Ўзбекистонда носвой тайёрлаш ва сотиш тақиқланиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон тутунсиз тамаки (носвой) истеъмол қилиш бўйича биринчи ўринда туради.

«rost24″нинг ёзишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганилганда қуйидагилар аниқланган: Ўзбекистон аҳолисининг 12 фоизи, эркакларнинг 23,2 фоизи, яъни ҳар тўрттадан биттаси, аёлларнинг 0,2 фоизи носвой истеъмол қилади. Тамаки истеъмолчиларининг 90 эса фоизи носвой истеъмол қилади.

Бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида носвой истеъмол қилиш кўрсатикичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда – 5,2 фоиз, Қозоғистонда – 1,3 фоиз, Туркманистонда – 1,4 фоиз.

Бундан ташқари, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг 13-15 ёшдаги ўсмирлар орасида истеъмол қилинишининг даражаси ҳам Ўзбекистонда қўшни мамлакатларга қараганда энг юқори — 6 фоиз. Бу кўрсаткич: Қирғизистонда – 5,1 фоиз, Тожикистонда — 1,8 фоиз, Қозоғистонда – 0,6 фоиз, Туркманистонда – 0,2 фоиз).

Носвой норасмий ёки қўлбола усулда тайёрланади, унинг таркиби кўпинча қаердандир олинган рецепт бўйича, таркибий қисмларнинг борлигига ва уларнинг қийматига қараб белгиланади. Ўзбекистонда носвой бозорларда, кўчаларда ва таълим муассасалари олдида очиқ сотилади.

Носвойнинг нархи фильтрли сигареталар нархидан тахминан 4-5 баравар паст бўлиб, бу эса кўпчилик учун ҳамёнбоп.

Мутахассисларнинг таъкидлашича таркибида тамаки бўлган ҳар қандай маҳсулот соғлиқ учун хавфли.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда трахеяда ўртача 3,9 марта, оғиз бўшлиғида ўртача 3,8 марта, милкларда 3,1 марта, қизилўнгачда 2,5 марта, ошқозонда ва бурун-ҳалқумда 2 марта кўп хавфли ўсмалардан ўлим кузатилган. Ўлим асосан 30-69 ёшдаги эркаклар ўртасида шу ёшдаги аёлларга қараганда анча кўпроқ учрайди. Бу эса мутахассисларнинг далолат беришича носвой ва бошқа тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига бевосита боғлиқдир.

Ўзбекистонда тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи 1,7 миллион кишининг 860 мингдан ортиғи носвой истеъмол қилиниши туфайли бевақт оламдан ўтади.

Кўпгина давлатларда тутунсиз тамакилар таъқиқланган

Австралия, Сингапур, Баҳрайн, Бутан, Бирлашган Танзания Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас.

Европа Иттифоқининг Швециядан ташқари барча мамлакатларида тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқлаган. Бир қатор МДҲ мамлакатларида (Беларусь, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркманистонда) ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотиш таъқиқланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида тутунсиз тамаки маҳсулотларини бутунлай тақиқлаш ҳақидаги келишув лойиҳаси кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилмоқда. Ушбу вазифани ҳал этишга носвойнинг қўшни мамлакатлар (айниқса Қозоғистон, Туркманистон) носвойни сотишни тақиқлагани, охирги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг 18-39 ёшдаги аҳолиси орасида носвой истеъмол қилиш икки баравар камайгани ҳам туртки бўлади, чунки носвой чекиш тамаки маҳсулотларининг бошқа турларига қараганда унчалик обрўли ёки русмга кирган эмас.

Носвой сотуви ва ишлаб чиқарилишини тартибга солиш жуда қийин, чунки у қўлбола усулда ёки уй шароитида, санитария нормаларига риоя қилмасдан тайёрланади, назорат идоралари носвойнинг хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш учун зарур ресурсларга (технологик, молиявий ва бошқа) эга эмас.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг