ОИВ инфекциясини тарқалишида меҳнат мигрантлари сабабчи(ми?)

Фото: «Sputnik Узбекистан»

Коронавирус — Covid-19 пандемияси жамиятнинг барча йўналишлари қатори ижтимоий соҳа тармоқларини ҳам жиддий синовдан ўтказмоқда. Шу билан бирга, пандемия даврида жаҳон аҳолисининг 80 фоизи карантинга тушиши натижасида дунё бўйича юзага келган иқтисодий инқирознинг аҳоли бандлигига таъсири ҳам сезиларли тус олди. Ушбу инқирозлар сабаб мамлакатимизга қайтариб олиб келинган фуқароларнинг карантин ҳудудларга жойлаштирилиши, ўрнатилган қатъий эпидемиологик тартиблар натижасида уларнинг ОИВ инфекциясига лаборатория текширувлари амалга оширилмай қолди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда вилоятимизда ОИВ инфекцияси тарқалишида меҳнат мигрантларини роли ўсиб бормоқда. Ушбу ҳолатлар вилоятда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазиятга жиддий таъсир кўрсатмоқда, яъни фуқаролар меҳнат мигранти сифатида чет мамлакатларда касаллик инфекциясини ўзларига юқтириб, қайтгандан сўнг, жинсий шерикларига ҳам ушбу хасталик ўтмоқда ёки юқиш хавфида қолдирилмоқда.

Шунингдек вилоятда ҳам ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятга меҳнат мигрантлари жиддий таъсир кўрсатмоқда. Вилоятдаги статистик маълумотларга кўра 2019 йил давомида чет элларда 3 ойдан ортиқ бўлиб қайтган 33194 нафар меҳнат мигрантларини 65 нафарида, 2020 йилнинг 9 ойида 27491 нафар меҳнат мигрантларидан 24 нафарида ОИВ инфекцияси аниқланган. Юртдошларимиз бегона юртларда тил билмаслик ва пала партиш жинсий алоқа билан шуғулланиши оқибатида ўзлари билмаган ҳолда ОИВ инфекциясини юқтириб келмоқда.

Касаллик юқтириб келгандан сўнг узоқ вақт тиббий кўрикдан ўтмасдан касалликни  оила аъзоларига асосан турмуш ўртоғига юқтириш ҳолатлари учраб турибди. Мазкур ҳолат нафақат мигрантларнинг, балки уларнинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи ва дунёга келиши мумкин бўлган фарзандлари саломатлига хам хавф туғдириб, ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида мигрантлар, уларнинг оила аъзолари орасида ОИВ инфекцияси тарқлишини олдини олиш борасида тушунтириш тарғибот ишларини олиб бориш, чет давлатлардан қайтган фуқароларни ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтишини таъминлаш, ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни улардан бошқаларга юқишини олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни кучайтиришни тақозо этади.

Пандемия даври ОИВ инфекциясига чалинишга таъсир кўрсатдими?
Короновирус пандемияси даврида, аҳолини ОИВ инфекциясига лаборатория текширувлари сони сезиларли камайиши, аҳоли орасидан касаллик вирусини юқтириб олганларни ўз вақтида аниқлаш кўрсаткичига таъсир этди.
Лекин, шунга қарамасдан, касалланишнинг интенсив кўрсаткичи Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Сўх, Данғара Учкўприк, Ўзбекистон, Боғдод туманларида вилоят кўрсаткичидан юқори бўлди.

Янги тартибга биноан ИИБ бўлими, Соғлиқни сақлаш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига чет элда бўлиб қайтган мигрантларни аҳоли ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалиб кетишини олдини олиш учун профилактика тадбирларини, тарғибот–тушунтириш ишларини кучайтиришни ҳамда 3 ойдан ортиқ муддатда бошқа давлатларда бўлиб қайтган мигрантларни тўлиқ ОИВ инфекциясига лаборатория текширувидан ўтказиш вазифаси юклатилган.

Лекин айрим шаҳар ва туманларда тартиб ижроси борасида меҳнат мигрантлари ОИВ инфекциясига              тўлиқ лаборатория текширувидан ўтказилмай қолмоқда. ОИВ инфекциясини чет эллардан юқтириб келган меҳнат мигранти ўз вақтида тўлиқ тиббий кўрикдан ёки ОИВ инфекциясига лаборатория текширувидан ўтмаса атрофдаги соғлом аҳоли учун хавфлидир.

Нима деб ўйлайсиз, бундай тиббий кўрикларни қатъий, мажбурий жорий этиш вақти келмадимикин?

 С.Ғаниев,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази методик-профилактик ва эпидемияга қарши ишларни ташкил этиш бўлими санитария врачи

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг