Миш-мишларга, асосланмаган хабарларга ишонманг!

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида коронавирус билан оғриган беморлар кўплиги, шифохоналарда ўрин-жойлар етмаётгани, аммо статистика яширилаётгани ҳақида асоссиз хабарлар ёзилмоқда. Бу фикрлар қанчалик ҳақиқатдан йироқ? Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

«Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария эпидемиологик осойишталик маркази бир неча маротаба айнан шу мазмундаги хабарларга расмий баёнот берган эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда куз фасли бошлангани сабабли аҳоли орасида ўткир респиратор ва аллергик касалликлар, шунингдек, пневмония кўп учрамоқда. Одатда куз фаслида бу турдаги хасталиклар қўзғалиши табиий ҳол ва бу жараён ҳар йили содир бўлади. Жумладан, бугунги кунда вилоятимиздагни шифохоналарда жами 1544 нафар беморлар ётиб даволанмоқдалар. Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган муассасаларда 16 нафар хамда амбулатор шароитда 11 нафар коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлар даволанмоқда.

Юқоридаги хасталикларнинг клиник белгилари ҳам коронавирус билан ўхшашлиги учун аҳоли орасида ўринсиз миш-мишлар, асоссиз гап-сўзлар тарқалмоқда.

Мавсумий грипп ва пневмония билан оғриган, тана ҳарорати кўтарилган касалларнинг барчасидан коронавирусга таҳлиллар олиняпти.

Касаллик аниқланган беморлар ҳақида ҳар куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан статистик маълумотлар ўз вақтида бериб бориляпти.

Ижтимоий тармоқларда ёзилаётган ўрин-жойлар тақчиллиги ҳақидаги фикрлар ҳам нотўғридир. Шу кунгача шифохоналаримизда ўрин-жойлар тақчиллиги юз бергани йўқ. Вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами билан мавжуд спорт залларида эҳтимолий 1401 та заҳира ўрин жойлари тайёрлаб қўйилган ва ҳали бу жойларга эҳтиёж туғилмади. Бундан ташқари, шароитдан келиб чиқиб хусусий клиникалар, санаторийлар, касб-ҳунар коллежлари ва лицей ётоқхоналарида ҳам ўрин жойлар ташкиллаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилган.

2020 йил 16 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокимининг “Вилоятга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, юқумли пневмония билан касалланган беморларни алоҳидалаш ва даволаш учун қўшимча муассасаларни ташкил этиш тўғрисида”ги 247-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида вилоятимиздаги мавжуд 7 та тиббиёт муассасида қўшимча 630 ўринли провизор муассасалари ташкил қилинган.

Бугунги кунда коронавирус инфекциясига гумон қилинган ҳамда тасдиқланган беморлар учун умумий 1816 та ўринга эга жами 22 та махсус ҳамда провизор муассасалар фаолият кўрсатмоқда. Лекин фуқаролар томонидан ҳам асосланмаган ҳолда шифохонага мурожаат қилиш, тиббиёт ходимлари томонидан тушунтириш тадбирларига қарамай эътироз билдириш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб турибди.

Коранавирус инфекцияси билан оғриган беморларни аниқлаш ва ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус мобил гуруҳлар ташкил қилинган, реонимобиллар ажратилган. Уй шароитида ва стационар даволанаётган беморлар учун барча зарур дори-дармонлар ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида етказиб бериляпти. Дори-дармон заҳираси етарли.

Фуқароларимиздан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ҳар хил миш-мишларга эътибор бермай, мавсумий касалликларнинг олдини олиш тўғрисида шифокорлар бераётган тавсияларга қулоқ тутишларини, карантин қоидаларига амал қилишларини сўраймиз», дейилади муносабатда.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг