Fast-foodлар ва кўз нури

Фото: «Сделай Уроки Сам!»

Уларнинг соғлиққа зарар экани маълум, бироқ айнан кўзга қандай таъсири бор деб, ҳайрон бўлдингизми?

Шу боис биз ҳам бу масалада кўз шифокори Элдор Юсуповнинг мулоҳазаларини тинглаб кўрдик.

– Автомобили борлар яхши билади, – дея сўз бошлади Элдор. – Агарда ёмон сифатли бензиндан мунтазам фойдаланилса, бензин насос яъни филтр ишдан чиқади. Инсонда эса ана шу вазифани жигар бажаради.

Биз ҳам сифатсиз овқат – фаст-фуд (гамбургер, лаваш, хотдог ва шу каби тезпишар егуликлар), кофе, кока-кола ва бошқа сунъий ичимликлар истеъмол қилганимизда жигарнинг кичик ҳужайралари зарарланади. Яъни қотиб қолади. Шунга ўзи қийналиб қолган жигар инсон организмидаги барча қонни тозалашга улгурмайди. Ваҳоланки, унинг вазифаси қонни тозалаб, ундаги зарарли ва кераксиз микробларни ўзида олиб қолиш. Шунингдек, кўзнинг тўр пардасига керакли А витамин ишлаб чиқариш.

Ҳозирда жуда кўп инсонларда иммунитет паст, тез шамоллайди. Бунга сабаб жигар ҳужайралари танамиздаги зарарли микробларни тўлиқ ўлдира олмаяпти. Тўғри бунда, экологиянинг ҳам ўрни бор. Шунга қарамай, агарда жигар тоза ва соғлом бўлса, ҳаво орқали ва озиқ-овқат билан кирган заҳарни тозалай олади.

Жигарни соғлом бўлиши учун нима қилишимиз керак? Энг аввало, овқатни хотиржам, тинч ҳолатда истеъмол қилиш керак. Ортиқча гаплашмаслик, турли сериаллар кўриш керак эмас. Овқатдан 10-15 дақиқа олдин илиқ сув ичиб, ошқозонни таомга тайёрлаш керак. Сабаби, кейинги вақтда аксарият инсонлар қуюқ овқатларни ёқтирмоқда. Бироқ, биз сув ичмасак, ошқозонга тушган овқат парчаланмайди.

Оддий тушунтирсак, уй бекалари яхши билади, хамир тайёрлаш учун керакли миқдорда сув қўшиш керак. Йўқса, ун бирикмайди ва хамир пайдо бўлмайди. Шунга ўхшаб, етарли масса бўлмагандан кейин, ошқозон ҳам вазифасини чала бажаради. Овқатланиш вақтида асабий ҳолатда бўлсак, ўт керакли суюқликни етказиб бермайди. Камига кока-кола билан ичсак, унда тезроқ ҳазм бўлиши кутилган овқат чала парчаланиб, ичакда ачийди. Буни уй бекалари ёпган компотга қиёсласа бўлади. Кўп ҳолларда маҳсулот тоза бўлмаса, банкка қопқоғи отади. Чала парчаланган овқатдан ҳам газ кўп ажралади. Шу тариқа таом танамиз учун озуқага эмас, заҳарга айланади.

Ўйлаб кўринг, танада заҳарланган қон оқиб турса, кўз ҳам, мия ҳам шундан озиқланди. Шунда сифатсиз озуқадан “баҳраманд” бўлган мия томирлари таранглашади. Сиқилади. Бу эса оч қолган инсоннинг жаҳли чиқишига ўхшайди. Мия ҳам шундай реакция беради ва кўзнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади.

Кўз шифокори кўзнинг “минус” ва “плюс” бўлиши сабаблари, бунда электрон воситаларнинг ўрни қандайлиги ва ёш болаларда кўриш қобилиятининг паст бўлишида оналарнинг ҳиссаси ҳақида мулоҳазаларини ва илмий исботларини сўзлаб берди.
Бизни кузатишда давом этинг. Бу фикрларни ҳам тез орада билиб оласиз.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг