Сайёр қабул: Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари – халқ билан юзма-юз мулоқотда

Оммавий ахборот воситаларида хабар қилинганидек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқ қабулхоналарининг масъул ходимлари томонидан Фарғона вилояти аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Фото: Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Сайёр қабулларда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова, вазирликнинг бошқарма бошлиғи Марат Садиқов, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хусан Мамажонов ва бошқа соҳа мутасаддилари иштирок этиб, аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимига оид мурожаатларини жойида ўрганишмоқда. Эътиборлиси шундаки, аксарият мурожаатлар шу куннинг ўзидаёқ ижобий хал этиляпти.

Шу кунгача сайёр қабуллар Учкўприк, Ўзбекистон, Бағдод, Фарғона, Тошлоқ, Риштон, Олтиариқ  ҳамда Қува туманларида ўтказилди.

Соҳа раҳбарлари ҳар бир мурожаатчи билан юзма-юз, самимий мулоқот қилиб, уларнинг муаммосини имкон қадар жойида хал этишга ҳаракат қилишмоқда.

Жумладан, Бағдод туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқаролардан соғлиқни сақлаш соҳасига оид 20 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарият шу ернинг ўзида ижобий ечим топди.

Масалан, шу туманнинг Конизар маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган Шаҳзода Мироббидинованинг сайёр қабулдаги мурожаати жойида хал этилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг рематология бўлимига ордер берилди.

Самарқанд қишлоғида яшовчи 1968 йилда туғилган Маҳбуба Юлдашеванинг илтимоси ҳам ерда қолмади. Аёлга шу куниёқ ногиронлик аравачаси топширилди.

Олтиариқ туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқаролардан соҳага оид 24 мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 23 таси жойида ижобий хал бўлди.

Хусусан, 5 нафар фуқарога республика ва вилоят муассасаларида даволаниш учун бепул ордер, 9 нафар фуқарога эса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилди. 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, яна бир нафар фуқарога қўлтиқтаёқ тақдим қилинди.

Шу куни Олтиариқ тумани юқумли касалликлар шифохонасига 40 та кислород баллони, 3 та кислород концентратори ҳам топширилди.

– Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларидан миннатдорман, – дейди Олтиариқ тумани Зилха МФЙ ҳудудида яшовчи, 1963 йилда туғилган Ёқубжон Раҳмонов. – Саломатлигимдаги муаммо туфайли юришга қийналаётгандим. Сайёр қабулда мурожаатим ижобий хал бўлди. Шу куниёқ менга қўлтиқтаёқ совға қилишди. Шу билан бирга, ногиронларни реаблитация қилиш марказида даволанишим учун бепул ордер ҳам берилди.

Файзиобод қишлоғида яшовчи Раҳмонжон Эгамбердиев, Узумчи маҳалласида яшовчи Ортиқ Охунов, Қапчуғай қишлоғида яшовчи Равшанбек Бўтабековларнинг мурожати ҳам сайёр қабул жараёнидаёқ ижобий ечим топиб, фуқаролар уйларига миннатдор бўлиб қайтишди.

Сайёр қабуллар давом этмоқда.

Фарғона вилояти Соғлиқни  сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг