Серғайрат, меҳрибон инсон эди

Таниқли ва юқори малакали офталмолог-жарроҳ, шох парда трансплантацияси бўйича мутахассис, умрининг 28 йилини кўз касалликларини даволашга қаратган шифокор, ташкилотчи, меҳрибон, жонкуяр ота, оилапарвар инсон Дуйсебаев Эркин Туленович  бу оламни тарк этди.

Дуйсебаев Эркин Туленович 1992 йилда I – ТошДТИ ни тамомлаб Тошкент вилояти офталмологик шифохонасида аввалига интернатура, кейинчалик шифокор офталмолог сифатида фаолиятини бошлаган. 2000 йилдан Янгийўл шахар марказий шифохонасида кўз касалликлари бўлими врачи, бўлим мудири, 2003 йилдан Республика Ихтисослаштирилган Кўз микрожарроҳлик марказида шифокор ва бўлим мудири, 2017 йилдан 2019 йилгача Фарғона вилояти 1-сонли офталмология шифохонасида бош врач бўлиб ишлаган. 2019 йилнинг октябр ойидан Доктор Мақсудова инновацион клиникаси Ўқув Симуляцион маркази директори лавозимида муваффақиятли фаолият олиб бораётган эди.

У ўзининг илмий ва амалий билимларини АҚШ, Россия ва бошқа жаҳоннинг етакчи офталмологик клиникаларида мунтазам равишда ошириб борган, айниқса шох парда трансплантацияси бўйича чуқур амалий кўникма соҳиби эканлиги бунга яққол мисолдир. Ўзининг узоқ йиллик шифокорлик фаолияти мобайнида Эркин Дуйсебаев тинмай изланадиган, серғайрат, янгиликка интилувчан, барча инсонларга ва беморларга хайрихох, мехрибонлик фазилатларини намоён қилиб турли давраларда, ҳамкасблари орасида жуда катта ҳурмат ва эътиборга сазовор инсон эди. У шифокорлик фаолияти билан биргаликда ёш мутахассисларга талабчан ва жонкуяр мураббийлик хислатлари билан ажралиб туриши ҳозирда кўплаб ҳамкасблар ва шогирдлари томонидан эътироф этилмоқда.

Тиббий марказнинг барча ходимлари номидан бу дунёни жуда эрта тарк этган ажойиб қалб эгаси бўлган Эркин Дуйсебаевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзиямизни изҳор қиламиз.

Бу бетакрор инсон хақидаги ёрқин хотиралар қалбимизда абадий сақланиб қолади. Унинг моҳир, енгил қўллари ва илиқ табассуми ҳеч қачон унутилмайди.

 

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг