Россиялик шифокорлар фарғоналик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишди

Маълумки, бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифи билан мамлакатимизга Россия Федерациясидан 38 нафар шифокорлар ташриф буюрган эди. 

Россиялик шифокорлар гуруҳи Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги даволаш-профилактика муассасаларида бўлиб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишди ва амалий-услубий ёрдам беришди.
Россиялик мутахассислар 10-15 сентябрь кунлари Фарғона вилоятида ҳам бўлдилар.

Улар вилоятимиздаги кўплаб даволаш-профилактика муассасаларига бориб, у ердаги шарт-шароит, даволаш стандартлари билан яқиндан танишдилар. Турли хасталиклар билан даво муолажалари олаётган беморларнинг ҳолати юзасидан фарғоналик врачлар билан ҳамкорликда кўрик ва маслаҳатлашувлар ўтказишди.

Жумладан, Россиялик шифокорлар гуруҳи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 2-сонли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, Қўқон, Қувасой шаҳар, Данғара, Бувайда, Учкўприк, Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмаларида бўлдилар. Мазкур шифохоналарда эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, пневмония касаллиги билан даволанаётган 20 нафарга яқин беморларда касалликнинг кечиш жараёнини ўрганиб, даволаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар беришди.

Масалан, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётган 1956 йилда туғилган бемор Э.Б нинг ҳолати кўздан кечирилиб, маҳаллий шифокорлар томонидан ўтказилган текширувлар ва қўйилган ташҳис россиялик мутахассислар томонидан маъқулланди. Ушбу беморни даволашга қўшимча тавсиялар берилди.

Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанаётган 1959 йилда туғилган бемор М.М га қўйилган ташҳис ҳам россиялик шифокорлар томонидан тўғри деб баҳоланиб, ушбу беморни даволашда қўшимча препаратлар тавсия қилинди.

Қўқонга шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари учун россиялик мутахассислар иштирокида Covid-19 вирусининг олдини олишга қаратилган профилактик чоралар, пневмония кассалиги билан касалланган беморларни даволаш ҳамда келгусида Covid-19 вируси аниқлангудек бўлса қандай тартибда даволаш чораларини кўриш бўйича амалий семинар ташкил этилди.

Хорижлик мутахассислар вирусга қарши курашишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва пандемия нисбатан енгил ўтган хорижий мамлакатлар тажрибасига асосланиб, ўз таклифларини билдирдилар.
Россиялик тиббиёт ходимлари вилоятимиздан яхши таассурот билан қайтишди.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси ахборот хизмати

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг