Шифокорга тажовуз: маст фуқаро шифокор аёлни калтаклади

Шу йилнинг 24 март куни кечки пайт соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида текширувга олиб келинади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Ташпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганлигини билдирган.

Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганлигини ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган. Бу ҳам етмагандек бемор У.Н. тўсатдан шифокор Н.Ташпўлатовага оғир тан жароҳати етказган.

— Шифокор Н.Тошпулатовада бош мия шиши асорати кузатилиб, “Кўшма краниофациал жароҳат. Oғир даражадаги бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳаларни юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея” ташхиси билан нейрореанимация бўлимига ётқизилди, — дейди ушбу марказ директори Дониёр Алимов. — Айни пайтда у кучли карахтлик даражасида бўлиб, оғир аҳволда даволанмоқда. Бемор атрофдагиларга секин реакция бериб, мулоқотга киришишга қийналмоқда.

Хизмат вазифаси вақтида бемор томонидан ноҳақ калтакланган шифокор Н.Ташпулатова 2017 йилдан буён шифокор-токсиколог лавозимида ишлаб келмоқда, ўз хизмат вазифасини клиник протоколларга риоя қилиб, талаб даражасида бажариб келган.

Охирги пайтларда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, шифокорларнинг соғлиғига оғир зиён етказиш, таҳқирлаш ҳолатлари яна учраб тургани барчамизни ташвишга солмоқда. Пандемия авж нуқтага кирган энг оғир даврларда ҳам, ҳозир ҳам шифокорларнинг халқимиз саломатлиги йўлида фидойилик билан қилган меҳнатларига барча гувоҳ бўлиб турибди. Шифокор ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайди, аксинча, ҳузурига шифо истаб келган ҳар бир беморга бор куч-салоҳияти, билимини ишга солиб беғараз кўмак беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органларидан жамиятимизда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини талаб қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг