Дардингизни олай, одамлар…

2020 йил инсоният тарихидаги энг синовли йил бўлиб қолди. Сабаби барчага маълум – “Covid-19” авж олиб, кўринмас ёв тарзида одамзот соғлигига “ҳужум” бошлади.

Бундай кезларда, албатта, энг оғир юк шифокорлар зиммасида бўлди. Улар ўзларининг касбга садоқатларини, қасамёдларини худди шу кезларда намоён қилдилар. Инсон саломатлиги йўлида бор имкониятларини ишга солиб, сабот ва матонат билан иш юритдилар.

Ана шундай жонкуяр тиббиёт ходимлари орасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Фарғона филиали шифокори Олимжон Маҳмудов ҳам бор. У ўзининг билим ва тажрибаларига асосланган ҳолда Ёзёвон тумани ҳамда Фарғона шаҳар 1-юқумли касалликлар шифохоналарида фаолият олиб борди ва кўплаб вирусга чалинган беморларнинг соғайишларига ёрдам кўрсатди.

Карантин ҳудудларида ишлашнинг масъулияти юқори. Бунинг учун мутахассис “Covid-19” бўйича 14 кунлик малака ошириш курсида ўз тажрибаларини мустаҳкамлади ва махсус сертификатга эга бўлди. У жорий йилнинг 23 март санасидан 30 апрель кунига қадар, айни таҳликали кунларда, махсус ҳудудда хизмат қилди.

Беморларга тўғри ташхис қўйиш ҳам шифокордан чуқур билим ва малака талаб қилади. Олимжон Маҳмудов ўзининг ҳушёрлиги, хушмуомаласи, ҳар бир беморга индивидуал муносабатда бўлиши билан кўпчилик ҳурматини қозонган. Ширин сўз билан беморларнинг соғайишга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

У Андижон тиббиёт олийгоҳида ўқиб юрган чоғларида, кейинчалик ўз соҳаси бўйича иш бошлаган пайтлари ҳам устозлардан олган сабоқларини доимо ёдда сақлади. Айниқса, таниқли шифокорлар Муродилжон Арслонов, Шавкатжон Неъматовларнинг тажрибалари, соҳанинг нозик жиҳатлари борасидаги амалий ёрдамлари туфайли Олимжон яхши мутахассис даражасига эга бўлди.

Яқинда шифокорнинг ҳаётида қувончли воқеа бўлди. Президентимизнинг 2020 йил, 26 августдаги Фармони асосида соғлиқни сақлаш тизимининг жонкуяр вакили сифатида Олимжон Маҳмудов “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Айни кунларда у Қува туманида фаолият юритаётган “Doktor Arslonov” клиникасида ҳам хизмат қилмоқда. Бу шифохонада беморлар ҳурматига сазовор бўлган Ферузбек Абдураззақов, Бахтиёр Тешабоев, Муҳаммадбобур Маҳмудов, Олимжон Камолов сингари етук мутахассислар, Гулруҳ Усмонова, Нодира Тўхтасинова, Рисолат Қувватова, Шаҳноза Юлдашева, Зилола Турсунова каби ўрта тиббиёт ходимлари ўзларининг билим ва тажрибаларига таянган ҳолда шифокор деган улуғ номни шарафлаб меҳнат қилмоқдалар. Айниқса, пандемия шароитида уларнинг зиммасидаги масъулият янада ошди. Бу аҳил жамоа ҳар қайси беморга алоҳида эътибор билан қараб, уларнинг саломатликларини асраш учун мавжуд имкониятларни ишга солмоқда.

Олимжон Маҳмудов эса ўз касбдошлари билан бамаслаҳат иш юритиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр шифокорлардан саналади.

Эл эътирофига сазовор бўлиш ҳам бир бахт. Олимжоннинг яқинлари, дўстлари, касбдошлари унинг муваффақиятидан ғоят мамнун бўлишмоқда.

Инсон саломатлиги йўлида, дардингизни олай, одамлар, деган яхши ният ила хизмат қилаётган Олимжон Маҳмудовнинг шарафли, масъулиятли ишлари бароридан келаверсин.

Зуҳра Алиева, Қува тумани.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг