Болангиз тўғри овқатланяптими?

Эрталаб фарзандингиз мактабга отланаётганда аввало уйда пиширилган, таркиби айнимайдиган егуликлардан сумкасига солишга ҳаракат қиласиз. Вазият тақозоси билан бунга имконият бўлмай қолганда қўлига пул бериб, мактаб ошхонасидан бирор нима олиб ейишини маслаҳат берасиз. Шунда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: мактаб ошхонасида сотилаёган маҳсулотлар белгиланган талабларга жавоб берадими? Фарзандингиз саломатлиги учун унинг зарари йўқмикан? Мактаб ошхоналарида болаларимизнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш талаб даражасидами? Яқинда Халқ таълими вазирлиги ва “Нестле-Ўзбекистон” компанияси томонидан амалга оширилган “Соғлом болалар дастури” доирасида “Тўғри овқатланиш дарслари”нинг мамлакатимиз таълим муассасаларининг айнан бошланғич синф ўқувчилари учун жорий этилиши ҳақидаги маълумотлар берилганидан сўнг, ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Хўш, тегишли дастур доирасида махсус дарслар жорийэтилишидан мақсад нима? Аввало Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш Бош бошқармаси етакчи назоратчиси Абдурашид Содиқовдан ана шу саволга ойдинлик киритиб олсак.

— “Тўғри овқатланиш дарслари”. Айни шу мазмундаги дарслар шу кунга қадар ҳам ўтилаётганди-ку, шундай эмасми? 

— Ҳа, мавжуд эди. Таълим муассасаларида инсон организми учун зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари ҳақида ўқувчиларга сабоқ берувчи “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари” дарслари жорий этилган. Ҳатто мазкур йўналишда ота-оналар йиғилишларида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳам йўлга қўйилганди.

—Унда айни шу турдаги янги яна бир янги дарснинг татбиқ этилишидан кўзланган мақсад нима?

— Бошланғич таълим – умумий таълимнинг жиддий таркибий қисми – дастлабки билимлар, кўникмалар, малакалар шакллантириладиган босқич. Боланинг келгусида ҳар томонлама ривожланиши учун таълимнинг илк босқичларидан бошлаб унда соғлом ҳаёт тарзи ва овқатланиш маданияти асослари тўғрисидаги тушунчаларни шакллантириш жиддий аҳамиятга эга. Тегишли вазирлик ва Нестле Ўзбекистон компанияси томонидан амалга оширилган “Соғлом болалар дастури” доирасида ”Тўғри овқатланиш дарслари”ни жорий этилиши ана шу мақсадларни амалга ошириш учун ёрдам беришга қаратилган.

—Хабаримиз бор, таълим муассасаларида
 соғлом овқатланишни ташкил этиш тизимини яхшилаш борасида 2010 йилда ЎзбекистонРеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинганди. Аслида фарзандларимизнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш учун ана шу қарор ижроси таъминланишига кўпроқ эътибор қаратилиши керак. Хўш, бу борада Халқ таълими вазирлиги томонидан қандай чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва амалда татбиқ этилган? 

— 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги “Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тизимини яхшилаш чора-тадбирлари режаси ва “Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Номи қайд этилган қарор ижросини таъминлаш доирасида умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари таълим олувчиларининг гигиеник талаблар асосида хавфсиз овқатланишини таъминлаш тўғрисида жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария бош врачининг ҳам тегишли қарори қабул қилинди. Халқ таълими вазирлигининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ҳудудларда ушбу масала билан шуғулланувчи ходимлар белгиланди. “Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳамда муассаса раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш” юзасидан идоравий ҳужжатлар қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2010 йил 4 сентябрдаги 214-сонли буйруғи қабул қилиниб, жойларга ижро учун юборилди. Ҳудудларда мунтазам равишда “Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш” мавзусида амалий семинарлар ўтказиб борилмоқда. Жумладан, 2013 йил давомида вазирлик мутахассислари томонидан ҳудудларга чиқилиб 8 та семинар ташкил қилинди.

Гувоҳи бўлганингиздек, тизимга оид меъёрий ҳужжатлар жойида. Қарор қабул қилинган, Низомлар бор, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Аммо таълим муассасаларида бу меъёрий ҳужжатларнинг ижроси қай даражада таъминланяпти? Бу борада Республика Давлат санитария эпидемиология назорати маркази санитария врачи, тиббиёт фанлари номзоди Р.Қосимовдан маълумотлар олишга қарор қилдик.

— Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария бош врачининг “Республика умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг хавфсиз овқатланиши тўғрисида” 2010 йил 18 сентябрдаги 8-сонли қарори билан умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари учун таъқиқланган маҳсулотлар рўйхати белгиланган. Жумладан:

·       Булочкага солинган гамбургер, чизбургер, хот-дог,сосиска ва колбаса маҳсулотлари;
·       Чипслар, кириешки ва хрустяшкилар;
·       Газланган салқин ичимликлар, кока-кола, фанта;
·       Қиздирилган ёғда тайёрланган хамирли маҳсулотлар;
·       Ўралмаган, тарозида тортиладиган карамел,“чупа-чупс”;
·       Сақич ва бошқа шу каби маҳсулотлар.

Бироқ қарорнинг чиқишига икки йил ўтганлигига қарамасдан ҳанузгача айрим ўқув муассасаларининг ошхона ва буфетларида таъқиқланган маҳсулотларнинг сотилиши аниқланяпти.

НЕГА ТАЪҚИҚЛАНАДИ? 

— Масалан, фарзандингиз истеъмол қиладиган чипсларга сунъий таъм, маза, ҳид ва ранг берувчи воситалар қўшилади, — дея изоҳ берди Р.Қосимов. —Тайёрланишида саратон (рак) касаллигини чақирувчи канцероген воситалари кўп учрайди. Маҳсулот юқори ҳароратда қовурилганда ёғнинг таркибида уларнинг миқдори ошади. Бундан ташқари чипслар ишланишида учрайдиган гидроген ёғлари инсон организмида холестерин миқдори кўтарилишига сабаб бўлади. Бу эса ўз-ўзидан инсульт ва инфаркт хасталигини чақириши мумкин. Турли рангли ва ҳидли газли ичимликлар мисолида гапирадиган бўлсак, мазкур ичимликлар таркибига аспартам номли шакар ўрнини босувчи синтетик восита қўшилади. Бу восита таркибида аниқланган фелатаниннинг инсон асабига салбий таъсир кўрсатади, депрессия чақиради, жаҳл чиқаради ва ҳаттоки бошқа инсонларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларига сабаб бўлиши мумкин. Энг ажабланарлиси,  аспартам қўшилган газли ичимликлар чанқовни босмайди. Одамларнинг сўлаги оғиздаги там берувчи воситаларини эритмайди, шунинг учун уни яна қайта ичиш истаги устун келади.

БУНГА САБАБ НИМА?

Санитария врачининг маълумотларига таяниб айтиш мумкинки, айнан умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари истеъмол қилиши таъқиқланган маҳсулотлар рўйхати бежиз ишлаб чиқилмаган. Демак, Халқ таълими вазирлиги мутахасссислари таъбири билан айтганда, давлат таълим стандартларини ўзлаштириш болалардан ақлий фаолликни талаб этадиган даврда уларнинг овқат рационини шакллантириш учун чуқур ёндошиш лозим. Ахир жиддий ақлий меҳнат, айниқса бошланғич синф ўқувчиларидан анчагина энергетик қувватни сарфлашни талаб этади. Шундай экан, умумтаълим муассасаларининг ошхона ва буфетлари фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш учун нима қилмоқ керак?

МАСЪУЛИЯТНИ ОШИРИШ КЕРАК! 

Чиндан ҳам, тегишли нормалар мавжудлигига қарамасдан, нега  бу каби қонунбузарлик ҳолатлари кузатиляпти? Бизнингча, “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари” “Тўғри овқатланиш дарслари” каби дарс соатларини жорий этилиши билан бирга таълим муассасаларидаги ошхона ва буфетларнинг тўғри фаолият юритишини назорат қилишни ваколатли органлар янада кучайтириши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бунга нафақат масъул ваколатли ташкилотларнинг, балки аҳолининг, айниқса ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш керак. Яъни фарзанди таҳсил олаётган таълим муассасаси ошхонаси ёки буфетида қандай маҳсулотлар сотилаётгани, фарзанди қай бирини харид қилаётгани ва унинг белгиланган талабларга мутаносиблигини назорат қила олиши лозим. Ахир мамлакатимизда фарзандларимизнинг соғлом вояга етиши учун катта эътибор қаратилаётган, тизимли чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ҳаракатлар олиб борилаётган бир пайтда ота-оналар ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак эмасми?  Бундай тартибга зид ҳолатларга ана шу фарзандни дунёга келтирган ота-она ҳам ўз масъулиятини адо этиб, ваколатли органларнинг бундай тартиб бузарликларга қарши курашида кўмак кўрсатса, мақсадга мувофиқ бўларди.

ЭСИНГИЗДА ТУТИНГ!

Республика Давлат санитария эпидемиология назорати маркази санитария врачи, тиббиёт фанлари номзоди Р.Қосимов тавсиясига кўра, табиий озуқалар соғликнинг гаровидир. Қанча кўп истеъмол қилинса, шунча фойдаси кўп бўлади. Кимёвий воситаларнинг эса аввало таркиби билан танишинг ва уни истеъмол қилиш мумкинлигини ўйлаб кўринг.

darakchi.uz

Дўстларингизга улашинг: