Фарғоналик шифокорларга байрам табриги

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар, муҳтарам устозлар, соҳа фидойилари!

Барчамизга яхши маълумки, инсон саломатлиги энг бебаҳо бойлик ҳисобланади. Қачонки одам соғ-саломат юрса, унинг руҳи тетик, кўнгли хотиржам бўлади, ишида унум, оиласидан шодлик аримайди.

Ана шу бебаҳо бойликни муҳофаза қилиш эса тиббиёт ходимларининг жасорати, билими ва касб маҳоратларига узвий боғлиқ. Шу сабабли ҳам эл-юрт саломатлиги йўлида беминнат хизмат қилиб келаётган шифокорларга халқимизнинг ҳурмат-эҳтироми чексиздир.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳеч бир соҳага тиббиёт тизимичалик катта эътибор қаратилаётгани йўқ. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва халқимиз бундан жуда мамнун.

Айниқса, аҳолига малакали бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни намунали даражага кўтариш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам сифатини янада ошириш, соҳанинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Буни Фарғона вилояти тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ижобий ишлар, эришилган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2020 йил дунё халқлари учун синовли, оғир йил бўлди. Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси айни пайтда ҳам инсонлар ҳаётига хавф солиб турибди.

Шундай мураккаб шароитда тиббиёт ходимлари, азиз шифокорларимиз кўринмас ва тождор душманга қарши биринчи сафда туриб курашмоқдалар. Сизларнинг машаққатли меҳнатингизни чин маънода қаҳрамонлик, десам хато қилмаган бўламан. Бутун дунё халқлари ҳам шифокорларга ҳақиқий қаҳрамонлар, нажот фаришталари, деб таъриф беришмоқда.

Йилнинг ўтган даврида Президентимиз фармони билан фарғоналик 11 нафар тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллари билан тақдирланди.

100 нафардан зиёд тиббиёт ходимларига эса пандемия шароитида кўрсатган фидойилиги учун “Меҳр-саҳоват” кўкрак нишони топширилди.

Азиз ҳамкасблар. Бу мукофот сизга бежиз берилгани йўқ. Пандемия даврида шифохоналарда беморларга меҳр ва эътибор кўрсатиб, тунни тонга улаб, ўз ҳаётингизни хавф остига қўйиб меҳнат қилдингиз. Бундай шарафли ишингиз ҳар қанча мақтовга, мукофотга лойиқдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ва шахсан ўз номимдан барча ҳамкасбларимизни, устозларимизни, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларини касб байрами билан яна бир бор табриклайман.

Оилангизга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, машаққатли ишларингизда эса омад ёр бўлсин!

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Х.Мамажонов

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг