Нажот фаришталари

Риштон тумани “Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бугунги кунда 100 нафарга яқин “Covid-19”га гумонланувчилар даволанмоқда.

Шифохона фойесидаги миннатдорчилик мактубларини кўздан кечирдик. Саломатлик посбонларининг фидокорона меҳнати, кўрсатилаётган эътибор ва хизмат эътирофи эди бу мактублар.

Мана, ўша миннатдорлик мактубларидан айримлари:

“Ушбу шифохонага 15 декабрь куни коронавирус ташхиси билан даволаниш учун Марғилон шаҳридан келдим… Ҳақиқий фидойи инсонлар борлигига ишонч ҳосил қилдим. Айниқса, биринчи куниёқ тушкунликдан чиқишимизга кўмаклашган, ширин сўзларини аямай, нафақат дори-дармон, балки меҳрли сўзлари билан қалбимизга илиқлик бахш этган шифокорларга чексиз миннатдорлик билдираман. Шифохона ходимларига, айниқса, шундай шароитлар, дори-дармонлар, аппаратуралар учун Президентимизга ташаккур айтамиз”.

Моҳирахон Шокирова.

***

“Бугун юрагим тўла қувонч. Бу кунларга етиб келамизми-йўқми, деган ҳадик ҳукмрон эди қалбимизда. Дастлаб “пешонада борини кўраверамиз” деб, шифохонага ётқизишларига қаршилик ҳам қилгандик. Ишонасизми, бизга фаришталардек кўринди бу ердаги шифокорлар. Аллоҳга беадад шукур, бугун соғ-саломатмиз, уйга қайтяпмиз. Оқ кийимли, оқкўнгил фаришталарни бир-бир бағримизга босишга тайёрмиз. Барча шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа ходимларга бошимиз ерга теггунча таъзимдамиз”.

Охунжон  ва Ҳикоятхон Тешабоевлар.

***

“Биз, Риштон туман “Covid-19” марказидаги С блок 105-хонада даволанувчилар, шу бўлим шифокор ва ҳамшираларига, кичик ходимларига сифатли ва сидқидилдан қилган хизматлари учун миннатдорчилик билдирамиз”.

Тожали Муҳаммадиев, Илҳом Мусинов, Исомиддин Икромиддинов, Турсунбой Мўминов.

Юртдошларимизнинг самимий дил изҳорлари бу ердаги заҳматкаш тиббиётчиларимиз фаолиятига берилган юксак баҳо десак янглишмаймиз. Ҳар қандай рағбату мукофотдан-да юксакроқ, унвону ёрлиқлардан-да қимматлироқ эътироф бу сўзлар. Аслида ҳам, бемор дуоси, кўпчилик олқиши, халқ назаридан улуғроқ мақтов бўлмаса керак.

Бахтимизга ҳамиша соғ-саломат бўлинг, шифокорлар! Халқимиз саломатлигини асраш йўлида ҳеч қачон чарчаманг, оқ халатли фаришталар!

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг