Вояга етмаган болаларнинг ўз жонига қасд қилишининг сабаби  нимада?

Бугунги кунда ўсмирлар ўртасида суицид ҳолатлари кўп учрамоқда. Вояга етмаган болаларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига нима сабаб деб ўйлайсиз? Унинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш керак? Балки бу нотўғри тарбия ҳосиласидир?…

Ҳозирда кўп ёшлар интернетдан фойдаланишини инобатга олиб, турли сайтларда, ижтимоий тармоқларда ёзилган ва турли форумларда шу мавзуда ўз фикрларини ёзиб қолдирган бир қатор ёшларнинг фикрини ўрганиб чиқдик ҳамда айримларини чоп этишга аҳд қилдик.

Масалан, Ўктам деган фойдаланувчи «Катталарда бу ҳолат «Иродасизлик» деб баҳолаган. Вояга етмаган болаларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати нотўғри тарбия ҳосиласи»,- деб ёзади у.

-«Ўтиш ёши (переходный возраст)» деган тушунча бор. Бу пайтда боланинг нафсонияти жуда таъсирчан, дунё кўзига бошқача кўриниб, баъзан бу ёруғ оламда ўзини ортиқча, деб биладиган бўлиб қолади. Ўсмир қанчалик қўрс, терс бўлиб қолмасин, у билан имкон қадар хушмуомалада  бўлган маъқул. Акс ҳолда..,- деб деб фикр билдирган ўқитувчи   Шокир Далимов.

Шу сўзларни маъқуллаб яна бир мухлис шундай ёзади: Тўғри айтасиз, чунки бу ҳолатни ўзим бошимдан ўтказганман, ҳозирда икки ўғлим шу ёшда. Уларга «битта гап» кам, «иккитаси» ортиқча, шунинг учун иложи борича «бир яримта» гап топиб гапиришга ҳаракат қиламан.

Шокир Далимовнинг таъкидлашича,  Суицид ҳақида кенг доиралар, оммавий жойларда кўп гапириб бўлмайди. Негаки, омма орасидаги муайян киши фақат ўзига маълум сабаблар туфайли бундай ҳаракат ҳақида ич-ичдан ўйлаб юрган, ўз жонига қасд қилиш хаёли онгининг тубида шаклланиб қолган бўлиши мумкин. Одамлар орасида суицид ҳақидаги фикр-мулоҳазалар кенг тарқалиб, русум бўлиб қолиши эса ушбу кишига ғоядан амалий ишга ўтишга туртки беради.

Эсимда, оила даврасида ўхшаш гаплар очилиб кетадиган бўлса, энам раҳматли қўли билан биз ёш болаларнинг қулоғини «киш-киш» деб елпиб қўяр эди. Ёмон гаплар кириб, ўрнашиб қолмаслиги учун бўлса керак-да…

-Ҳамма гап тарбияда. Яқинда бир сайтда қуйидаги фикрни ўқиб қолдим:

«Яхши фарзанд тарбия-ламоқчи бўлсанг, унга икки марта кам пул сарфлаб, 2 марта кўп вақтингни ажрат».

-Суицид келтириб чиқарадиган энг хавфли ёш бу 18 — 29 ёшлар ораси саналади, -деб изоҳлайди Наргиза Саидова.

Яна бир фойдаланувчининг фикрича, кўпинча меҳрга тўймаган болаларда шундай ҳолат кўп учрайди. Бунга ҳатто бир томондан безарар бўлиб кўринган ҳар хил, ўзида ваҳшийлик, террорни, урушни мужассам этган компpютер ўйинлари, видео роликлар бунга туртки бўлиши мумкин. Ҳар бир ота-она психолог бўлиши шарт, ҳозирги замонда, турли хил информацион жараёнлар даврида болани ҳар бир шубҳали ҳолатига бефарқ бўлиш керак эмас,-дея ўз фикрини якунлайди у.

Менинг фикримча, ўзини ўзи ўлдириш учун болада ишончсизлик ҳосил бўлиши керак. Бу авалламбор ўзига ва ўз кучига бўлган ишончсизлик. Бу ҳиссиёт эса болалигида ота-онанинг унга бўлган ишончсизлиги туфайли юзага келади. Болани кичиклигидан ўзига ишонадиган қилиб катта қилиш керак шунда унинг синиши қийин бўлади. Бунинг учун энг биринчи қадам бу ота-онанинг боласига кўрсатадиган чексиз меҳри ва эътиборидир.

Ешлигидан ота-онасидан ҳақиқий меҳр ва эътиборга тўйинган бола ҳаётда бахтли яшаб кетиши осон бўлади.

«Маестро» деб номланган форум фойдаланувчиси эса шундай жумлаларни ёзади: Мен бу соҳада мутахассис эмасман. Шундай бўлсада, ўз фикримни билдириб ўтсам: -Болалар ўртасидаги суицидларга иқтисодий масалалар ҳам балки сабабдир, лекин асосий эмас. Суицидга қўл урган, бироқ омон қолган болалар ва ўсмирларнинг 70 фоизи бу ишга асосий сабаб қилиб мактабдаги муаммоларни кўрсатишган (мактабдошлари билан, ўқитувчилар билан муносабатлар, давомад ва ҳ.к.). Ваҳоланки, мактабдаги муаммоларнинг бошланиши оилага бориб тақалади.

Оилада болага прес-сингни умуман йўқотиш керак. «Онанг билан иккимиз эшакдек ишлаб, сенларни вояга етказаяпмиз. Яхши ўқиб, кейин институтларга кириб кетинглар. Ахир келажакда бизни боқасизлар, бор умидимиз сизлардан. Ишқилиб, юзимизни ерга қаратманглар. Нақд эл-юрт олдида шарманда бўламиз!» деб болага улpтиматум қўйиш керак эмас! Тўғри, бола балки шунда янаям ҳаракат қилар, бироқ «ўхшамай» қолса нима бўлади? «Нима қилиб қўйдим!» деб бир бало қилмайдими ўзини? Шунингдек, «яхши  ўқимасанг, олий маълумот-ли бўлмасанг -одам бўлмайсан» деган тўмтоқ ва умуман асоссиз ғояни бола миясига сингдириш керак эмас. Япония ва Кореяда ўсмирлар ўртасидаги суициднинг «пик» пайти йилнинг қайси вақтига тўғри келишини биласизми? Институтларга кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилингандан кейинги давр экан. Албатта, «энди ҳаммаси тамом!». Мияга қуйиб бўлинган!

Форумда ёзиб қолдирган Диля Хасанова шундай деб ёзади: Менинг фикримча ҳар бир ўсмирнинг миясидан ўз жонига қасд қилиш фикри ўтса керак.. Лекин уни амалга ошириш ёки оширмасликка юқорида айтиб ўтилгандек ота-оналар ва атроф-муҳитнинг таъсирига боғлиқ бўлса керак. Масалан, ўзим ҳам оддий оилада яшаганман, ҳар доим ўқишим аъло бўлган, ота-онам истаган нарсамни олиб беришган. Лекин миямда камида юз марталар жонимга қасд қилиш «схемалари»ни ўйлаганман. Сабабини ўшандаям билмаганман, ҳозир ҳам билмайман.  Балки бу шунчаки ўсмирлик гармонлари билан боғлиқ ҳолатдир…

Биз ёш авлодга маданиятни, ҳар ҳил касбларни ўргатиш билан бирга уларнинг руҳий олами ва маънавиятини бир оз эътибордан четда қолдириб катта хатога йўл қўямиз. Фалсафий олим ва шоир Шайҳ Саъдий Шерозий ўз байтида шундай дейди:

Устина китоб ортилган эшак,

На олимдир,  на фозилдир бешак.

Жисми соғлом бўлса ҳам маънавиятсизлик, руҳий оламини тарбиялаш-ишлардаги кечикиш ёки ҳатолар орқага қайтариб бўлмас фожеаларни келтириб чиқаради. Демак, ота боболаримиз амал қилиб келган миллий  урф-одатлар ва илм-маданиятни ёш авлодга ҳам сингдириб беришимиз зарур.

Дўстларингизга улашинг: