Фарғонада 600 минг нафардан зиёд аҳоли коронавирусга қарши бепул эмланади

Жорий йилда 600 минг нафардан ортиқ фарғоналиклар COVID-19га қарши вакцина билан мутлақо бепул ҳамда босқичма-босқич эмланиши режалаштирилган.

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилоят бошқармаси Иммунопрофилактика бўлими мудири Анвар Яруллин “Фарғона шифокори” газетасига маълум қилди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши эмлаш фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади.

Биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган қуйидаги шахсларни эмлаш назарда тутилади.

Хўш, улар кимлар ва нечта?

  • Вилоятда эмланадиган 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар 187 830 нафар;
  • сурункали касалликлари бор шахслар 310 534 нафар;
  • тиббиёт ходимлари 51 260 нафар;
  • мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари 107 164 нафарни ташкил этмоқда.

—Хабарингиз бор, яқинда бошқармамиз учун БМТнинг Болалар жамғармаси ЮНИСEФ томонидан 1 та музлаткичли юк машинаси ва 19 та Miniven-Labo автомобиллари топширилди. Ундан вилоят бўйлаб аҳоли эмланганлигининг мониторингини олиб бориш, сифатини янада яхшилаш учун фойдаланилади, — дейди Яруллин. —Бугунги кунда иммунизация аҳоли орасида касалликларни олдини олишда асосий вазифалардан биридир.

Вакциналарни ўз вақтида тақсимлаш эса муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ушбу автомобиллар вилоятнинг барча ҳудудларига сифатли вакциналарни етказиб беришни таъминлашга хизмат қилади.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг