Кўзингизни очинг, соғлигингиз ўзингизга керак

Фото: graycell.ru

Аввало, бўлиб ўтаётган воқеаларга назар солинг: Коронавирусдан энг кўп қони қуюқ, қандли диабети бор, жигар хасталикларига чалинган, семиз ва бошқа ёндош касалликлари мавжуд одамлар азият чекмоқда. Шундай аҳволга тушишимизга ҳам ўзимиз сабабчимиз. Тартибсиз овқатланиш, ҳаракатсизлик, носоғлом руҳият, нафсимизга қулоқ солиб иродасизлик қилганимиз натижасида юқоридаги касалликларни орттириб олганмиз. Шунинг учун, агар, сиз соғлом бўлишни истасангиз, касалликка чалинмасданоқ ақлни ишлатинг ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилинг.

Биз ҳаёт қонунларини бузиб қўйдик, бунга биргина мисол: буғдойнинг кепагини ташлаб (асосий витаминлари шунда) оқ унини истеъмол қила бошладик. Бунинг эвазига, албатта, жавоб бериб келмоқдамиз. Оқ ундан қилинган ҳар қандай маҳсулотдан воз кечиш вақти келди, бўлди, қора ундан, табиий ёғларда пиширилган нонларни истеъмол қилишни бошлайлик.

Бизнинг таъм сезиш органларимиз ўзгарди. Кучли кимёгар ва маркетологларнинг алдовига чув тушдик. Ҳақиқий, асл таъмни бемаза, сунъий маҳсулотларни эса маззали дейдиган авлод вояга етди. Ушбу авлоднинг касал бўлмаслигига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар қандай табиий бўлмаган ичимлик ва ширинликлардан воз кечиш вақти келмадими? Сунъий маҳсулотларга муккасидан кетиб қолганларни қийналаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Наҳотки шунча нарсани кўриб ҳам баъзиларнинг кўзи очилмаса?

Кундалик бажарадиган ишларимизни ҳам автомат машиналарга топшириб, ўзимиз фақат қорин тўйдиришга ва ухлашга мойил бўлиб қолдик. Аммо, тановул қилинаётган ҳар бир маҳсулот учун меҳнат қилиб энергия сарфлашимиз лозимлигини унутиб қўйдик. Аслида, қўл-оёқларимиз ҳаракатланиш учун берилганини, еган таомимизнинг сарфини қилишимиз лозимлигини унутдик. Ҳатто, янги автомобил ҳам бир йил ишлатилмаса, ғилдираклари тешилиб, мотори ишдан чиқиб, аккумулятори чарчаб қолади, бизчи? Биз фақат лифт, телевизор пулти ва автомат кир ювадиган машина билан смартфоннинг тугмасини босишгагина яраб қолдик, холосми? Аслида бундай бўлмаслиги керак, бу хато йўл, бу йўл бизларни, барчамизни “ўлдиради”.

Дорихоналар сони, дори — дармонга ёпишиб олишлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди, шу қадар ақлсизмизки, ҳозир тўйиб ейишимиз учун олдиндан қийналишимизни билиб туриб, аввал, дорисини сотиб олиб кейин овқатларни паққос туширамиз. Йиллар давомида тўйиб еб ётганимизни пул бериб қандайдир дори-уколлар билан даволашга уринамиз. Афсуски, камчиликларимизни бартараф этмай туриб, фақатгина дори-уколларни нажот фариштаси сифатида қабул қиламиз. Ахир парҳез ва жисмоний тарбия билан сабабларини бартараф қилиб шифо топишимиз керак эмасми ? Кўзингизни очинг, пулингизни аптекадан ҳам, ортиқча овқат ейишдан ҳам тежаб, шу пулга уйингизга кутубхона ташкил қилинг.

Дорихонани қулига айландик, табиий доривор гиёҳларга эса ихлос қилмаймиз. Ота-боболаримиз қандай яшашган, улар нималар билан овқатланишган, улар қандай йўллар билан шифо топишган, ҳечам қизиқиб ўрганиб кўрганмисиз? Шу қадар дориларни кўп ва ўзбошимчалик билан қабул қиладиганлар борки, дор(и)хона дориси билан ўзини ДОРга осиб қўймоқда. Қачонгача соғлом турмушга оид маслаҳатларини қилмасдан фақат дорга осилиб яшаймиз?

Шифохоналарнинг тўлиб кетганини кўрдингизми? Аслида пандемиясиз ҳам бўш жой йўқ эди. Ҳамма жой навбат, ҳамма жой беморлар билан тўлиб бўлганлигини кўриб турибмиз. Бундай касал ота — оналардан қандай қилиб соғлом авлод қолиши мумкин? Миллатнинг келажаги нима бўлади? Ота бобомизни қўйиб турайлик, уларга яқинлашолмаймиз ҳам. Шунчаки 20 йил олдинги одамлардек ҳам бўла олмаяпмизку. Аслида одам умуман касал бўлмасдан яшаши керак, касалликларни, минг афсуски, барчамиз ўзимиз меҳнат қилиб топган пулларимизга сотиб олмоқдамиз. Маблағларимиз ўзимизнинг яхши кунимизга ярамаяпти. Аксинча, шифохонама-шифохона кезиб шифо излаяпмиз.

Мисол тариқасида 20 йил олдинги тўйларнинг видеотасмасини олиб кўринг. Сўнгра бир дастурхонда йиғилган одамларни синчковлик билан қараб чиқинг, қани неча фоизи ортиқча вазнга эга? Ўнта одамдан битта, айрим ҳолларда иккита семиз чиқади. Ҳозирги тўйларимизда бир дастурхон атрофидаги одамларни кузатиб кўринг, камида 80-90 фоизи ортиқса вазндан азият чекади. Шуларни ҳар бирида бир касаллик бор текшириб кўрса. Бу нима аҳвол? Бу бутун миллат касал деганими? Семиз одамларнинг 90 фоизини инфаркт, инсулт, қандли диабет ва бошқа касалликлар кутиб турибди. Нима биз Ўзбекистонни «Касалистон»га айлантириб қўйдикми?

Ижтимоий тармоқлардаги беморларга ташкил қилинаётган хайрия акцияларини кўриб одамни қалби эзилади, 13 ёшли бола қандли диабедга чалинган, 30 ёшли келинни буйраги ишдан чиққан, 38 га эндигина кирган одамни жигари қуриб қолган, гўдаклар оққон касаллигига чалинган ва ҳоказо бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Буни сабаблари ҳақида ўйлаб, шуни бартараф қилиш ҳақида ким ўйлаши керак? Афсуски халқни ўзи ўйламаса, бошқаси бекордек кўринмоқда, биз ўзгаришимиз керак, ўзимизни ўзгартиришимиз керак дўстлар.

Аллоҳ берган табиий нарсалардан қочиб, сунъий маҳсулотларга талпиниб яшашни бошладик, салқинлик бахш этувчи дарахтни кесдикда, сунъий кондиционерлардан фойдаланишни одат қилдик. Табиий меваларни емасдан туриб, ўрнига нотабиий, қадоқланган махсулотларга муккамиздан кетдик. Ҳатто шу қадар нодонмизки, ёки навсимизга қулмизки, кимёвий там берувчилар қўшилган овқатларга катта навбатлар ташкил қилдик. Билиб туриб, атрофимиздаги оғир касал яқинларимизни кузатиб ҳам, яна носоғлом овқатланиб келмоқдамиз. Кўзимиз шунчалик кўр бўлганми? Шифохонада ўзимиз ҳаракатлана олмай, ўзгаларнинг ёрдамига кўз тикадиган ҳолатга тушиб қолган пайтда ақлимиз ишлаб кетадими?

Қанчадан-қанча оила ажралмоқда ва уларнинг нечтаси фарзандсизликдан ёки эрининг жинсий заифлигидан шундай ҳолга тушмоқда? Ёки неча фоиз келинчакларнинг хомиласи нобуд бўлмоқда? Бунга ким сабабчи? Об — ҳавоми? Йўқ, ота онанинг носоғлом овқатлантириши ва бадантарбия қилдирмаслиги сабаб. Ҳа, сизни қизингиз ва ўғлингиз турмуш қурганда юқоридаги муаммога дуч келса бунга сиз жавобгар бўласиз. Ота ёки она сифатида, ҳаммасига сиз жавобгар!

Чойхоналар, чилимхоналар, кўнгил очар клублар, ғийбат учун йиғиладиган кўча гузар ўриндиқлари доим тўла. Лекин, спорт заллари, стадионлар, хиёбонлар ва умуман югуриш учун қулай жойлар бўм – бўш. Ёки қандолат ва бошқа ширинликлар сотадиган расталарга росса навбат-у, мева ва сабзавотларни ёки асал ва мағизларни қадри йўқлигини кўриб турибмиз, нотабиий махсулотларга эса ҳамма ёпишиб олган. Шундан ҳам халқни соғлик учун қандай эътибор қаратилаётганлигини билишимиз мумкин. Биз пешонамиз деворга урилгачгина соғлигимиз ҳақида қайғура бошлаймиз. Аммо, кейин кеч бўлади. Шунда бизда югуриш учун куч қолмайди ёки ортиқча ҳаракатланиш мумкин эмас ташхиси қўйилади. Эҳтимол, айрим фойдали меваларни ҳам ейишдан маҳрум бўлармиз. Ҳозир эса, буни ўқиб ҳам ўрнимиздан туриб югурмай чўзилиб ётаверамиз.

Фото: Таймырская МРБ

Кеч бўлмасдан танангизнинг ҳар кунлик ҳаққини ўз вақтида адо этинг, шундагина сиз учун бир умр бақувват тана хизмат қилиб бера олади. Эрта у дунёдаям сизга берилган соғлом жасадингизни қийнаб қўйганингиз учун жавоб беришдан сақланасиз.

Ҳурмат билан, саломатлик тарғиботчиси Рашид Усмонов

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг