Фарғона вилоятида 8 та ҚВП қайта тикланмоқда

Фото: XDP.uz

Вилоятимиз ҳудудида ўтказилаётган сайёр қабуллар ва аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида чекка ҳудудлардаги айрим қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти тўхтатилгач ушбу муассасаларга борадиган аҳоли бошқа қишлоқдаги оиловий поликлиникаларга қатнашга мажбур бўлаётгани, натижада йўлларда беморларга ноқулайлик ва қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида кўплаб мурожаат ва таклифлар билдирилган эди.

Вилоят ҳокимлиги эса бу борада аҳолидан тушган мурожаатларни эътиборсиз қолдирмади.

2020 йил 31 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокимининг «Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдами хизмати фаолиятини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаг»ги 290-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарорнинг энг аҳамиятли томони шундаки, эндиликда вилоятимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларида фаолияти тўхтатилган 8 та бирламчи тиббий санитария муассасалари қайта тикланади.

Хусусан, Учкўприк туманидаги “Сариқўрғон”, Фарғона туманидаги “Чекшўра” қишлоқ оилавий поликлиникалари, Қува туманидаги “Болалик”, Сўх туманидаги “Ғазнов”, “Қизилқиёқ”, Олтиариқ туманидаги “Оқ олтин”, Фарғона туманидаги “Ёрдон”, Қўштепа туманидаги “Лойсон” қишлоқ врачлик пунктлари қайта ташкил этилади. Айни пайтда у ерда ишлайдиган тиббиёт ходимлари учун штат бирликлари ажратиш жараёни кетмоқда.

Бундан ташқари, қайта ташкил этилаётган бирламчи тиббий санирия муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида уларнинг моддий техник баъзасини мустаҳкамлаш ҳам кўзда тутилган.

Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи мазкур муассасаларни қайта тиклаш борасида иш олиб бормоқда.

Ушбу муассасаларнинг фаолияти тез кунда йўлга қўйилади ва аҳолида бирламчи тиббий санитария ёрдами олишда юзага келаётган айрим ноқулайликлар барҳам топади.

Наримонжон ОТАЖОНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг