Ҳамшира таълими ўрта маълумот билан чегараланмайди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва KIHASA институти (Корея Республикаси) ўрта тиббиёт ходими таълими ва малакасини такомиллаштиришнинг халқаро тажрибасини муҳокама қилдилар.

Мазкур масала Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари, ҳудудларнинг ўрта тиббиёт ходимларига таълим беришга ихтисослашган тиббиёт таълим муассасалари директорлари иштирокида бўлиб ўтган онлайн конференция кун тартибидан ўрин олди.

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан Корея Республикасида ҳамширалар нафақат ўрта махсус таълимига эга бўладилар, улар шунингдек, бакалавриат ва магистратурани тугатиб, олий маълумотга эга бўлишга интиладилар. Бу ўрта тиббиёт ходимларига, фақатгина шифокорлар ёрдамчилари эмас, балки мустақил тиббиёт ходимлари бўлиш имконини ҳам яратган.

Шу билан бирга ҳамшираларнинг касби бўйича ваколатини ошириш шифокорларнинг ўзларининг ҳам ишларини енгиллаштиради. Улар ўз ўрнида бундай мутахассисларга ўзлари бажаришга мажбур бўлган бир қатор вазифаларни ҳам ишониб топширади.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари бўйича Корея институти (KIHASA) вакили Сеул Ки Чой онлайн форум иштирокчиларига Корея Республикасидаги замонавий ҳамшира таълими тизимига бағишланган ушбу мавзуни тақдим этди.

Конференция давомида шунингдек, Ўзбекистонда «ҳамшира таълими»ни ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чоралар ҳам муҳокама этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фан ва таълим бош бошқармаси етакчи мутахассиси Лутфи Юсупова, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази директори Лола Мусаджановалар сўз юритдилар.

Муҳокама этилган масалаларнинг долзарблиги ва Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари бўйича Корея институтининг тадқиқот ишлари тажрибасини инобатга олган ҳолда томонлар ҳамкорликдаги ишларини давом эттиришга келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорлик мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш учун тавсиялар тайёрлашни, ушбу тоифадаги мутахассисларнинг ваколатини, статусини ва нуфузини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган. Айниқса Корея мисолидаги, бу йўналишдаги муваффақиятли халқаро тажриба ушбу йўлнинг самарали эканлигини исботлади.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг