Коронавирусга чалинган шифокор: ўлим билан юзлашдим, аммо умидсизликка тушмадим

Мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлашган бўлсада, коронавирус инфекцияси чекинганича йўқ. Касаллик ён атрофимизда юрибди. Бошқа давлатларда, хусусан, Европада вазият жиддийлашиб, қатъий карантинга қайтилмоқда. Аммо юртимизда карантин чекловларининг юмшатилиши бизни хавфдан сақлай олмайди. Шу боис белгиланган талабларга амал қилиб, соғлигимизни асрашимиз керак.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида доимо қайноқ жараённинг гувоҳи бўласиз. Аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш йўлида шифокорлар ва тиббиёт ходимлари туну кун фаолият олиб бормоқда. Афсуски, бу ерда аксарият тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинди.

–Ҳар қандай ҳолатда беморларга хизмат кўрсатиш бизнинг бурчимиздир, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали директори Абдуқаюм Тўхтақулов. – Шифокорларимиз қатъий карантин қоидаларига амал қилишса-да оғир ҳолатдаги беморлар билан мулоқот жараёнида юқтириши юқори бўлди. 400 дан ортиқ врачларимиз бўлса, 60-70 фоиз тиббиёт ходимларимизда касаллик тасдиқланди. Яширишнинг кераги йўқ, ҳатто бир неча ҳамкасбларимизни йўқотдик. Уларда ҳамроҳ касалликлар борлиги бунинг асосий сабаби бўлди. Баъзиларда касаллик оғир ва енгил даражада ўтди, кимлардадир ҳеч қандай симптомларсиз кечди.

Кўпчиликка ёрдам бердик. Биргина тез тиббий ёрдам хизматини оладиган бўлсак, 307 та бригадалар кечаю кундуз меҳнат қилди. Беморларни изоляция қилишда, карантин ҳудудларига, шифохоналарга олиб боришда жонбозлик кўрсатди.

Филиалимизда сентябрь ойида коронавирус инфекцияси натижасида пневмонияга чалинган беморларни даволашга мўлжаллаган провизор шифохонаси фаолият кўрсатишни бошлади. Бу ерда шаҳар ва туманларда қўшимча касаллиги бўлиб, пневмония оғир кечган беморлар даволанди. Малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган, зарур дори-дармонлар билан таъминланган. Беморларимизни даволашда тасдиқланган даволаш стандартлари қўлланилди. Хитой, Туркия ва Россиядан келган тиббиёт ходимлари даволаш жараёни билан танишиб, вилоятда коронавирус инфекциясидан ўлим кўрсатгичининг паст бўлгани ўз вақтида кўрилган таъсирчан чоралар натижаси эканлигини эътироф этди. Бугунга қадар пневмония касаллиги билан 2 мингга яқин бемор даволаниб, соғлигини тиклади. Ҳозир эпидемиологик вазият барқарорлашиб, беморлар сони анча камайган.

Баҳодиржон Мамажонов филиалнинг тажрибали шифокорларидан бири. У 36 йилдан буён терапевт сифатида меҳнат қилиб келмоқда. Шифокор қанча ўзини эҳтиёт қилмасин, инфекцияни юқтириб олди. Касаллик  оғир даражада кечиб, ўлим билан олишишга тўғри келди. Пешонасида бор экан, бугун касалликдан фориғ бўлиб, яна ўзининг қадрдон ишхонасида беморларга шифо улашмоқда.

– Дастлаб оёқларимда қувватсизлик, ҳарорат кўтарилиши ва нафас етишмаслиги кузатилди, – дейди Баҳодиржон ака. – Компьютер тамографияси ўпканинг 65 фоизидан юқори қисми жароҳатланганини кўрсатди. 12 кун реаниамацияда ётдим. Ўлим билан юзлашдим. Аммо умидсизликка тушмадим. Икки ойдан ортиқ даволанишда бўлдим. Шу боис ҳам бу касалликка асло бепарво қараб бўлмайди. Айниқса, ҳамроҳ касалликлари борлар жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Буни ўзим бошимдан ўтказиб, хулоса чиқардим.

Коронавирус деган кўринмас ёвни жиловлаш ўзимизга боғлиқ.  Карантин талаблари юмшатилгани билан вирус юқтириб олиши эҳтимоли қатъий карантин пайтидагига қараганда анча юқори. Зеро, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, ниқоб тақиш бунда муҳим аҳамиятга эга. Буни асло унутманг!

Маъсуджон Сулаймонов,

М. Қодиров олгана суратлар

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг