Ошқозон қоп эмас

«Икки кишилик овқат уч кишига етади, уч кишилик овқат тўрт кишига етади» дейилади халқ ҳикматларида

Овқатланиш ҳаёт лаззати. Улуғ зот — инсон учун кўплаб ноз-неъматлар борки, буларни ҳаёт учун, тириклик учун она табиатнинг ҳиммат-саховати билан қодир Эгам яратиб қўйган. Овқатланишда ҳам бир киши ўз аъзои тани, эҳтиёжига қараб, меъёрида  сифатли таом  ейиши керак. Қадимий китобларда: «Ошқозон касалликлар уйидир, парҳезли овқатланиш бирча даволар асосидир», дейилади.

Таом меъдадан ҳазм бўлар  экан, унга зўр бермаслик, меъёридан ортиқ овқат билан уни тўлдириб, иш фаолиятини бузмаслик керак. Зеро, одам фақат овқат ейиш учун яшамайди.

Азиз муштарийлар, ҳакимларнинг ҳикоятлардан таом ейиш борасида одоб-ахлоқ қоидаларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Риоя этмоқ, сизга боғлиқ.

Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат тариқасида қуйидагиларни буюрди:

— Кам гапириш, кам ухлаш ва  кам ейишни  ўзингга одат қилки, бундан саломатлигинг доимо барқарор бўлади. Ақлли кишилар ҳакимлар айтган сўздан чиқмасликлари керак. Бинобарин, ойда икки марта қайт қилиш, ҳафтада уч марта ҳаммомга бориш, бошу танани ширин иссиқ сув билан ювиш, икки кунда уч марта таом ейиш, бунда ҳар ўн олти соатда бир марта овқатланилади, бу Жолинус (Гален) ҳакимнинг кўрсатмасидир.

Баҳор фаслида  қуруқ-совуқ мижозли овқат ва шарбат, ёз фаслида  ҳўл-совуқ овқат ва шарбат, кузда ҳўл-совуқ овқат ва шарбат тановул қилинади. Қишда эса қуруқ-совуқ овқат ва шарбатга майл қилмоқ лозим. Шундай қилинса, кишининг саломатлигида нуқсон бўлмайди. Ўзга бир ҳикмат шундайки, кимки бир нарсага одат қилган бўлса, бирданига ўша одатни ташламаслиги керак, иложи борича киши ўзини фақат бир хил овқат ейишга  ўргатмаслиги лозим,  токи, ўша ейдиган овқати тасодифан йўқ бўлиб қолса, ожиз қолмасин ва ранжиш бўлмасин.

Меъда саломатлигини сақлаш иссиқ, совуқ, қуруқ ва ҳўлликда мўътадил бўлган овқатларни  истеъмол қилишга боғлиқ. Овқат орасида сув ичмаслик лозим. Иссиқ ва совуқ ҳавода  шу ҳавога мос мўътадил овқатларни ихтиёр қилиш керак. Иштаҳа келгандагина овқат ейиш керак. Меъда бузилиб бўкиш ҳосил бўлмаслиги учун овқат еяётган пайтда ҳали ейишга яна озгина  иштиёқ қолганда ейишни тўхтатиш керак.

Бир кимса дунёдан ўтган экан, қайта тирилибди. Нега ўлдинг, деб сўрашганида, овқат еб ўлдим, деб жавоб берибди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино дейди:

Агар таом чексиз лазиз бўлса ҳам,

Кўп емагин, келтиради дарду ғам.

Алишер Навоийнинг ҳикмати:

Сиҳат тиласанг, кўп ема,

Иззат тиласанг, кўп дема.

Кўп овқат еб, ранжу алам тортиш ҳақида шундай бир ҳикоят бор:

Кисронинг бир ўғли бор эди. У жуда кўп овқат ер ва ҳамиша хаста эди. Ҳеч ким унинг касаллик сабабини била олмади. Шунда бир табибни олиб келишди. Табиб йигитнинг томирига қўл қўйиб, кўп ейиши туфайли овқат ҳазм бўлмаётгани, ҳиқичоқ ва кекириш касаллигига мубтало бўлганини билди ва уни даволади.

Кисро табибдан сўради:

—Унга нима бердинг?

—Очлик! — деб жавоб берди табиб. Озгина овқатга қаноат қилиб юрган киши кам хасталанади.

Байт:

Бир  табиб бир куни бир ажиб ҳикмат,

Эл учун айтганмиш қилиб марҳамат:

— Егин, ичгин доим кўнгил тортгунча,

Нафақат бўғзингдан тошиб ортгунча.

Овқатни меъёрида ейиш борасида ҳакимлар айтадилар:

— Кимнинг ейиши оз бўлса, тана соғ бўлади… Овқатни кўп еган кишининг дил кўзи бекилади, тан мулки эса хароб бўлади.

(Ҳаким Ҳафиза).

— Кимки кўп ейишдан сақланса, кўп дори ичишдан озод бўлади.

(Луқмони Ҳаким).

— Икки нарса кишининг қалбини қорайтиради: кўп ейиш ва кўп гапириш.

(Фузайл).

— Овқат ейишнинг меъёри ва чегараси бор. Ошқозон қоп эмас, унга тиқаверма. Бўкиб емоқ — соғлиқни тўкиб емоқ.

(Ҳаким Абдулмажид Саноий).

Хулоса шуки, нафс-истак хоҳи-шига алданиб, ошқозонга зарар,  аъзои танага заҳар бўладиган тарзда кўп тановул қилмаслигимиз керак.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,

доришунос.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг