Фарғонага 15 та замонавий гемодиализ аппаратлари олиб келиб ўрнатилди

Муҳтарам Юртбошимиз 2020 йил 29 декабр куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида аҳоли орасида сурункали буйрак касалликлари кўпайиб бораётганлиги, беморлар орасида сунъий буйрак аппаратига, яъни, гемодиализ муолажаларига эҳтиёжнинг юқорилигини бартараф этиш учун 2021 йил республикамизда 5000 нафар беморларга гемодиализ муолажаларини бепул ўтказиш кераклиги тўғрисида тегишли топшириқ берилган эди. Ушбу   топшириққа асосан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Фарғона вилоятига Германиянинг Fresenius medical фирмасида ишлаб чиқарилган 15 та замонавий гемодиализ аппаратлари олиб келиб ўрнатилди.

Фарғона  вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига 10 та ва вилоят эндокринология шифохонасига 5 та гемодиализ ускуналари ажратилиб, дастлабки синовлардан мувафақиятли ўтди ҳамда беморларни қабул қилиш учун тайёр ҳолатга келтирилди.

Бугун иккала муассасада янги ташкил этилган “Экстракорпорал детоксикация” (гемодиализ) бўлимларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хусан Мамажонов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, эндиликда гемодиализ муолажалари учун вилоятдаги бошқа муассасаларда навбат кутиб, қийналиб юрган беморларга шу ернинг ўзида юқори малакали шифокорлар томонидан бепул ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.

Янги бўлимларнинг очилиши гемодиализ муолажаларига муҳтож берморларни чексиз қувонтирди. Улар муҳтарам Юртбошимизга, соҳа раҳбарларига миннатдорчилик билдириб, раҳматлар айтишди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг