Суд тизимини демократлаштиришнинг навбатдаги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан хар йили Олий Мажлисига йўлланадиган мурожаатномада жорий йилда мамлакатимизда амалга оширилиши лозим бўлган асосий ислоҳотларнинг моҳияти ва йўналишлари белгилаб берилиши анъана тусига кириб улгурди. Зеро, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган концептуал йўналишлар, мазкур йилда амалга ошириладиган давлат сиёсатининг ўзагини белгилаб беради.

2020 йил 29 декабрь куни мамлакатимиз Президенти томонидан Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатнома йўлланди. Мазкур мурожаатномада барча сохаларда бўлгани каби 2021 йилда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши назарда тутилган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, Президентимиз томонидан ушбу йилда “Бир суд бир инстанция” тамойили жорий этилиши айтилди. Мурожаатда бир судда кўриб чиқилган иш ушбу судга қайтарилмаслиги, бир-бирини такрорлайдиган судлар бекор қилиниши таъкидлаб ўтилди.

Мазкур тамойилнинг жорий этилиши суд тизимини демократлаштириш яъни, халққа яқинлаштиришда мухим қадам бўлиб хизмат қилади. Ҳозирги кунга қадар вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар юзасидан апелляция ёки кассация тариқасида шикоят берилган тақдирда, шикоят биринчи инстанция тариқасида ишни кўрган суднинг ўзи томонидан қайтадан кўрилар эди. Бу тартиб фуқароларда шикоят асосида ишни қайта кўриш тартибига нисбатан ишончсизлик хиссини юзага келтиргани бор гап.

“Бир инстанция бир суд” тамойили дорасида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар юзасидан апелляция шикояти берилган тақдирда, шикоят Олий суд томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу эса судларда ишларни қайта кўриш институтининг такомиллашувига асос бўлиб, суд тизимининг демократлашуви йўналишидаги навбатдаги мухим қадамлардан бири хисобланади.

Ў.Пўлатов,

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси.

Б.Юлдашев,

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг