“Оналар ҳеч қачон ўлмасин!” дейди Фарғона вилоят перинатал маркази реанимация бўлими мудири Вахобидин Убайдуллаев

Юксак мукофот соҳиблари

Дунёда оналардан мўъбатар ва азизроқ инсон йўқ. Улар ҳаёт бешигини тебратувчи, бир парча этни оқ ювиб, оқ тараб мукаммал инсонга айлантирувчи буюк тарбиячилардир. Шу боис муқаддас китобларда ҳам “Жаннат оналар оёғи остидадир”, дея марҳамат қилинган.

Ҳар қандай қиз улғайиб бир куни она бўлади. Она бўлиш эса бу улкан масъулият ва катта бир синовдир. Агар қиз фарзанди ўстираётган оилалар фарзандининг саломатлигига бефарқ бўлмаса, қайнона-қайноталар келинларини қиздек кўриб, ҳомиладорлигида яхши парвариш қилишса, ҳеч қачон оналар бевақт ўлмайди.
Бу фикрлар Фарғона вилояти перинатал маркази реанимация бўлими мудири, 24 йиллик тажрибага эга, олий тоифали шифокор Вахобидин Убайдуллаевнинг юрагидан чиқаётган мулоҳазалардир.

Қаҳрамонимиз шу йил мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида Президентимиз Фармонига кўра II-даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланди.

Вахобидин Убайдуллаев фаолият кўрсатаётган жонлантириш бўлимида жарроҳлик амалиётларидан сўнг саломатлиги тикланиши зарур бўлган, туғруқдан кейинги асоратлари, турли оғир хасталиклари бор аёллар даволанадилар. Уларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга, парваришга муҳтож бўладилар.

– Мен ҳар бир беморни кўздан кечираётганда аввало уни она сифатида эъзозлаб, уйида интизор кутиб ўтирган болаларини, турмуш ўртоғини, оиласини ўйлайман, – дейди қаҳрамонимиз. – Шу боис барча чора-тадбирларни кўриб, ҳар бир онани тезроқ оёққа тургизишга, оиласига соғ-саломат қайтаришга ҳаракат қиламан. Жамоадошларим билан доим бир хил ният қиламиз: Ҳеч қачон оналар ўлмасин, болалар чирқираб, етим қолмасин!”

Тажрибали шифокор вилоят перинатал маркази реанимация бўлими бошлиғи сифатида шаҳар-туманлардаги туғруқ уйлари, туғруқ бўлимларига ҳам жадвал асосида ёки шошилинч ҳолатларда бориб, ҳамкасбларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади. У ердаги оғир беморларни, яъни, оналарни ҳаётга қайтаришда кўмак кўрсатади.

Қаҳрамонимиз 2012-2013 йилларда республика миқиёсида биринчи бўлиб ҳомиладор аёллардаги пневмония касаллигини даволаш амалиётида «Сурфактант» дори воситасини қўллаб, аёлларни соғломлаштиришда катта натижага эришган. Бу тажриба ижобий самара бериб, ўшанда оналар ўлими кўрсаткичи 90 фоизга камайган.

В. Убайдуллаев сунъий нафас бериш ускуналари билан ишлаш бўйича жуда катта тажрибага эга. Бу борада шаҳар-туманлардаги барча реаниматолог–анестезиологларга доим маслаҳат ва амалий ёрдам бериб келади.
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббий маркази, Республика перинатал маркази, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали ва Фарғона 1-тиббиёт коллежи билан мустаҳкам ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган шифокор аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик бўйича ўтказиладиган тарғибот ва ташвиқот ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда.

Камтарин ва фидойи шифокорнинг давлат мукофотига сазовор бўлгани жамоадошлари ва оила аъзоларини ҳам беҳад қувонтирди. Бу хушхабарни эшитганлар “Вахобидин ака чиндан ҳам мукофотга лойиқ шифокор, фидойи инсонлар ҳеч қачон эътиборсиз қолмас экан” деб хурсанд бўлишмоқда.

Чиндан ҳам, Ватанимизда эл-юрт манфаатлари йўлида ҳалол ва садоқат билан меҳнат қилган, халқнинг дуосини олган бирорта инсон эътиборсиз қолмайди.

Абдувосит СИДИҚОВ,
вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг