Шифокор – бу руҳнинг касбидир!

Замира опа тонг сахардан ўз вужудида лоҳаслик, танадаги оғирликни, юрагидаги ёқимсиз хуружни ҳис этди. Кўнгли бир оз ҳижил тортдида,  “Ҳар иш худодан”- дея, ёнидаги бўй етган дилбандига илкис бир умид, бир хавотир илинж ила нигоҳ солди. Она кўзларидаги безовталикни илғаган зийрак қиз, онасига ғамхўрлик кўрсатган бўлди. Бироқ, дард ўз танаси билан тиллашиб сўнг ташриф буюрмайдида, онасининг ҳолатидан ҳавотирга тушган қизалоқ онасига билдирмай “Ойижон шифокор чақирайми, ҳаммаси яхши бўлади”- дея далда берди, кўздаги ёшни яшириб.

Ҳолат ҳудуд шифокорининг тавсиялари билан ҳам юмшамади. Замира опа шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажалардан сўнг, бир оз енгил тортгандай бўлди-ю, бироқ, танасидаги юрак дарди,  ўзига бўлган  ишончсизлик, умидсизлик сари тобора соя ташлаб бораверарди. Бечора қизалоқнинг эса, она тегрида андармон бўлишдан ўзга чораси йўқ эди. Ахийри, безовталикдан тин бермай қон босим тобора юқорилашиб бораётганини  ҳис этган бемор “Тез ёрдам” чақирилмаса, ҳасталик чекинмаслигини сезди.

Шифокор Жамшидбек Азизов

“Тез ёрдам” машинасида дарҳол етиб келган ўша кунги навбатчи шифокор Жамшидбек Азизов беморнинг ҳолатини кузатувдан ўтказар экан, унга биринчи ёрдамни кўрсатиб, зарурий муолажаларни бажарди. Эҳтиёт чорасини кўриш мақсадида шифокор мобиль рақамни беморга ташлаб кетди. Кўрсатилган зарурий тиббий муолажалардан сўнг, бемор ҳолати бир оз яхшиланган эди. Орадан оз фурсат ўтар, ўтмас эшик тақиллади. Не кўз билан боқсинки,  эшик олдида боя тез ёрдамда ташриф буюрган шифокор турар эди. Унга ўша сонияларда бир оз ташвишли кўринган бемор аҳволи тинчлик бермаганди. Бемор ўзини яхши ҳис этаётганини билдирсада, шифокорнинг бундан  кўнгли тўлмай уни шаҳар марказида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига келтирди. Бўлимда шифокорлар беморни ўз вақтида  етказиб келинганлигини, бу хайрли иш унинг ҳаётини ўз вақтида сақлаб қолинишига сабаб бўлишини таъкидлашди. Бир фидокор шифокорнинг ўз вақтида кўрсатилган ёрдами, саъй-ҳаракатлари туфайли бир оила соҳибаси омон қолди. Бир каррага хонадонга барвақт келган бало ариди, фарзандларга она бағрида бахтиёр яшаш бахти такрор насиб этди. Мана шундай шифокорларимиз борлиги билан фахрланасан киши. Бу ҳаётда шифокор инсон умри саломатлигининг асоси, халоскори дея кўнглингда яшаш бахтидан тўқлик, ишончлилик ҳиссини туясиз, албатта.

Бироқ, айрим кезларда, фурсат келганда айтиб ўтишга мажбурмиз. “Гуруч курмаксиз бўлмайди”- деган халқ мақоли бор. Хатто, баъзи ҳолларда беморнинг яқинлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, ғанимат фурсатни пайсалга солиб, ўз касбига совуққонлик билан ёндошаётган, ҳаёт заволига айланган тиббиёт ходимлари ҳам йўқ эмас. Аммо, бемор хонадонига қайта ташриф буюриб, унинг қимматли умрини сақлаб қолган, ўз бурчига сидқидилдан ёндошувчи, фидойии шифокорларимиз борлигини билганингда инсон  кўнглинг осмон қадар кўтарилади, соҳа вакилларига бўлган ишонч ҳисси янада ортади.

Ҳаёти қил устида қолган беморни яшашига сабабчи бўлган бу ҳалоскор шифокор, Жамшидбек Хуршидбекович Азизов, 1978 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани, “Элчи” қишлоғида педагог оиласида дунёга келади. У 1995 йилда қишлоқдаги 21-сонли умумий ўрта таълим мактабини муваффақиятли тугаллаб, ҳеч иккиланмай, шифокорлик касбини танлайди. Сўнг Андижон давлат тиббиёт олийгоҳига, “Даволаш иши” йўналиши бўйича ҳужжат топширади. Ўқувчилик кезлари  бу борада қўшимча тарзда олган билимлари Жамшидбекни Тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлишдек буюк  бахтга мушарраф этади. Олийгоҳ таҳсилидан сўнг эса, ёш шифокор илк иш  фаолиятини Фарғона вилоят Ўсмир ёшлар ва талабалар шифохонасида шифокор лавозимида ишлашдан бошлайди. 2004-2009 йилларда олиб борилган дастлабки шифокорлик фаолиятидан сўнг, 2009-2011 йиллар пойтахтдаги шифокорлар малакасини ошириш тиббиёт олийгоҳининг юрак касалликлари клиник орденатурасида таҳсил олиб қайтади.  Сўнг эса, шифокор Фарғона вилояти, тез тиббий ёрдам махсус ихтисослашган жонлантириш бригадасида, шунингдек,  “Нафис-Наргис” даволаш диагностика марказида юрак касалликлари шифокори лавозимида ўз ишини давом эттиради.

Очиғи, мазкур очеркни бир олам юмушдан ортиб ёзишга ундаган сабаб бу Замира опанинг “-Ҳаётга қайта келдим, Гўзалхон дея, кўзларида қувонч порлаб, тошиқиб сўзлаган илтижолари эди. Тез ёрдам шифокоридан  тўлқинланиб, ўзига сиғмай сўзлашлари боис эди аслида. Шифокорни танимайман, бемор ҳалоскорининг фаолияти билан таниш ҳам эмасман, бироқ беморнинг шифокорга бўлган, юрак тубидан чиқаётган миннатдорчилик ҳисси, унга ҳадя этган ҳаёт “қарзини” шу тарзда унга етказишига бир оз ёрдам эта олсам деган хаёл  менга тинчлик бермади. Инсон ҳаёти, унинг ҳар бир дақиқаси шу қадар устувор ва қимматли. Мен бу қадрни опанинг кўзларида яққол англаб турардим.

Албатта, шифокор — руҳнинг касби. Уларнинг, наинки, бемор ҳаётини асраб қолишдек шарафли бурчлари, чуқур билим, балки, даставвал беморни илк бор қаршилашиданоқ сўзлаган ҳар битта илиқ сўзи, кўрсатган меҳр-эътибори бемор руҳига қай тарзда далда бўлишининг ўзида буюк ҳислат бор.

Одамлар юзидаги ним табассум, мамнуният акси, руҳ далдаси, умр ҳадяси боиси сиз экансиз, азиз шифокорлар, мен Жамшидбек Азизов каби шифокорлар борлигидан тўлқинланиб қўлимга қалам олдим. Унинг беминнат, беқиёс хизмати замирида яшаётган қанча-қанча юраклар, тақдирлар бу тириклик маконида мужассам эканини англадим. Қалбда мумнуният, дилда чуқур эҳтиром ила эслашлик, икки олам саодати эгаси бўлинг дея дуои-фотиҳалар эшитишдек эзгу иш Жамшидбек Азизов каби  халоскор шифокорлар бор экан, демак қимматли умр дақақаларимиз ишончли қўлларда дея айта оламиз!.

Гўзал Пўлатова,

журналист.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг