менингити ва иммунитетнинг сусайишида сил диссеминацияси жараёнида кузатилади. Касалликнинг сил перифлебити тури эса рецидивланувчи характерга эга бўлиб, кўпинча ёш эркакларда иккала кўзда кузатилади.

Кўз сили касаллигига қандай ташҳис қўйилади? 
Кўз сили ташҳиси бирмунча қийинчиликлар туғдиради ва беморни комплекс равишда текширишни талаб қилади.
Москвадаги кўз сили марказида, кўз силига шубҳа бўлганида беморларни текшириш учун қуйидаги схема қабул қилинган:
1. Анамнезни мақсадга мувофиқ ойдинлаштириш (сил касаллиги билан контакт борлиги, илгари кўз силини ўтказганлиги ва бошқалар.)
2. Кўкрак қафаси флюорографияси, кўрсатма бўлганда, кўкрак ички лимфа безларида ва ўпкадаги сил ўзгаришларининг фаоллигини аниқлаш мақсадида рентгенологик текширув ўтказилади.
3. Ўпка, томир олди лимфа тугунлар, аниқланган суякли ўзгаришлар фаоллигини рентгенологик аниқлаб бўлмаса, томография текшируви ўтказилади.
4. Томир олди лимфа безларининг катталашуви ва катта петрификатларни аниқлашда бронхоскопия текшируви ўтказилади.
5. Периферик лимфа тугунларининг ҳолатини текшириш.
6. Кўрсатма бўлганида, қорин бўшлиғини рентгенологик текшируви, уролог ва гинеколог маслаҳатлари.
7. Сийдик ва бронхлар чайиндиси, сил бактерияларини аниқлаш учун балғамни экиш.
8. Бошқа сурункали инфекцияларни бартараф этиш: захм (сифилис), токсоплазмоз, бруцеллёз, ревматизм, саркоидоз, вирусли касалликлар.
9. Иммундиагностика, in vitro ўтказилиб, бемор қонида туберкулинга нисбатан гуморал ва ҳужайравий антитанани аниқлашга асосланган.
10. Туберкулин-диагностика. Кератит, склерит, увеитлар этиологиясини аниқлашда катта аҳамиятга эга. Кўз силини аниқлашда терида туберкулин синовлари ўтказилади: тери ичи Манту синамаси, Градуирланган Манту синамаси, тезлаштирилган Манту реакцияси.
11. Синовчи даволаш (тест-терапия). Бундай даволашни ноаниқ этиологияли увеитларда қўллаш маслаҳат берилади. Туберкулостатик препаратлар бир ой давомида қўлланилади. Даволаш самарали бўлганда увеитнинг сил этиологиялилиги тахмин аниқланади.
Кўз сили белгилари турлича хусусияти, шу сабабли, ҳар хил диагностик аҳамиятга эга.

Кўз сили касаллиги қандай даволанади? 
Кўз сили касалликларини даволаш, нафақат, кўриш функцияларини иложи борича асли ҳолига келтириш ёки сақлаб қолишга, кўз олмасидаги яллиғланиш жараёнларини бартараф этишга, балки сил таёқчаларининг фаоллигини сусайтиришга, организм ҳимоя кучларини оширишга ҳам қаратилган бўлиши лозим.
Фтизиатриянинг умумий тамойилларига кўра, антибактериал кимётерапия, давонинг асосий қисми касалликнинг шакли ва оғирлигига қараб ўтказилади. Жараённинг оғир даражасида даволаш икки даврда олиб борилади. Биринчи давр уч хил препаратнинг таъсирига қараб икки — уч ой давомида олиб борилади. Иккинчи даврда икки хил препарат уч ой давомида берилади. Қон қўйилишлар билан кечувчи геморрагик хориоретинитлар ва перифлебитларда бирданига кимётерапия қўлланилмайди, чунки силга қарши препаратлар қон томир деворларини кучсизлантиради. Шунинг учун икки — уч ҳафта давомида ангиопротекторлар қўллаш даво терапияси ўтказилади. Шундан кейин изониазидни кичик дозадан секин-аста ўрта терапевтик дозагача буюрилади. ПАСК суткасига олти-тўққиз граммдан ошмаслиги керак. Иккинчи гуруҳ препаратларидан этоксид, этионамид ва циклосерин буюрилади. Тибон қўллаш мумкин эмас.
Суст кечувчи, сурункали жараёнларда стрептомицин самара бермайди. Бундай шаклдаги кўз силини изониазид, рифампицин ёки ПАСК ва иккинчи гуруҳ препаратлари билан туберкулин, гормон, носпецифик воситалар қўлланилади. Сўнги 15 йил ичида лазерли коагуляция мувофаққият билан қўлланилмоқда. Кўрув функцияларини сақлаб қолишнинг шартларидан бири кўз сили асоратларининг олдини олиш ва ўз вақтида даволашдан иборатдир.
Бугунги суҳбатимиздан маълум бўлдики, кўз сили касаллиги ҳам сил касаллигининг бошқа турлари каби инсоният билан бирга яшаб, унинг ҳаёти, соғлиғига доимий равишда тўсиқ бўла оладиган юқумли касалликлардан бири экан. Шундай экан, ҳар бир инсон нафақат ўз саломатлиги учун, балки соғлом турмуш тарзи ва жамият соғлиги йўлида ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриши, шифокор назоратида бўлиши ва ўз соғлиги учун эътиборли бўлиши лозим.

Мазкур мақола АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги USAID ташкилотининг Project HOPE лойиҳаси асосида тайёрланди.

Суҳбатдош журналист Дилрабо Жуматова