«Diagnostik championship» давом этади

Хабарингиз бор, фарғоналик шифокор-магистр Шохруҳ Ахмадалиев ташаббуси билан Республикада илк бор тиббиёт йўналишида «Diagnostik championship» (Диагностика чемпионати) интеллектуал ўйинини ўтказган эди.

Мазкур тадбир анестезиология-реаниматология, болалар анестезиологияси ва реаниматологияси кафедра мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Шерзод Тошбоев, кафедра ходимлари ҳамда 2-курс магистри Ш.Аҳмадалиев ташаббуси билан ташкил этилган.

Бутун дунёда коронавирус пандемияси сабаб ушбу тадбир тўхтаб қолган эди. Янги ўқув йилида яна ўтказиш режалаштирилган.

-Интеллектуал ўйинни ўтказишдан мақсад ўйин қатнашчиларининг клиник фикрлашини ривожлантириш, рақобатдош кадрларни етиштиришга ҳисса қўшиши, клиник, лаборатор ва инструментал ташхислар натижаларини интерпритация қилишни ўзлаштириш, тўғри ва аниқ ташхислашни ўрганиш, шифокорлик масъулиятини талабаликдан ҳис қилишларига замин яратиш, иштирокчиларни ўз билим ва маҳоратларини баҳолай олишларига қулай имконият яратишдан иборатдир,-дейди доцент Ш.Тошбоев.

“Диагностика чемпионати”ида юқори курс талабалари ва магистрлардан иборат 2 та жамоа иштирок этиб, ўз билимларини синовдан ўтказадилар. Иштирокчилар тиббиётга оид бир-биридан мураккаб ва қизиқарли бўлган вазиятли масалаларга тўғри ташхис қўйишиб, тиббиётнинг барча йўналишларида ўзларининг қай даражада билимга эга эканликларини намоён этадилар.

Эслатиб ўтамиз, илк ўтказилган интелектуал ўйин ўзаро дўстона ва самимий руҳда ўтиб, фаол иштирокчиларга сертификатлар, ғолиб жамоага эса  эсдалик кубоги топширилганди.

Иқболжон Абдужабборов,

журналист

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг