Ҳаёт ва мамот оралиғида ёхуд хасталик билан юзма-юз турганлар…

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали ва унинг шаҳар-туманларидаги бўлимларида зарур ҳимоя   воситалари ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаган 307 та тез ёрдам  машиналари кеча-ю кундуз тиним билмай ҳаракатда.  Ҳозиргина филиал ичкарисига огоҳлантириш чироғини ўчириб-ёндириб, узлуксиз сигнал товуши билан тез ёрдам машинаси кириб келди. Ихтиёрсиз равишда коронавирус касаллигига чалинаётган беморлар  кўз ўнгингизда гавдаланади.  Боз устига бемор ҳолати билан боғлиқ ўрта оғир, ўта  оғир…каби атамалар тез-тез қулоққа чалинади.  Айни пайтда ҳаёт ва мамот оралиғида турган беморга  шифокорларгина ёрдам бера олади деган якдил хулоса келасиз.

Бугунги кун тиббиёт ходимидан билим ва тажриба, маҳорат талаб этибгина қолмай, чинакам  фидойилик, журъат-жасорат, сабр-матонатни ҳам сўраяпти. Филиал қошида жорий йилнинг 18 сентябрида фаолиятини бошлаган  200 ўринли реанимация-пульмонология бўлими шу давргача икки минг нафардан зиёд беморларга хизмат кўрсатди.

— Шуни фахр билан айтишни истардимки, филиалимизда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари иш фаолиятларини вилоятимизнинг бир нечта ҳудудларида ташкил этилган коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжаллаган  шифо масканларида давом эттирдилар. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига тажрибали врач ва ҳамшираларимизни  ишга юбордик.  Пандемия даврида фидойилик намуналарини кўрсатганликлари учун 30 нафар тиббиёт ходимлари Президентимиз Фармонига биноан “Меҳр ва саховат” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар. 10 нафар шифокорларга вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалар топширилди, — дейди филиал директори, тиббиёт фанлари  номзоди  Абдуқаюм Тўхтақулов. — Мана бу сизлар  кўриб турган бўлим  эса 3 млрд.сўм маблағ эвазига барпо этилди.  Бу  ерда беморларда  биохимик текширувлар ўтказиш учун лаборатория, рентген, УТТ текширувлари  кеча-кундуз ишлаб турибди. Кислород захираси  маркази ташкил этилганлиги, бўлимни энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги ҳар бир врачнинг ўз устида тинмай изланишига имкон беради.

Бўлимдаги шарт-шароитлар, жонлантириш бўлимидаги беморлар ҳолати билан танишдик. Соғайиб, қайноқ ҳаёт бағрига ошиқаётган беморлар  билан суҳбатлашдик.

— Ҳозирги дақиқаларда шифокорларга қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмайман, чунки хурсандчилигимнинг чеки йўқ, — дейди Ўзбекистон тумани, Яйпан шаҳридан  Хуршидахон Мамадиева. — 38 ёшдаман. Тўғриси, касалликдан кейинги асоратдан жуда хавотирлангандим.  Бу ерда ширин сўзли халоскорларнинг муолажалари билан тезда соғайиб, оилам бағрига қайтяпман. Биз инсонлар  нафақат беморлик пайтимизда, балки соғ-саломат юрган ҳолимизда ҳам шифокор шаънини асрашимиз, уларнинг машаққатли меҳнати қадрига етишимиз кераклигини англаб етдим.

Бўлимда 40 нафар врач, 65 нафар ҳамшира, 35 нафар кичик тиббиёт ходими суткада 12 соат шу касалликка чалинган беморлар билан мулоқот қилади. Албатта, мулоқотда барча эҳтиёт чоралари кўрилади.  Уларнинг шикоятини эшитади, ёндош касалликлари ҳақида маълумот олади, турли муолажаларни амалга оширади.  Шерали Юлдашев,  Алишер Деҳқонов, Хуршид Исмоилов, Дилшод Саидумаров, Андалиб Миножов  каби шифокор-мутахассислар тунларни-тонгларга улаб меҳнат қилаётган касбининг жонкуярларидир.  Наима Қурбонова, Муҳаррам Камолова, Зуҳра Ҳамидовадек ҳамшираларни  ҳар бир бемор олқишлайди. Ҳилол Тешабоева, Умида Абдурасуловадек   кичик тиббиёт ходимларининг меҳнатлари ҳам қадрлашга муносиб.

Бўлим шифокорларининг таъкидлашича, мазкур давогоҳ коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланмаган. Зеро, бу ерда ушбу касаллик асоратларидан бўлган ўпканинг жароҳатланиши билан кечувчи хасталик даволанади. Сир эмас, даволанаётган беморлар орасида қандли диабет, юрак-қон томир ва сурункали касалликларга чалинганлар ҳам бор. Уларга касалхонадан чиққандан кейин ҳам қонни суюлтирувчи таблеткалар қабул қилишлари, тўғри овқатланиш, нафас машқларини бажариш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаш зарурлиги уқтириляпти.

Бир сўз билан айтганда, тиббиёт ходимларига  беморга саломатлик бахш этиш саодати насиб этган экан, улар ўз вазифаларини масъулият билан бажаришларига ишонч билдирамиз.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг