Тажрибали шифокор ва меҳрибон устоз эди

Инсон умри қанча яшагани билан эмас, қандай яшагани билан баҳоланади. Айримлар юз йиллаб яшаса ҳам, элга нафи тегмаслиги мумкин. Лекин шундай одамлар бўладики, қисқа ҳаёт кечирса ҳам, умри халққа хизмат қилиш билан ўтади, одамларга мудом яхшилик қилади, элнинг дуосини олади.

Элнинг меҳри ва ҳурмати эса энг олий мукофотдир.

Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Авазбек Ғаниев ҳам ана шундай фидойи, эл-юрт меҳрига сазовор инсон эди.

Бевақт ўлим уни шу йил 16 сентябр куни орамиздан олиб кетди.

А.Ғаниев 1958 йил 18 май куни Марғилон шаҳрида шифокорлар оиласида туғилган.

1981 йилда Андижон Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган.

Унинг меҳнат фаолияти ўзи туғилиб, ўсган Марғилон шаҳри билан чамбарчас боғлиқ. 1981-1982 йилларда Марғилон шаҳар марказий шифохонасида жарроҳлик йўналиши бўйича интернатурани тамомлаб, 1982 йилдан 1991 йилгача Марғилон шаҳар Ипакчи тиббиёт санитария қисмида жарроҳ бўлиб иш фаолиятини бошлаган.

1991-1992 йилларда Марғилон шаҳар Ипакчи тиббиёт санитария қисми бош врач муовини, 1992 йилдан  2006 йилгача шу муассаса бош врачи, 2006 йилдан 2013 йилгача Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимларида ишлади.

2013 йилда эса Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Авазбек Ғаниев раҳбар бўлиш билан бирга, ўзининг тиббий билимларини муттасил бойитиб борди. 2015 йилда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида «Фитотерапия хизматини даволаш муассасаларида ташкиллаштириш», шу йил Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида «Ислоҳотларни янада чуқурлаштириш босқичида Соғлиқни сақлаш тизими бошқариш жараёнини такомиллаштириш», 2018 йилда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида  «Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш» курсларида иштирок этиб, махсус сертификатга эга бўлди.

У “Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш” мутахассислиги бўйича  I-тоифага эга эди.

Қаҳрамонимиз раҳбар сифатидаги фаолияти давомида шаҳар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишда қулайлик яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратди.

Даволаш-профилактика муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2013 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Узэкспорт» корпоратив биржасида фаол қатнашиб, шаҳар марказий шифохонаси, шаҳар болалар шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиникага мебел жиҳозлари олиб келди.

Марказий шифохонада электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш учун янги тармоқлар тортилди, махсус трансформатор ўрнатилди. Туғруқ комплекси, шаҳар шифохонасига қуёш батареяси қўйилди, 4 та даволаш профилактика муассасалари электрогенератор билан таъминланди.

А.Ғаниевнинг ташаббуси билан силга қарши курашиш диспансери ва шаҳар шифохонасининг шошилинч тез ёрдам кўрсатиш бўлими Инвестиция дастурига киритилиб, 45 даволаш ўрин жойга эга бўлган янги 3 қаватли йўлдош бино қуриб битказилди.

Шунингдек, шаҳар шифохонасининг режали хирургия, кардиология, ЛОР, терапия, реанимация, марказий ҳисобхона, қон қуйиш, бактерологик лаборатория бўлимлари тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, ходимлар ва беморларга қулай шароит яртилди.

Авазбек Ғаниев шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарлиги даврида кадрлар билан таъминот, кадрлар малакасини ошириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикаси, аҳоли тиббий саводхонлигини ошириш, хусусий тиббий сектор фаолиятини кенгайтиришга ҳам алоҳида этибор қаратган.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликларнинг олдини олиш, даволаш стандартлари, тиббиётга янги технологияли амалиётларни тадбиқ қилишда ҳам раҳбар сифатида жуда кўп ташаббусларни илгари сурган.

Устознинг касбини бугун ўғли Алёрбек Ғаниев муносиб давом эттирмоқда. У отасининг берган ўгитларига амал қилиб, юқори билим ва салоҳиятга эга кардиолог бўлиб етишди. Ҳозир пойтахтдаги тиббиёт муассасаларидан бирида фаолият кўрсатмоқда.

А.Ғаниевдан яхшилик кўрган, шифо топган кишилар, шогирдлари унинг ўлимидан чуқур қайғу ва изтиробга тушдилар.

Дони халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган ибратли нақл бор. Тажрибали устоз гарчи фоний дунёни тарк этган бўлса-да, унинг яхши ишлари, порлоқ хотираси барча тиббиёт ходимлари қалбида абадий сақланади.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати,

Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси маъмурияти.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг