Тез ёрдам шифокорининг бир куни

Ўтган муддат ичида энг кўп танқидга учраган тиббиёт сохаси бу, шубҳасиз тез тиббий ёрдам хизматидир. Хўш, тез тиббий ёрдамнинг камчиликлари нималардан иборат? Чақирувга кеч қолиб бориш, дори-дармонларнинг етишмаслиги, сифатсиз тиббий хизмат ва бошқалар. Лекин, мен бугун бу камчиликларга ким ёки нима сабаблигини ва ёки уларни бартараф этиш учун қилинаётган ишлар хақида гапирмоқчи эмасман.

Бугун мен шунчаки тез тиббий ёрдам шифокорининг навбатчилик соатлари аслида қандай ўтишини очиқ-ойдин айтиб бермоқчиман. Албатта ўз шахсий тажрибамга таянган ҳолда кўрган-кечирганларимни сўзлаб бераман. Бу кимлар учундир ёлғон ва яна кимлардир учун тушуниб бўлмас ҳолат, кимдир учун эса аҳамиятсиз ҳикоядек туюлиши мумкин. Лекин сизни ишонтириб айтаманки, юртимизнинг барча ҳудудларида меҳнат қилаётган тез тиббий ёрдам шифокорлари сўзларим ҳақиқат эканлигини тасдиқлашади. Қишнинг совуқ кунларидан бири, эрта тонг, кўча бошида йўловчи транспорт келишини кутиб турибман. Олдинда эса узоқ давом этувчи 24 соатлик навбатчилик ҳам турибди. Бу сафарги навбатчиликда қанча ва қандай беморлар учраши ҳақида хаёл сураман. Изғирин совуқ эса узоқ хаёл суришга йўл қўймайди. Вақт ўтказиш учун у ёқдан бу ёққа тинмай юраман.

Ва ниҳоят йўловчи транспорт келиб тўхтади. Машинада кетиб борарканман, совуқдан торайган қон томирларим машинанинг печидан чиқаётган иссиқ ҳаво таъсирида кенгайиб оёқ, қўл бармоқларимгача илиқ қонни етказиб, совуқ таъсирини олаётганини ҳис қилардим. Шундай ёқимли ҳолатда иш жойимга етиб қолдим. Машинадан тушганимда совуқ ҳаво яна мени ўз бағрига олди. Ишхонагача яна 500 метр пиёда юришим керак. Қадамларимни тезлатиб соатга қарадим, 7:45. Ҳа, улгураман. Ниҳоят 3 қаватли бинонинг ташқи дарвозасидан кирдим. Бино пештоқида катта қизил сонлар билан 103 рақами ёзилган. Ичкарига кирдим, соат 7:50, салом-алик, диспетчер журнални узатади, мен келганлигимни тасдиқлаб имзо қўйдим, 3-қаватга шифокорлар хонасига шошаман. Хонага кирдим ҳамкасбларим аллақачон келиб, ҳатто баъзилари чақирувга ҳам кетиб бўлишган. Хонада фақат кечаги навбатчиликдан чиққан 4та шифокор ва 1та мени бугунги навбатчи шеригим бор. Бундай вақтларда навбатчиликни тугатган шифокорларни дарров пайқайсан. Уларни кўзларида уйқусизлик, қизариш ва сўлғинлик намоён. Юзларида ҳорғинлик аломатлари сезилиб туради. Навбатчилик жуда оғир ўтган пайтлари эса баъзи шифокорларни ўринларида ғайритабиий ҳолатда чўзилиб «ўчиб» қолганини кўриш мумкин.

Саломаликдан сўнг устимга форма кияман, эгнимга оқ халатни ташлайман, блокнот ва ручкани оламан, ручкани юқориги чўнтакка бейжик ортига қистираман. Шу пайт радиотармоқдан таниш овоз эшитилади. Олтинчи бригада чақирувга, олтинчи бригада чақирувга… Ҳа бу мени чақирув кутаётганидан дарак берувчи овоз. Бу овоз баъзан асабийлаштиради, баъзан тинчлантиради баъзан эса зериктиради. Зиналардан пастга шошаман, ҳаёлимда бир гап, қандай чақирув экан. Диспетчердан чақирув картасини олиб тез тиббий ёрдам автомобилига ўтираман.

Ҳайдовчи: дўхтир яхшимисиз?

Мен: яхши, раҳмат!

Фельдшер: Ассалому алайкум!

Мен: Ва алайкум ассалом! Ҳамма нарсамиз етарлими, дори-дармон?

Фельдшер: ҳар доимгидек!!!

Ҳа майли унда кетдик!

Чақирув сабабига қарайман АД деб ёзилган. Бу беморни қон босими безовта қилаётганини англатади. Хаёлан касалликни учраши мумкин бўлган клиник турларини ўйлаб кетаман. Манзилга етиб келдик, хонадонга кирдик, салом-алик. Ёши 55лар атрофидаги аёл. Ҳар доимгидек анъанавий саволни бердим. Сизни нима безовта қиляпти?

Бемор: бошим сал ғалати бўляпти, давлениям ошди шекилли.

Мен: тушунарли, ҳозир ўлчаб кўрамиз.

Қон босимини ўлчайман, тонометр 130/70 мм сим. уст.нини кўрсатяпти.

Мен: қон босимингиз 130/70 экан, одатда неча бўларди.

Бемор: ҳа ўзи шунақа юраман, ошмабди яхши.

Мен: сизни яна нима безовта қиляпти?

Бемор: йўқ, фақат шу холос, давлениям ошди дебманда.

Беморни тиббий ёрдамга муҳтож эмаслиги аниқ бўлгач хонадондан чиқамиз.

Ташқарига чиқиб кетаётиб хаёлимдан ўтказаман нега тез ёрдам чақирди, оилавий поликлиникага чиқса бўлардику, жуда эринса қўни-қўшнидан тонометр топтириб қон босимини ўлчатиб кўрса ҳам бўларди деган фикр келади. Лекин бу ҳақда беморни ўзига айта олмайман. Агар айтсам келиб овора бўлганингизга шундай деяпсизми, ойлигизи оляпсизми, қиласизда қабилидаги гаплар бўлади. Муттаҳамроқ одам бўлса, қўполлик қилди, деб устимдан шикоят қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун бундай ҳолатларда индамай уйни тарк этамиз.

Машинага чиқиб рация орқали Марказга олтинчи бригада бўшаганлигини айтаман. Марказ бизга навбатдаги чақирув манзилини беради. Шундай қилиб чақирув чақирувга уланиб кетади. Беморлар ичида ҳақиқий ёрдамга муҳтожлари ҳам бор, умуман асоссизлари ҳам бор.

Ҳаш-паш дегунча соат 14:00 га яқинлашиб қолди. Мен эса шундай очиқдимки, тиббий картани тўлдираётганимда қўлим қалтирай бошлади. Ниҳоят нав-батдаги чақирувни тугатганимиздан сўнг бошқа чақирув йўқлигини билдик. Базага қайтишимиз мумкинлиги хақида хабар олдик. Дарҳол база томон йўлга тушдик. Шундай фурсатдан фойдаланиб, дарров қорин ғамини емасанг, кейин вақт бўлмаслиги мумкин. Йўл-йўлакай тушлик учун тандир сомса олдик. Мен, ҳайдовчи ва фельдшерни юзида табассум пайдо бўлди. Базага кириб диспетчерга тиббий карталарни топширдиму, ўзим юқорига 3-қаватга шошилдим. Хонага кириб столни устига дастурхон ёздим, чой қўйдим, халтадан чиқаётган тандир сомсани ҳиди баттар иштаҳамни очарди. Сабрим чидамай халтани очиб сомсани биттасини олиб ея бошладим, қандай маза, бундай пайтда бутун тананг яйрайди. Шу вақт асаб ҳужайраларимни зўриқишига сабаб бўлган овоз эшитилади. Олтинчи бригада чақирувга, олтинчи бригада зудлик билан чақирувга…., бу сафар овоз ташвишли эди. Ярми ейилган сомсани ташлаб чақирувга шошдим, Диспетчердан чақирув картасини оларканман, у менга ёрдамга кетаётганимизни, 2-шаҳобча чақирувлари кўплиги сабабли улгурмаётганини ва 1 соат кечикиши бўлган чақирувга бориб ёрдам бериб келишимизни сўради. Тишларимни орасида қолган сомса бўлакларини сўрганча навбатдаги чақирувга йўл олдик. Чақирув картасига қарадим, чақирув 13:20 да тушган, бизга эса 14:20 да берилган. Манзилга етиб келганимизда соат 14:42 эди. Кўчада 7-8 киши сабрсизлик билан бизни кутиб турарди. Тез ёрдам машинасини кўришлари билан қўлларини кўтариб, имлаб уй дарвозасига ишора қилишарди. Шундан билдимки вазият оғир. Дарвоза яқинига тўхтадик, машина ғилдираклари айланишдан тўлиқ тўхтамай туриб уй эгалари машина эшигини очиб мени тортиб «тушириб» қўйишди. Атрофга қарадим бу ерда ўнтадан кўп одам бор. Уларни ичида бўлган аёллар бақира кетишди, «нима қилиб юришибсан шу пайтгача», «чақирганимизга икки соат бўлди». Тажрибамдан биламанки бунақанги гапларга жавоб қайтармаган маъқул. Чунки улар ҳозир тушунадиган аҳволда эмас. Шунинг учун ичкарига шошилдим. Энг тўғри йўл шу. Олдимда 3-4 киши мени бемор ётган хонага бошлаб кетяпти, фельдшер орқамда сумкаси билан, уни орқасидан яна 5-6 та уй эгалари келяпти. Хонага кирдим, биринчи кўрганим, 50-55 ёшлардаги аёл ерга солинган жойда ётибди. Устига икки қават кўрпача ташланган. Миямга келган дастлабки нарса у ҳушидамикин. Беморни ёнига бордим у ҳушида, адекват, саволларга жавоб беряпти, бироқ негадир гапига тушунишга қийналяпман, ориентация сақланган. Негадир биринчи ҳаёлимга келган нарса истерик невроз бўлди, йўқ унчалик тортмаяпти, текширувни давом эттираман. Устидаги кўрпачаларни олиб ташладим. Ҳаммаси аён бўлди, қўл ва оёқлар ҳолатида симметриклик йўқ, ўнг томонлама фалажлик, бемордан тилини чиқаришини сўрадим, яққол девиация. Ҳа, ташхис аниқ, мана нега беморни гапини тушунишга қийналганман, дизартрия, бу ИНСУЛЬТ.    Дарҳол қон босимини ўлчадим, 160/90. Бу вақтда атрофимдаги аёллар мени номимга бисотларидаги барча «ширин» сўзларини айтишаётган эди. Шу пайт 40 ёшлардаги эркак сўради. Нима бўпти ўзи доктор? Бу инсульт беморни тез шифохонага ётқизиш керак! Ёшроқ йигитга ҳайдовчидан носилка олиб келишини айтдим. У югуриб чиқиб кетди ва бир пасда қўлида носилка ва ҳайдовчи билан бирга кириб келди. Носилкани беморни ёнига қўйдим, беморни оғирлиги тахминан 100 кг келади, бир.. икки.. уч… қани кўтардик. 3 киши амаллаб беморни машинага олиб чиқдик. Мен ҳар доимгидек олдинга ўтирдим, орқага беморни синглиси ва фельдшер чиқди. Ҳайдовчи сиренани ёққанча шифохона томон тезликда ҳаракатланиб борарди. Машинада ўтирган беморни синглиси эса бизни айблашдан чарчамасди. Мен бу гапларга жавобан беморни исми, фамилияси, ёши ва касалик тарихига оид бир нечта саволлар берардим. Аёл эса ҳар бир саволимга жавоб бериб бўлиб, яна ўша мавзусини давом эттирарди. Тез ёрдам машинаси силтаниб, тез ҳаракатланишида тиббий картага маълумотларни аранг тушириб борардим. Ниҳоят шифохонага баланд сирена овозида кириб келдик. Беморни дарҳол каталкага олиб, реанимацион залга шошдик. Коридордан ўтиб борарканмиз,  навбатда турган беморлар бизни кузатиш билан овора эди. Реанимацион залга киргач, беморни навбатчи шифокорга топширдим. Шифокорни нима билан, деган саволига, ОНМК дедиму қўлига алмашинув картасини тутқаздим, у ҳамширага невролог ва реаниматологни чақиришни буюрди. Ниҳоят енгил нафас олдим. Реанимацион залдан чиқар эканман беморни қолган қариндошлари ҳам етиб келишганини кўрдим, улардан бири келиб опамизни аҳволи қандай деб сўради. Беморни мутахассислар текширишяпти, ҳозир чиқиб аҳволи ҳақида маълумот беришади дедим. Машинага ўтириб олтинчи бригада бўшаганлигини айтдим, базага деган жавоб бўлди. Базага йўл олдик, лекин бу сафар ҳеч биримизни юзимизда табассум йўқ эди. Хонага чиқдим, дастурхон олдига келиб совуган тушлигимга қарадим. Бироқ энди аввалги иштаҳадан асар ҳам йўқ. Дастурхон устида қаққайганча турарканман, ҳаёлимдан аёлнинг сўзлари ўтарди.

Ахир биз ҳозиргина кимнидир ҳаётини қутқариб қолдик, эшитяпсизми ҳаётини сақлаб қолдик, бу оддий гап эмас. Кимнидир ҳаётини сақлаб қолиш ҳар кимга, ҳар доим ҳам насиб қилавермайди. Ўйланаман, йиллар ўтиб, шу бемор аёл бизни эслаб кўнглида миннатдорлик туйғусини ҳис қилармикин? Шу аҳволда билмадим қанча ҳаёл сурдим, радиотармоқдан эса яна ўша таниш овоз эшитилди, олтинчи бригада чақирувга, олтинчи бригада чақирувга…!

И.Мамажонов, 

шифокор

Дўстларингизга улашинг: