Магистр Шоҳрух Аҳмадалиев яна бир инновацион лойиҳага қўл урди

Андижон Давлат Тиббиёт Институти Болалар анестезиологияси ва реаниматологияси йўналиши 2-босқич магистратура талабаси Шоҳрух Аҳмадалиев ҳамда кафедра мудири доцент Шерзод Тошбоев билан COVID пандемияси шароитида реанимация ва интенсив терапия бўлимларида даволанаётган беморларнинг аҳволини интеграллашган мониторинг қилиш дастурини яратишга муваффақ бўлдилар.

Коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб кескин тарқалиши, кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини катта ташвишга солмоқда. Ушбу инфекцияга чалинган беморлар ўта оғир ҳолатларда интенсив палаталарда кузатув остида даволанадилар. Беморларни сон жиҳатдан кўплиги уларнинг ҳар бирига индивидуал ёндашув учун шифокорлардан кўп вақт ва энергия талаб қилади. Шунингдек, уларнинг ҳолатини бир вақтнинг ўзида кузатиш мушкул. Беморлар ҳолатининг динамика чегараси ноаниқ қолиши, навбатчи шифокор учун қийинчиликлар туғдирмоқда. Шифокорлар беморлар билан узоқ муддат алоқада бўлаётганлиги сабаб, уларнинг касалликка чалиниш хавфи ортмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан йўлга қўйилаётган «Электрон тиббий карталар» жорий қилиш лойиҳасининг кейинги бўғини бўлиши кутилаётган стационар, хусусан реанимация ва интенсив терапия бўлимлари кесимида беморлар ҳолатини интеграллашган мониторинг қилувчи компьютер дастурини яратиш билан юқоридаги муаммоларни бартараф қилиш мумкин.

Инновацион ишланма муаллифи Шоҳрух Ахмадалиевнинг таъкидлашича, коронавирусли инфекция ўпкаларни жиддий зарарлаши оқибатида беморлар сунъий ўпка вентиляция аппаратига олиниб, ҳаётий муҳим органлари ҳолатларини кузатиш учун кўп функцияли реанимацион — анестезиологик мониторга уланади ва айнан шу беморга тегишли кўрсатгичлар олинади.

Жумладан, кўп функцияли реанимацион — анестезиологик монитор бизга ноинвазив усулда беморнинг артериал қон босими, пульси, қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини (сатурация), юрак электрокардиографик маълумотларини, тана ҳароратини ва қондаги карбонат ангидритнинг миқдорини (агар мониторда капнограф ҳам бўлса) доимий кўрсатиб туради.

Сунъий нафас аппарати эса бизга нафас билан боғлиқ барча маълумотларни, хусусан, минутлик нафас ҳажми, нафас сони, кираётган газлар таркибидаги кислород ва карбонат ангидрит концентрациясини, нафас охиридаги мусбат босимини ва бошқа кўрсатгичларни намоён қилади.

Интеграллашган мониторинг деганда биз интенсив бўлимлардаги оғир аҳволдаги беморларга уланган юқоридаги ускуналардан келувчи барча кўрсатгичларнинг маълумотларини якка компютерга бевосита узатилишини ва махсус дастурда кузатишни назарда тутмоқдамиз. У тахминан шундай бўлади:

Юқоридаги панел сизга бир вақтнинг ўзида бўлимдаги барча беморлар тўғрисида ахборот беради, сиз уларнинг ҳар бирига бориб кузатишингизга хожат қолмайди.

Агар сиз фақат бир беморнинг аҳволини динамикада кузатмоқчи бўлсангиз, мазкур беморнинг якка панелиги ўтасиз. У тахминан қуйидагича бўлиб беморга тегишли бўлган барча кўрсатгичларнинг график тасвирини намойиш қилади. Агар кўрсатгичлар нормативга мос келмаса графикдаги чизиқлар қизил рангга ўтиб тревога сигналини пайдо қилади.

Агар интеграллашган мониторинг дастури йўлга қўйилса юқоридаги барча муҳим кўрсатгичлар ва маълумотлар ортиқча тиббиёт ходимлари иштирокисиз амалга оширилади. Натижада тиббиёт ходимларининг касалликка чалиниши ва касалхона ичи инфекцияси олди олинади.

Беморлар хақидаги маълумотлар компьютер базасига сақланиб қолиниб, у хақдаги қўшимча маълумотлар ҳам киритилиб борилади. Ушбу дастурда йиғилган маълумотлар ретроспектив таҳлиллар ва тадқиқлотларни амалга ошириш учун анча қулайлик яратади.

Хабарингиз бор, Ш.Ахмадалиев мактабгача ва кичик мактаб ёшдаги болаларда ясси оёқликни олдини олиш ва самарали даволаш мақсадида ишлатиладиган универсал ортопедик пойабзалини яратган эди. Шунингдек, у тиббиёт йўналишидаги «Diagnostik championship» (Диагностика чемпионати) интеллектуал ўйини ташаббускорларидан биридир.

Иқболжон Абдужабборов, журналист

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг