Инновацион ғоялар болалар саломатлиги учун

Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси Реанимация-анестезиология бўлими шифокори Шохруҳ Аҳмадалиев шифокорлик касбига ўзгача меҳр қўйиб, соҳада самарали фаолият кўрсатиб келаётган ёшлардан биридир. Ёш бўлишига қарамай бу соҳада астойдил меҳнат қилиб, катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

Ш.Аҳмадалиев бугунги кунда Андижон давлат тиббиёт институти магистранти. У болалар жарроҳлиги травматологияси ва ортопедияси йўналишларида янги, инновацион ғояларни кашф этиб, тиббиётга янгиликларни олиб кирмоқда. Хусусан мактабгача ва кичик мактаб ёшдаги болаларда ясси оёқликни олдини олиш ва самарали даволаш мақсадида ишлатиладиган универсал ортопедик пойабзалини яратди.

Мазкур Инновацион лойиҳанинг долзарблиги шундаки, яссиоёқлик оёқ кафтининг мураккаб ва энг кўп учрайдиган деформацияси бўлиб, унда товон таги узунасига ерга тегиб туради. Соғлом товон тана ҳаракатланишида асосий таянч марказидир, у танани зарб ва силкинишлардан сақлаб, юришга енгиллик ва майинлик бағишлайди.

Ясситовонлик эса аксинча товоннинг ўзига хос амортизация вазифасини бузади ва таянч фаолиятини сусайтиради. Юриш вақтида ҳамма куч, силкиниш болдир, чаноқ-сон бўғимига, бел умуртқа поғонасига тушади ва бунинг оқибатида бўғим касалликлари — артрозлар, умуртқалар поғонаси қийшайиши – сколиоз касаллигини келиб чиқади. Ясситовонлик касаллиги қанча тез аниқланса ва унинг даволаниши қанча барвақт бошланса, юқорида айтилган касалликларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистик маълумотларига назар солсак, икки ёшли болаларда 24%, тўрт ёшли болаларда 32%, 6 ёшли болаларда 40% ва 12 ёшли болаларнинг ҳар иккисидан бирига ясси оёқлик ташхиси қўйилиши мумкин.

Боланинг оёқ кийими унинг физиологик ривожланишида муҳим ўрин тутади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тезкор ўсиш даври ҳисобланган 5-6 ёшдаёқ айрим болаларда ортопедик нуқсонлар пайдо бўлмоқда. Масалан, нотўғри оёқ кийим танланиши туфайли 7 ёшдаги болалар орасида биринчи ва иккинчи даражали яссиоёқлик тез-тез кузатилмоқда. Гарчи оёқ кийими масаласи бугун кўпчилик ота-оналарни ташвишлантирмаётган бўлса-да, бу муаммо мутахассисларни жиддий хавотирга солмоқда.

Тадқиқотлар Андижон шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида, кичик мактаб ёшидаги болаларда олиб борилди. Плантография кўриклари натижасида 286 боладан 118 нафарида ясси оёқликнинг у ёки бу даражасини аниқланди.

1 ёшдан 10 ёшгача бўлган 286 нафар боланинг 100 нафарида биринчи даражали, 101 нафарида иккинчи даражали ва 85 нафарида учинчи даражали яссиоёқлик аниқланди. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти резина ва чармдан бўлмаган маҳсулотлардан тайёрланган пойабзаллар кийишар, ота-оналари ҳам оёқларининг тўғри ривожланишига таъсир этувчи омиллар ҳақида етарлича маълумотга эга эмас экан.

Ясси оёқлик мавжуд болалар кўп тик тура олмайдилар. Улар тез толиқадилар, оёқ ва сонлардаги оғриқлар ҳақида шикоят қиладилар. Ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янгича, универсал ортопедик пойабзални ўзида ясси оёқлиги бор бўлган беморларга тавсия этилади.

1. Майда ҳажмли массажёрлар 2. Йирик ҳажмли массажёрлар 3. Патак устки қавати 4. Амартизатор 5. Супинатор 6. Гранитол

Маълумки, оёқ панжаси гумбаз соҳасига ўрнатилган махсус ярим овал шаклдаги пўкакдан ясалган супинатордан иборат патаклар ушбу хасталикни даволашда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу пойабзалнинг бошқа турдаги аналогларидан асосий фарқи шундаки, патакнинг асосий қисми бўлмиш супинаторлар болалар товонининг ёшга хос анатамо-функционал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ясси оёқликнинг ҳар бир даражаси учун алоҳида-алоҳида ҳажмларда тайёрланган. Айтайлик бола оёғининг ўлчами 20 бўлса, ҳудди шу ўлчамга эга бўлган ортопедик пойабзалда 3 турдаги, яъни I-даражали ясситовонлик учун 20 — “А”, II-даражалиси учун 20-“В”, ҳамда III-даража учун эса 20-“С” турдаги супинаторлар тафовутланади. Супинатор “А” баландлига 8 мм.ни, “В”нинг баландлиги 10 мм.ни, “С”нинг баландлиги эса 12мм.ни ташкил қилади. Шу боис беморлар аввалгидек ортопедик устахоналарга бориб, буютмаларини узоқ кутишларига ҳожат қолмайди.

Шунингдек, патакнинг устки қисмига оёқдаги акупунктур нуқталарига мос равишда магнит массажёрлар ўрнатилган бўлиб, у бир вақтнинг ўзида оёқда қон айланишини ва бир қанча акупунктур нуқталарга таъсир қилиб, шу нуқталарга хос ички органлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Пойабзалнинг устки қисмида ҳам бир қанча хусусиятлар жамланган бўлиб, у аввало уй шароитида, болалар боғчасида кийишга мўлжалланган. У бола оёғига зарарсиз, кун давомида кийиб юрса бўладиган қилиб тайёрланади. Унинг йилнинг иссиқ ва совуқ фасллари учун алоҳида турлари яратилди.

Яссиоёқликнинг биринчи даражасига учраган мактабгача ёшдаги болаларга мунтазам супинаторли пойабзаллар кийдириб борилса, 9-10 ёшгача, иккинчи даражаси 12-14 ёшгача ва учинчи даражаси 14-15 ёшгача улар бу дарддан фориғ бўлишади.

Ушбу пойабзалга “Right steps” деб ном берилди, сабаби у “Тўғри қадамлар” деган маънони англатади.

Андижон давлат тиббиёт институти Болалар анестезиологияси ва реаниматологияси йўналиши 2-бочқич магистратура талабаси Ш. Аҳмадалиевнинг инновацион ишланмалари истиқболли лойиҳа сифатида институтнинг инновацион лойиҳалар банкига киритилган ва ҳозирда мазкур лойиҳа юзасидан тадқиқот ишлари якунланмоқда.

Иқболжон Абдужабборов,

журналист

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг