УМУРТҚАЛАРАРО ДИСК ЧУРРАСИ: Белда оғриқ пайдо бўлса ёки касаллик хуруж қилганда нима қилиш керак?

 

Фото: msk.ramsaydiagnostics.ru

Умуртқалараро диск чуррасида мушак ва пайлар тортилиб, оғриқ пайдо бўлади. Кислород ва озуқалар етишмаслиги боис қўл-оёқлар музлайди, уюшади, киши ҳолсизланади. Ҳаракатланганда ва юрганда безовталик кузатилади. Касаллик ўтказиб юборилса, ногиронлик даражасигача олиб келиши ҳам мумкин.

Кўпчилик белдаги оғриққа у қадар жиддий эътибор бермайди. «Туз йиғилиши», «нерв толаларининг шамоллаши» каби тахминлар, одатда, хасталикнинг ўтказиб юборилишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғриқ қолдирувчи суртмалардан фойдаланиш ҳам кейинчалик айрим асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Чурра хуружида кўнгил айниши, қайт қилиш, чурра жойлашган соҳа атрофи қўл билан пайпасланганида қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилади. Чурра катталашиб, таранг бўлиб қолади. Бу ҳолатларда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилиш тақиқланади.

Чурра ташхиси қўйилгач, ўзбилармонлик билан даволаш асло мумкин эмас! Энг тўғри танлов — шифокор кўригидан ўтиш ҳамда буюрилган даво муолажаларини бажариш. Кимлардир умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар билан даволашни таклиф этади. Бу каби чоралар шикастланган умуртқани янада қийнаб қўйиши, касаллик зўрайишига олиб келиши мумкин.

Шоҳайдар ШОТУРСУНОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг