Шифокор грипп ва шамоллашни даволашда энг бефойда усулларни маълум қилди

Грипп, шамоллаш каби касалликларни даволаш ва олдини олишда ҳеч қандай таъсир кўрсатмайдиган бир қанча халқ табобати усуллари мавжуд. 

Фото: 24 Канал

Россия педиатрлар иттифоқи аъзоси Ирина Добрецованинг таъкидлашича, энг бефойда усуллар орасида қайнатилган картошка билан ингаляция қилиш ҳам бор. Шифокорнинг сўзларига кўра, ушбу усул нафақат фойда бермайди, балки хавфли ҳамдир. Негаки, шиллиқ қаватларни куйдириб қўйиши ҳеч гап эмас. Болаларни даволашда мазкур усулни зинҳор қўлламаслик керак, дея таъкидлайди педиатр.

Иккинчи шубҳали восита — тоғорадаги иссиқ сувга оёқларни солиб ўтириш. Грипп ва ЎРВИда бу ҳеч қандай ёрдам бермайди. Бундай ванналардан бошқа мақсадларда фойдаланган маъқул. Масалан, ишдан сўнг стрессни олиш учун айни муддао. Бунда илиқ сувга хушбўй мойлар, оёқни массаж қилувчи шарчалар қўшиш тавсия этилади.

Вирусли респираторли касалликларнинг олдини олишда лимон, аскорбинка ва С витаминининг бошқа манбаларидан фойдаланиш самара бермайди. Мазкур витамин организмнинг инфекцияларга мойиллигига таъсир кўрсатмаслиги илмий жиҳатдан исботланган.

Унинг фикрича, саримсоқли «тумор» ҳам ҳеч қандай фойда бермайди.

«Саримсоқни бўйинда ёки чўнтакда олиб юриш — ҳамкасб ва қўшниларни қўрқитишнинг яхши усули. Бу коронавирус пандемияси даврида ижтимоий масофа сақлаш учун ажойиб чора», — дейди Добрецова.

Шифокор қўл ювиш, юзни ушламаслик, одамлар тўпланадиган жойларга бормасликни тавсия этади.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг