Коронавирус: Фарғонада назорат кучайтирилмоқда

Март ойида мамлакатимизда коронавирус билан касалланганлар сони ортгани жиддий хавотир уйғотди. Айниқса, Тошкент шаҳрида эпидемиологик вазият кескинлашди. Ўтган суткада пойтахтда 143 кишида, Ўзбекистон бўйича 186 нафар фуқарода коронавирус аниқланди. Бу жорий йилдаги антирекорддир. Ачинарлиси, 10 февралдан буён илк марта ўлим ҳолати қайд этилди.

Фото: fviib.uz

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган қатъий карантин чоралари ҳамда вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган самарали тизими натижасида касаллик ҳолатлари бирмунча камайди. Лекин карантин чоралари босқичма-босқич енгиллаштирилиши туфайли аҳоли ўртасида хотиржамлик, лоқайдлик вужудга келди. Юзга ниқоб тақиш, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, мунтазам антисептик воситалардан фойдаланиш каби санитария-гигиена ва касаллик юқтирмасликнинг муҳим тартиб-қоидалари унутилди.

Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани муносабати билан кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишининг олдини олиш мақсадида қатор таклифларни маъқуллади. Жумладан, жорий йилнинг 24 мартидан бошлаб жамоат жойларида, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида тиббий ниқобдан ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш бўйича санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этилиши юзасидан назорат кучайтирилди. Уй шароитида даволанаётган беморлар саломатлиги назорати ва даволанишини ташкил этиш мақсадида зарурат бўлган ҳудудлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида мобиль бригадалар фаолияти қайта йўлга қўйилди.

1 апрелдан бошлаб тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш жорий этилади.

Театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда эса томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда бўлишларини таъминлаш, сиғимга қараб томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик, уларнинг тана ҳарорати назоратини ўрнатиш, ўриндиқлардан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланиш, томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно), сотилаётган чипталарга «Фақат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг» ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликка чақириш чоралари кўрилади.

Коронавирус балоси ҳали-вери атрофимизда экан, асло хотиржамликка берилиб бўлмайди. Фуқароларимиздан коронавирус касаллигининг олдини олиш учун шахсий масъулиятларини оширишларини сўраймиз. Белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилсак, оиламиз, маҳалламиз, халқимизни асраган бўламиз!

Ғуломжон ЯКУБОВ,
вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат
саломатлиги хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг