Педагог ходимлар тиббий кўрикдан бепул ўтказилади(ми?)

Учкўприк туман адлия бўлимига 4-умумтаълим мактаби ўқитувчилари бепул тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқи поймол қилинаётгани бўйича ариза билан мурожаат қилган.

Аниқланишича, умумий ўрта таълим, мактабгача таълим муассасасалари педагог ва бошқа ходимлари тумандаги тиббиёт бирлашмаси хўжалик ҳисобидаги пуллик хизмат бўлими томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтиб келган.

Меҳнат кодексининг 214-моддасида тиббий кўрикдан ўтишда ходимлар чиқимдор бўлмаслиги кўрсатилган.

Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига кўра, педагог ходимлар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) ҳуқуқига эга.

Ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан тиббиёт бирлашмасига давлат таълим муассасалари ва ташкилотларининг педагог ҳамда бошқа ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлаш тўғрисида тақдимнома киритилди. Тақдимномага жавобан тиббиёт бирлашмаси бюджет ташкилотлари ходимлари кўрик харажатларини иш берувчи томонидан шартнома асосида пул кўчириш йўли билан амалга оширилишини маълум қилган.

Туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари қўпол равишда бузилиб, давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари ишчи-ходимларининг давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш ҳуқуқлари поймол этилган.

Адлия бўлими томонидан туман маъмурий судига 4-умумтаълим мактаб ўқитувчилари М.Қодирова, Н.Қодирова, О.Бозорова, Д.Тожиева, Д.Масолиева, З.Эрматоваларга нисбатан тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, ўқитувчиларни белгиланган тартибда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида шикоят ариза киритилди.

Маъмурий суднинг жорий йил 2 декабрдаги ҳал қилув қарори билан тиббиёт бирлашмаси зиммасига 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиларини белгиланган тартибда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилди.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг