«Ўзбегим аёли-2021» Миллий мукофоти соҳибалари

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида «Milliy» телеканали томонидан таъсис этилган «Ўзбегим аёли — 2021» миллий мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Фото: «УзА»

Юртимизда умрини эзгуликка бағишлаган, фидойи меҳнати билан Ватан равнақига ҳисса қўшаётган матонат соҳибалари кўп. Уларнинг хизматлари, ҳиммати, фидойилиги, ўз ишига садоқати ва жасорати таҳсинга лойиқ.

Бу йили ҳам мазкур мукофотга турли ҳудудлардан 100 нафардан ортиқ номзодлар тавсия этилган бўлиб, уларни саралашда даъвогар аёлларнинг жамиятдаги роли, иш фаолиятидаги жасорати, мураккаб кечган пандемия шароитидаги хизматлари алоҳида эътиборга олинди. Улардан фаолияти энг яхши деб топилганлари «Ўзбегим аёли» Миллий мукофотига муносиб кўрилди.

Тақдирланганлар ичида тиббиёт ходимларининг борлиги диққатга сазовордир.

Жумладан, Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кардиохирурги Нисо Турдиева,  «Тез ёрдам» телелойиҳаси мутахассислари, Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси клиник протоколлари ва стандартларини ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова, «De-factum laboratories» клиникаси иммунолог шифокори Азиза Хўжаева, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий амалий тиббиёт маркази илмий ходими мутахассиси Дилдора Секлер ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти илмий ходими, Раъно Қосимовалар «Ўзбегим аёли- 2021» миллий мукофотига лойиқ топилди.

—Болалар юрагида жарроҳлик амалиётини ўтказиш ғоят мураккаб ва масъулиятли жараён, — деди Ўзбекистондаги ягона кардиожарроҳ аёл шифокор, хориждаги карьерасини ташлаб юртимизга болаларни даволаш учун келган Нисо Турдиева. —Бу жараёнда асосий натижа— жажжи бемор юрагининг қайтадан ишлаб кетишини кўриш олий бахтдир.

Тадбирда мукофотлар ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг