Носвойни тақиқлаш кашандаликни авж олдирмайдими?

Барчага яхши маълумки Ўзбекистонда носвой истеъмол қилаётганлар яқин йиллларда пайдо бўлгани йўқ. Умуман носвойнинг ўзи яқинда пайдо бўлмаган. Аммо нега бу ҳақда энди ўйлаб қолинди? Носвой савдосини чеклаш, тамаки истеъмолининг ошиб кетишига сабаб бўлмайдими? Носвой чекиш саратонга олиб келиши қанчалик ҳақиқат?

Фото: EVERYDAY.UZ

Шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консултанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуровга юзландик.

Шуҳрат Шукуров, тиббиёт фанлари номзоди: – Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2008 йилдан носвой масаласини кун тартибига қўйган. Истеъмолни тартибга солиш ёки таъқиқлаш масаласи бир неча бор мутасадди ташкилотлар билан бир неча бор, муҳокама қилинган. Шу кунга қадар қатъий қадам қўйилмаган эди. Мамлакатимизда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги тузилган. Aйнан шу агентликка мамлакатимизда тамаки истеъмолини камайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилган эди. Aгентлик билан ССВ хамкорликда чекилмайдиган ёки тутунсиз таьмаки маҳсулотларнинг сиёсати қандай бўлиши масалаларини мухокама қилдик.

Носвой қўлбола усулда, уй шароитида тайёрланиши, бу эса ҳар қандай санитария-гигиена талабларига риоя қилмаган ҳолда ишлаб чиқарилишини ҳамда тартибга солиш жуда мушкул эканилигини ҳисобга олиб, жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда уни тақиқлаш таклифи берилди. Носвой истеъмоли аҳоли саломатлиги ва иқтисодиётга ҳам жиддий зарар етказишини эътиборга олган ҳолда, ССВ ўз навбатида бу таклифни қўллаб қувватлади.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Нос чекаётганлар, кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Носнинг зарари ҳақида нега энди гапириляпти ёки Ўзекистонда аҳвол жиддийми?

Ш.Ш.: – Aгар Марказий Осиё мамлакатларига эътибор берадиган бўлсак, бу масала Ўзбекистон учун ката муаммо ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2014 йилда ўтказилган таҳлилда, 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 12 фоизи, эркакларнинг 42 фоизи яьни ҳар 4 дан бири носвой истеъмол қилиши аниқланган. Aёллар орасида носвой чекиш у қадар оммалашмаган ва уларнинг кўрсаткичи 0,2 фоизга тенг.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, 13 дан 15 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида носвой чекиш кўрсаткичи 6 фоизни ташкил қилади.

Ф.Н.: – Носни чеклаш, ишлаб чиқарилишини тақиқлаш ҳақида гапираяпмиз, лекин бунинг ҳаммаси психология билан боғлиқ. Бир неча йилдан буён носвой истеъмол қилиб юрган одам дарҳол ундан воз кеча олмайди, балки уни ўрнини тамаки ёки турли психотроп воситаларга алмаштириши мумкин. Бу ҳавфли эмасми?

Ш.Ш.: – Чекувчилар фикрини ўрганадиган бўлсак, носвойни чекишни ташлаш, сигаретдан воз кечишдан ҳам қийин. Aгар биз носвой истеъмоли ва уни ишлаб чиқаришни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, бу ҳолатга кўз юмсак вазият яна ҳам мураккаблашиб боради. Ҳозирги кунда носвой билан биргаликда, замонавий никотинли ва таъмакили снюслар кириб келмоқда. Замонавий тутунсиз тамаки махсулотларини истеъмол қилиш кенг тарқалмаган бўлса ҳам, ҳозирги кунда агар биз қатьий бир қадам қўйиб шу носни чекишни, тутунсиз тамаки воситасини ишлаб чиқаришни, уни сотилишини тақиқламасак кейин анча кеч бўлади. Aҳвол яна мураккаблашади, бу эса ўз навбатида аҳоли саломатлигига ва мамлакатни иқтисодиётига ўнглаб бўлмас зарар етказади.

Ф.Н.: – Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган хабарларда, носвой чекиш саратонга олиб келади дейилганди. Бу ҳақида нима дея оласиз. Умуман носвой чекиш ва тутунсиз тамаки маҳсулотларини истеьмол қилиш инсон организмига қанчалик таъсир қилади?

Ш.Ш.: – Гапни носни таркибидан бошлаш маъқул бўлса керак. Чунки шунга қараб, унинг зарарини тушунишимиз осон бўлади. Демак носни таркибида биринчидан тамаки, сўндирилган оҳак, кул ва бир қанча ширин таъм берувчи қўшимчалар, ароматизаторлар қўшилиши мумкин. Баъзи бир маълумотларга қараганда, ишлаб чиқарувчилар мижозларни жалб қилиш учун носга психотроп моддаларни қўшиш тўғрисида маълумотлар ҳам бор.

Нос биринчи оғиз бўшлиғига тушгани учун, оғиз бўшлиғи яраси, тишларни бузилишига, кариес касалликларига олиб келади. Нафақат оғиз бўшлиғи, бош мияга, жигарга, буйракка ва бошқа органларга ҳам таъсир қилади. Носвойнинг марказий асаб тизимига таъсир қилиши оқибатида болаларнинг жиззаки бўлиб қолиши, хотиранинг ёмонлашиши, қабул қилишнинг пасайиши кузатилади. Оқибатда болаларнинг шахсияти ўзгаради.

Носни давомий истеьмол қилиш саратон касалликларига сабаб бўлади. Оғиз бўшлиғи саратони, тил, лаб, ҳиқилдоқ, қизил ўнгач, ошқозон, ошқозон ости бези саратонлари шулар жумласидан.

Ҳисоб китобларга қараганда Ўзбекистонда давомий носвой истеьмол қиладиган эркаклар сони 1 700 000 ни ташкил этади. Уларнинг ярмиси, демак 860 000 га яқин эркак, юқорида айтиб ўтилган касалликлар туфайли ҳаётдан барвақт кўз юмади.

Албатта, нос чекишни ташлаш жуда қийин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги носни умуман ташлаш кераклигини тавсия қилади. Aлбатта нос чекишни ташлаш қийинлигини эьтиборга олган ҳолда, агар қонун қабул қилинадиган бўлса, бир йилдан кейин, носни тақиқлаш кучга киради. Бу вақт ичида нос чекадиганлар ўйлаб кўришади, чекишни ташлаш керакми, ташлаш керак эмасми, ёки бошқа тамаки маҳсулотларига ўтиш керакми албатта ўйлаб кўриш керак. Бу вақтда соғлиқни сақлаш тизими шифокорлари тамаки ва нос чекишни ташлаш бўйича уларга маслаҳат бериш тизимини такомиллаштирамиз ва тиббиёт ходимларини шунга тайёрлаймиз.

Ф.Н.: – Носвойни чеклаш тамаки истеъмоли ошишига сабаб бўлмайдими?

Ш.Ш.: – Бу қонун лойиҳаси, комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган. Нафақат тутунсиз тамаки маҳсулотларига балки, тутунли тамаки маҳсулотларига ҳам кескин чоралар кўзда тутилган. Биринчиси, демак, ҳозирги кунда қонунда 20 ёшгача бўлган шахсларга тамаки сотмаслик белгиланган.

Ф.Н.: – Белгилангани ўз йўлига, лекин белгиланган нарсага эьтибор қаратмаяпмиз-ку.

Ш.Ш.: – Гапингизга қўшиламан. Мен сизга сабабларини ҳам айтиб бераман. Биринчидан, бизда қонун лойиҳасида 20 ёшни 21 ёшга кўтариш кўзда тутиляпти. Кўча савдоси, тамакини сотишга нисбатан чоралар янада кучайтирилган. Чеклов чоралари янада кучайтирилган. Ҳозирги кунда ҳам тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида сотиш мумкин эмас, лекин аҳвол ўзингизга маълум. Бунга деярли риоя қилинаётгани йўқ. Мактаб ва боғча атрофларида 200 метр атрофида сотиш мумкин эмас. Лекин афсуски, бу норма ҳам деярли ишлаётгани йўқ.

Реклама масаласи, ҳозирги қонунда фақат реклама қилиш тақиқланади деб кўрсатилган. Энди тамаки маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар қонунни ҳар қанақасига айланиб ўтиб ўзининг маҳсулотини сотишга ва кўпайтиришга ҳаракат қилади. Сотиш жойларини, агар эьтибор берган бўлсангиз, ўша баннерлар, махсус шкафлар ёки жавонлар, чиройли қилиб териб қўйилган тамаки маҳсулотлари, уларни катталаштирилган вариантлари, ҳаттоки ҳозирги кунда нос сотиб оладиган бўлсангиз, умуман тамаки маҳсулоти сотиб оладиган бўлсангиз, акциялар ҳам купонлар ҳам кенг урфга кирган. Мана бу масалани биз кескин чеклашга киришдик.

Биринчидан, реклама ва сотувни рағбатлантириш, унга хомийлик қилишни кескин чеклаш кўзда тутилган. Шунингдек, телевидение, радио, оммавий ахборот воситаларида ҳам чекиш жараёни тамаки маҳсулотларини кўрсатишни ҳам кескин чеклаш режалаштирилган. Яьни янги ишлаб чиқарилган киноларда, фильмларда тамаки чекиш жараёнини кўрсатиш мумкин эмас.

Қонунимизда тамаки 20 ёшгача бўлганларга тақиқланган деб кўрсатилган лекин механизими кўрсатилмаган. Бу қонун лойиҳасида сотувчилар агар харидор 20 ёшдан кичик кўринадиган бўлса, ёшини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиши керак. Aна шундагина тамаки маҳсулотини сотиш мумкин бўлади. Ва юқорида жуда ҳам тўғри савол бердингиз. Қонунимиз бор лекин уни ижроси деярли йўқ. Биз ички ишлар ходимларига мурожаат қилсак, улар жамоат тартибига маъсул эканликларини айтишади. 20 ёшгача бўлган шахсларга тамаки маҳсулотларини сотиш масаласи бўйича солиқ органларига мурожаат қилсак, бу бизни вазифамизга кирмайди, бу қонунда кўрсатилмаган, биз асосан солиқ йиғиш учун маъсулмиз, солиқ йиғиш масаласини назорат қиламиз деган сабабларни кўрсатишади. Қонун лойиҳасида ҳозирги кунда масъул бўлган ҳар бир ташкилотни вазифалари кўрсатиб берилмоқда. Яьни Ички ишлар вазирлиги нима қилиш керак, Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа бир неча шунга масъул бўлган ташкилотларни ҳам вазифалари ва ҳуқуқлари аниқ кўрсатиб берилган.

Ф.Н.: – Aгар Носвой ишлаб чиқариш ва сотиш тасдиқлансаю, лекин тадбиркорлар яширин йўллар билан бу савдо билан шуғуллансалар уларга қандай чора кўрилади?

Ш.Ш.: – Aгар қонун лойиҳаси маъқулланадиган бўлса, кейинги қадам демак қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришларни киритиш бўлади. Яьни тамаки махсулотларини ноқонуний ишлаб чиқарадиган, олиб кирадиган тадбиркорларга қатор ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритилган ҳолда чоралар кўрилади.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг