Муҳаррирнинг ҳаёт йўли ёҳуд «Фарғона шифокори» ҳақида сўз

Қўшалоқ сарлавҳага ажабланманг. Шунга арзийдиган воқеа ҳақида хабар беришга бурчлимиз, деб ўйлайман. Аслида эл саломатлиги ҳақида қайғуришга, бу ишларни яхши йўлга қўйишга ҳеч қайсимиз бефарқ эмасмиз. Шу боис Истиқлолнинг дастлабки кунларидаёқ тармоқ матбуотининг илк қалдирғочи – «Фарғона шифокори» қанот ёзди. Вилоят Соғлиқни сақлаш ходимларининг тиббий-ижтимоий газетаси 1991 йил февраль ойида асос солинди. Демак, 29 ёшга тўлиб, навқиронлик палласига етган бу нашр одамларга тиббий маърифат тарқатиб, хайрли ишни бажариб келмоқда.

Бугун «Фарғона шифокори» нинг Бош муҳаррири Ҳасанбой Абдужабборов муборак 70 ёшга етиб, Мустақиллик байрами кунида ўз таваллуд кунини нишонламоқда. Айтадиларки, навқиронлик ва мўътабарлик – узвий тушунчадир. Инсон ҳаётининг тўкислиги, баркамоллиги – ана шу ҳолатларнинг чиройлиги, маънодор-лиги билан боғлиқдир. Мўътабар ёшида навқирон газета муҳаррирлигини бажариб турган, касбдошимиз Ҳасанбой Абдужабборовни қўшалоқ байрамлар билан чин дилдан, самимий қутлашимиз тақдирнинг аъло аломатидир.

Ахборот бозори қайнаган шароитда тармоқнинг ўзига хос жиҳатларини кўнгилдагидек қилиб, одамларга нафи етадиган тарзда ёритиб бориш осон эмас. Бунинг учун ижодий иқтидор билан бирга, тиббий билимдан, касб-одобидан хабардорлик, хушхулқлик ҳам керак бўлади. Шу фазилатларни аввало муҳарриримиз ўзида мужассам эта олганми? Унинг ҳаёт йўлига назар ташласак, бу саволга «ҳа» деб жавоб берса бўлади.

Бешариқ туманининг Наби қишлоғидан бўлмиш Ҳасанбой серфарзанд оилада ўсди. Ўнта бўлса, ўрни бошқа, деган ҳикматга амал қилиб, Абдужаббор ва Нортожи Ёрматовлар оиласи 10 ўғил-қиз кўришди. Яратган Эгам 4 қиз, 4 ўғилни умри-ризқи билан берган экан, ўниб-ўсиб, болали-чақали бўлиб кетишди.

– Отам жуда жонсарак эдилар,– дейди Ҳасанбой,– бошланғич синф болаларини ўқитишарди. Ўзлари фронтовой эдилару, велосипедини ғиззиллатиб, энг чекка қишлоқларга қатнаб ишлашарди. 1939 йилда Фин урушига кетиб, II жаҳон уруши жангларида, Япония милитарислари билан бўлган тўқнашувларда қатнашиб, саккиз йилда соғ-омон қайтиб келишган. «Қийинчиликлардан қўрқма, сабр-бардошли бўл. Ишингни билиб қил» дея насиҳат қилишарди доим.

Ота сўзини қулоғига қуйиб олган фарзанд ўзини илмга урди. Врач бўлиб, одамлар саломатлиги йўлида хизмат қилишни дилига тугиб, ТашМИга йўл олди. Кириш имтиҳонларидан ўтди-ю, мондатдан ўтолмай қолди. «Хоҳласаларинг олган баҳоларинг билан мед-техникумда ўқишларинг мумкин» дейишди. Жон деб рози бўлди йигит ва фельдшерлик ихтисоси бўйича ўрта-махсус маълумот эгаси бўлди. Аммо шифокорлар ҳаёти ҳақида ёзишга, тиббий билимлар тарғиботига қизиқиши уни тинч қўймади. Шу қизиқиш билан Тошкент Давлат университетининг Журналистика қуллиётини битириб, журналист иқтисосини эгаллади. Кўп йиллар вилоят радиосида мухбир, муҳаррир вазифаларида хизмат қилди. Мана, 29 йилдан ошдики, «Фарғона шифокори» Ҳасанбой Абдужабборов имзоси билан чиқмоқда. Бу орада Ҳасанбой яхшигина, маърифатли оила қуриб, солиҳ фарзандлар ўстирди. Турмуш ўртоғи Тўлқиной Абдужабборова олий тоифали педагог, ўғил-қизлари, келинлари олий маълумотли мутахассислар бўлиб етишган.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Соғлиқ сақлаш тизимида ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Малакали тиббий хизмат кўламлари кенгайди. Тармоқ замонавий медицина жиҳозлари, мутахассислар билан мустаҳкамланди.

Тиббиёт газетаси ана шулар ҳақида ёзмоқда. Катта медицина тамаддудини ифода этадиган материлларни, ахборотларни муштарийларга етказмоқда. Мутахассисларнинг маслаҳатлари, тавсиялари, шифохоналарда озодагарчиликни сақлаш, аҳоли экологик маданиятини ошириш масалаларига доир материаллар ўрин олган.

Архив сурат

Умуман, муҳаррирнинг медицина соҳасидан хабардорлиги, ўзига хос босиқ, хушфеъл, андишали одоби – газета саҳифаларини таги пуч, шов-шув ахборотлардан ҳоли қилиб, сермазмун, ҳаётга яқин ҳолатда чиқаришга ёрдам бермоқда, деса бўлади.

«Фарғона шифокори» таҳламлари билан танишиб, муҳаррири билан суҳбатлашсангиз – таниқли ёзувчи ва олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг мана бу сатрлар ёдингизга келади.

«Журналистикада ўзини-ўзи бошқариш тизимини яратишнинг энг муҳим омили эса журналистнинг касб-одоби билан боғлиқ».

Демак, маҳаллий матбуотнинг ҳам мустаҳкам, элга нафи тегадиган маънавий-маърифий салоҳиятини таъминлаш – журналистларнинг, муҳаррирнинг миллий аҳлоқ-одоб қадриятларига таянган ҳолда онгли ихтиёрийлилигини талаб қилади.

Ҳамкасбимизни мустақиллик байрами ва таваллуд айёми билан табриклаб, оилавий тотувлик ҳамда узоқ умр тилаймиз.

Толиб ТУРСУН, фахрий журналист

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг