Ниқобни ташлашга ҳали шошилманг!

Коронавирус дунёда пайдо бўлган янги вирус бўлишига қарамай, унинг аниқланганига бир йил бўлди. Дунё олимлари, хусусан, республикамиз олимлари тадқиқотларига кўра, бу вирус бошқа вирусларга нисбатан иссиқ ёки совуқ ҳавода нобуд бўлмаслиги деярли тасдиқланди. Яъни, ҳаво ҳарорати қанчалик совуқ бўлса вирусни яшаш имконияти кучайиши кузатилиши таъкидлаб келинмоқда.

Шунинг учун албатта ниқоб ва қўлқопларни қоидага риоя қилган ҳолда тақиб юринг, масофани сақланг, доимий равишда қўлларни совунлаб ювинг ёки антисептиклар билан ишлов беринг. Уйга қайтганда эса, ташқарида кийилган устки кийимларни даҳлизда қолдиринг, уйда қўлларни узоқ муддат совунлаб ювинг, юзни, кўзларни, томоқларни ва бурунларни иссиқроқ сувда камида 3 марта чайиб ташланг. Шу тариқа уйингизга вирусни олиб киришдан имкон қадар сақлаган бўласиз.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 70 миллион нафарга яқинлашиб бормоқда. 1,5 миллиондан ортиғи вафот этди.

Сўнгги вақтда жаҳонда чекловларининг амал қилиш муддати узайтириб борилаётганлиги, шунингдек, янги 2021 йил кириб келаётганлигини инобатга олиб, эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди. Унга кўра:

Вазирлик, идоралар, корхоналар ва бошқа ташкилотларига турли хил корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларида тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабалар иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш таъқиқланди ҳамда фуқароларга янги йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилди.

Сиз мен касал эмасман ёки бу касалликдан тузалганман, ниқоб тақмасам ҳам бўлади, дейишга шошилманг. Боиси касалликнинг яширин даврида аломатларни сезмаслигингиз ва уни тарқатувчи бўлишингиз мумкин.

Баъзилар ниқобни ияк қисмига тушириб олган, баъзилар эса чўнтагига солиб қўйганига гувоҳ бўляпмиз. Савдо билан шуғулланаётган баъзи тадбиркорлар ҳам ниқоб тақишни унутиб қўйишган. Ниқобни  иягингизга туширсангиз, унинг ички қисмига вируслар ўрнашиб олади. Уни оғиз бурнингизга олиб борганда эса, зарарланишингиз эҳтимоли ортади. Шу боис, зарур пайтда ниқобни ечиб қўйиш тавсия этилади.

“COVID-19” инфекцияси тарқалиши дунё миқёсида ҳали-ҳануз катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ўтган фурсат давомида бу инфекциядан сақланишнинг биринчи йўли шахсий гигиенага ва карантин қоидаларига риоя қилиш экани маълум бўлди. Бу қоидаларнинг биринчи талаби эса, ниқоб тақиб юриш ҳисобланади.

Хуллас, ҳали ниқобни ечишга шошилманг, азизлар!

Аҳмаджон ЯКУБОВ,

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати
Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг