Мамлакатимиз тиббиёт тизими тубдан ислоҳ қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиш, оилавий шифокор институтини кенг татбиқ этиш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Даставвал  йиғилишда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар таҳлил қилинди.

2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келган. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда.

– Энди вазирлик фаолиятига, унинг кадрлар масаласига ҳеч ким аралашмайди. Бош шифокорлар, врач ёки бошқа тиббиёт ходимлари уларга тегишли бўлмаган бирорта қўшимча ишларга жалб қилинмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилган.

Шу боис давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.

Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобил диагностика воситалари билан таъминланади.

5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинидаги даволаш сифати ҳақида гап борар экан, бунинг учун шароит ва кадрлар етишмаслиги айтиб ўтилди.

Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд врачлик штати мавжуд, лекин 12 минг шифокор ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари учун жозибадор эмас.

Шу боис Президент шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади.

Бу дастурга мувофиқ чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.

Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланди.

Сирдарё вилояти мисолида тиббиётнинг ҳар бир бўғини вазифаларини аниқ-аниқ белгилаб, улар борасида алоҳида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетлари ишлаб чиқилади.

Бунда кафолатланган пакетлар доирасида аҳолини бепул тиббий хизмат билан таъминлаш учун “қишлоқ врачлик пункти – поликлиника – марказий кўп тармоқли поликлиника – шифохона” кетма-кетлигида йўналтириш тартиби жорий қилинади.

Бунинг учун, кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини молиялаштириш мақсадида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиб, алоҳида Жамғарма ташкил қилинади.

Кафолатланган пакетларда қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникалар қайси тиббий хизматларни кўрсатади, марказий поликлиника ва шифохоналар қайси турдаги касалликларни даволашга масъул экани аниқ белгиланади.

Бу тизимнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда шифокорларни қоғозбозликдан халос этиш учун барча жараёнларни рақамлаштириш зарурлиги айтилди.

Мисол учун, битта шифокор иш кунининг 60 фоизини 10-15 та қоғоз ҳисоботларни тўлдиришга сарфлайди.

Гулистон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонаси бир ҳудудда бўлиб, унга туташ ёки атрофида 10 га яқин тиббиёт муассасаси жойлашган. Уларни вилоят кўп тармоқли шифохонасига ягона бошқарув асосида бирлаштириб, “тиббиёт кластери”га айлантириш, тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олийгоҳини ташкил этиш учун барча зарурий инфратузилма мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигига йил якунига қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда “Гулистон тиббиёт кластери”нинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишни бошлаш вазифаси юклатилди.

Ҳар бир вилоят ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида Сирдарё тажрибаси асосида, илғор хорижий клиникалар билан ҳамкорликда “тиббиёт кластерлари”ни ташкил этиш бўйича таклиф киритиши белгиланди.

Бирламчи бўғиннинг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозим, деб таъкидланди Президент раислигида ўтаётган йиғилишда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, тиббий даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз ва, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади.

Паст жисмоний фаоллик, меъёрдан кўп, айниқса, кечки пайт овқатланиш оқибатида аҳолининг қарийб 30 фоизида юқори қон босими ва 46 фоизида холестерин миқдори нормадан ортиқ.

60 фоиз ҳолатда коронавируснинг оғир кечиши нотўғри турмуш тарзидан келиб чиққан йўлдош касалликларга боғлиқлигини кўрсатди.

Яъни, соғлом турмуш тарзи – тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларни олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча бирдек тушуниши кераклиги қайд этилди.

Шу билан бирга, фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги 40 фоиз аёлларда кузатилади, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқмоқда. 70 фоиз боғча ва мактаб ёшидаги болаларда ичак паразитар касалликлар мавжуд.

Келгуси йил 1 июндан бошлаб:

  • 5 ёшгача бўлган болалар витаминлар ва микро-нутриентлар билан;
  • 10 ёшгача болалар паразитларга қарши дорилар билан;
  • ҳомиладорлар, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болалар йод препаратлари билан;
  • 35 ёшгача аёллар фолий кислотаси ва феррум билан бепул таъминланади.
  • Ушбу дори воситалари ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилади.

Нотўғри овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи қандай оғир оқибатларни келтириб чиқариши ёшларимизга болаликданоқ ўргатилиши керак.

Видеоселектор йиғилишида ҳар бир ҳудуд ўз хусусиятлари, касалликларнинг таркибига қараб, хусусий секторни жалб қилган ҳолда даволаш муассасаларини ташкил этиши белгиланди.

Мисол учун, ҳар юз минг кишига:

  • Фарғона ва Сирдарёда нафас йўллари,
  •  Қашқадарёда эндокрин,
  • Тошкент шаҳрида  ошқозон-ичак,
  • Андижонда юрак қон-томир,
  • Қорақалпоғистон ва Хоразмда буйрак касалликлари энг кўп қайд этилган.

Вилоят ҳокимларига Андижонда – кардиология, Бухоро ва Навоийда – ошқозон-ичак, Жиззах ва Сирдарёда – нафас йўллари, Қашқадарё ва Фарғонада – эндокрин, Самарқандда – гепатология, Наманган ва Сурхондарёда – асаб ва қон айланиши тизими, Қорақалпоғистон ва Хоразмда – буйрак, Тошкент вилоятида – офтальмология, Тошкент шаҳрида – онкология касалликлари бўйича илғор хорижий клиникалар филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Бунда жойлардаги бўш турган коллеж ва лицейларнинг биноларидан самарали фойдаланиши зарурлиги таъкидланди.

Ҳар бир вилоят ҳокими келгуси йил 1 июнга қадар ўз ҳудудида ташкил этилган ихтисослашган хорижий клиникалар фаолияти бўйича шахсан Президентга ахборот беради.

Шунингдек, Сирдарёда таклиф этилаётган тизим асосида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб тор доирадаги мутахассис штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади.

Ихтисослашган республика тиббиёт марказларини ҳудудий тиббиёт муассасалари билан боғлаш лозимлиги кўрсатилди.

Марказлардаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари, янги диагностика ва даволаш услублари вилоят, туман ва шаҳар шифохоналарига трансляция қилинади.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилиши Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилаётганини таъкидлаб, соҳанинг барча вакилларини байрам билан табриклади.

– Бугунги давр талаби шундайки, байрам кунлари, тантанали айёмларда ҳам, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган турли муаммолар ҳақида ўйлашимиз, уларнинг самарали ечимларини топишимиз зарур. Барча соҳалар қатори тиббиёт тизими олдида ҳам ғоят мураккаб вазифалар юзага келмоқда. Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда.

Аминманки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар, ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар, – деди Президент.

Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиши таъкидланди.

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилгани, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётгани эътироф этилди.

Ишонаман, жонкуяр шифокорларимиз бугунги белгиланган вазифаларни ҳам фидойилик ва матонат билан, бор билим ва тажрибаларини ишга солиб, албатта уддалайдилар. Энг катта бойлик бўлган халқимиз саломатлигини сақлашда ҳақиқатда жонбозлик кўрсатадилар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, тиббиёт муассасаларида коррупция ҳолатларига барҳам бериш масаласи ҳамон долзарб. Соғлиқни сақлаш соҳасини шаффоф тизимга айлантириш, шифокорларнинг ҳалол, пок ишлашлари учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидек, оқ халатли халоскор касб соҳиблари орасида ҳам порахўрлик ва таъмагирликка берилганлари учраб туради.

Йиғилишда мазкур иллатга барҳам бериш юзасидан Коррупцияга қарши кураш агентлиги зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда тиббиёт муассасаларини коррупциядан тозалайди, ҳар бир шифохона раҳбарининг ўз вазифасига лойиқ эканини ўрганади.

— “Ҳалоллик вакцинаси” билан ишлаш тиббиёт ходимларининг энг катта шиори, байроғи бўлиши керак. Тиббиёт ходимларини ҳалолликка ўргатиб олсак, одамлар биздан рози бўлади, — деди давлатимиз раҳбари.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг