Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли

Туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади. Маълумотларга кўра, бугун сайёрамизда ногиронлиги бўлган салкам бир миллиардга яқин шахс ҳаёт кечирмоқда. Юртимизда уларнинг сони 670 минг нафардан ортиқ.

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, пандемия даврида уларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида ҳар йили мингдан ортиқ беморлар даволаниб, муолажалар олишмоқда. Бу ерда улар учун барча шароитлар яратиб берилган. Физиотерапия, бадантарбия билан шуғулланиш учун хоналар ташкил этилган. Эътиборли жиҳати, ўтган йилда марказда даволанган ногиронлиги бўлган шахсларнинг 109 нафарининг саломатлиги тикланди.

Марказимиз касбий, психологик, тиббий, ижтимоий каби йўналишларда фаолият олиб боради. Ногиронлиги бўлган шахсларга барча имкониятлар яратилган, бир қатор имтиёзлар берилган. Бу ерда биз уларга психологик ёрдам кўрсатиб, ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Руҳан тетиклик уларнинг соғликларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Асосийси, ҳеч қачон умидсизликка тушмасликлар керак. Биз ана шу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ижтимоий хизматлар кўрсатмоқдамиз.

Шуҳратжон Жабборов,

вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази психологи.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг