Олтиариқ тиббиётда энг намунали туман бўлади

Хабарингиз бор, шу йил 6 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Олтиариқ тумани тиббиётда энг намунали туман сифатида ташкил этилиши маълум қилинганди.

Шу кунларда Олтиариқда мазкур йўналишда амалга ошириладиган ишлар режалаштирилмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Наримон Отажонов бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, 2 кун давомида тумандаги барча тиббиёт муассасаларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиника, кўп тармоқли болалар поликлиникаси, 39-сонли Ғайрат қишлоқ оилавий поликлиникаси, 43-сонли Файзабод қишлоқ оилавий поликлиникаси, Оқ олтин қишлоқ врачлик пункти биноларини реконструкция қилиш режага киритилди.

Марказий шифохонанинг тез тиббий ёрдам бўлими, 37-сонли Олтиариқ қишлоқ оилавий поликлиникаси, Повулғон қишлоқ врачлик пункти, Жўрак қишлоқ врачлик пункти, Қизилтепа қишлоқ врачлик пункти, Янгиараб шифокор хизмат уйи, 38-сонли Янгиқўрғон қишлоқ оилавий поликлиникаси, 39-сонли Ғайрат қишлоқ оилавий поликлиникасининг Жарқўрғон филиали, Эшонмаҳалла шифокор хизмат уйи бинолари эса мукаммал таъмирланадиган бўлди.

Шу билан бирга барча тиббиёт муассасаларини энг замонавий тиббий жиҳозлар, лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлаш бўйича дастлабки ҳисоб-китоб амалга оширилиб, таклифлар тайёрланди.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси ахборот хизмати

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг