«Мен ўз касбимни севаман»

Аёл кишининг бахти, иқболи аввало унинг тинч-тотув оиласида, фарзандлари ва албатта, хотиржам турмушида дейишади. Аммо, орамизда оила билан биргаликда ўз севган касбини ҳам бирдек масъулият билан адо этадиганлар кўп. Ана шундай самимий, дилкаш ва фидоий аёлларимиздан бири Фарғона вилояти Перинатал маркази шифокори Раъно Сулеймоновадир.

-Шифокорлик касбимга меҳр қўйдим. Салкам 30 йилдан бери шу соҳадаман. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ишладим. Баъзида раҳбарликка номзодимни қўйишди. Лекин мен оддий шифокор бўлиб ишлашни, беморлар билан бирга бўлишни хоҳладим.

Р. Сулейманова айни дамда Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бўлими билан ҳамкорликда репродуктив саломатлик ва тиббий маданият асосларига бағишланган ўқув-семинарларда қатнашмоқда. Жойларда соғлом турмуш тарзи ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича суҳбатлар уюштириб, тавсиялар бермоқда.

-Вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги устувор вазифалар, оналар ва болалар саломатлигини тиклашнинг долзарб масалалари, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга оид мавзуларда жойларда маърузалар ўқийман, тарғибот учрашувлари ўтказишни анъанага айлантирдим. Мен ўз касбимни севаман, — дейди Р. Сулайманова.

Раъно опанинг ажойиб ҳислатларидан бири шуки, даволаган беморлари то соғайиб кетгунича кўнгли тинчимайди. Хаста бўлиб келган ҳар бир кишига аввало ширинсуханлик билан муомалада бўлади, касаллиги тузалиб кетишига ишонтиради. Тажрибали шифокор қўлида даволанганларнинг ҳаммаси ундан миннатдор. Чунки у бемор билан суҳбатлашиш жараёнида аниқ ташхис қўяди.

Эл саломатлиги йўлида ўзидаги бор билим ва тажрибасини сафарбар этиб келаётган моҳир шифокорнинг кўп йиллик меҳнатлари эътиборсиз қолмади. Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотлади.

Бугун тиббиёт соҳасида Раъно опага ўхшаш билимдон врачларга эҳтиёж катта. Шу боис нафақага чиққан бўлса-да, жамоада меҳнат қилиб, шоигирдлари ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Энг муҳими эса, оналар ва болалар соғлигиасраш  йўлида элнинг олқишига сазовор бўляпти.

Иқболжон АБДУЖАББОРОВ,

Абдувосит СИДИҚОВ.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг