Аҳолининг истеъмол маданияти қачон ошади?

Президентимизнинг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида тўғри овқатланиш ва витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлик учун сезиларли даражада зиёни бор. Шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Кейинги пайтда овқатланиш шоҳобчалари, беш дақиқалик фаст-фудлардан тортиб гумма, хот-дог ва бошқа тезпишар егуликлар билан савдо қилувчи “будка”лар кўпайиб кетди. Бу шоҳобчаларда оддий гигиена қоидаларига амал қилинмаслиги ва аҳолининг ўз соғлигига бефарқлиги ачинарли ҳолатга айланди.

Бозорга киришингиз билан ёқимсиз ёғнинг ҳиди димоғни ачиштиради. Бир четда ёғ тўла қозонда пирожки пишираётган одам барчани чорлаб бақиради. Қорин очлигида беихтиёр ўша томонга қараб ҳаракатланамиз. Бироқ бу бизнинг соғлигимиз учун хавфлилигини унутиб қўйяпмиз.

Бундай шаҳобчаларда сотиладиган тезпишар пирожки, чебурек, сомсалар умуман гигиена талабларига жавоб бермайди. Айниқса, пишириш учун ишлатиладиган ёғнинг сифатини кўриб, ёқа ушлайсиз. Қайта-қайта фойдаланаверилганидан ёғ қоп-қора тусга кирган. Маҳсулотлар шундай очиқ ҳолда атрофдаги кўринмас чанг-тўзон билан қоришиб туради. Баъзан бир кун олдинги маҳсулотни ҳам иситиб бераверишади.

— Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори лойиҳасида эса 2021 йил 1 мартдан бошлаб, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат махсулотлари рекламасига чекловлар ўрнатилади. Бу билан рекламалардаги айрим зарарли маҳсулотларнинг истеъмолга киришига бироз бўлсада тақиқ қўйилади. Ходимларимиз томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида муайян тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, бозорларда ишловчи ходимлар ва сотувчиларни бозор маъмурияти томонидан 550 комплект махсус уст-бош билан таъминланди. Дехқон бозорларида озиқ-овқат махсулоти сотувчи 625 нафар сотувчилар мажбурий даврий тиббий кўрикдан ўтказилди. Уй шароитида тайёрланган 205 кг миқдоридаги озиқ-овқат махсулотлари (уй шароитида тайёрланган газли сув, ўрик шарбати, айрон, морс, қийма, лағмон, калла гўшти ва бошқалар) истеъмолдан олинди. Савдо расталаридан ташқарида, аравачаларда, махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария қоидаларига зид равишда савдо қилаётган 15 нафар фуқароларга маъмурий баённомалар тўлдирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилояти бошқармаси Овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Бобомурод Турғунов.

Халқимизнинг фаровон яшагани, юртимизда тадбиркорлар кўпайгани ҳаммамизга бирдек фойда келтиради. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, мўмай даромад топиш мақсадида ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайдиган “тадбиркор”лар ён-атрофимизда кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. “Тадбиркор” фақат чўнтагини ўйласа, мутасаддиларнинг маслаҳат ва тавсияларига кўнмаса, одамлар соғлиғига, ҳаётига ким кафолат беради ёки истеъмол маданиятимиз қачон ошади?

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг