Ҳар кунингиз қаҳрамонлик

Бутун дунёни қамраб олган тождор вирусга қарши мардонавор курашаётган шифокорларимизнинг меҳнати таҳсинга лойиқдир. Улар туну кун, ўз оромидан, болалари  ва яқинларининг дийдоридан узоқда бўлиб, бизнинг саломатлигимиз учун курашяпти. Мана шундай инсонлар меҳнати муносиб баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида“ги Фармонига биноан фарғоналик 7 нафар тиббиёт ходими тақдирланди.

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Умидахон Ғофурова I даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланди.

У 1995 йили Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлагач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида инфекцио-нист шифокор сифатида иш бошлади. Унинг ташкилотчилиги, ҳар бир ишга масъулият ва виждонан ёндошиши алоҳида эътирофга лойиқ.  25 йил давомида меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги, меҳрибон ва ширинсўзлиги билан беморлар ҳамда ҳамкасблари орасида ҳурмат-эътибор қозонди.

— Бу мукофот  касбимга бўлган меҳр ва масъулиятимни оширди. Ҳамкасбларим билан  елкама-елка туриб биргаликда бу вирусни енгишга ҳаракат қилмоқдамиз.  Хитой, Корея  Республикаси ва бошқа чет давлат мутахассислари билан онлайн тарзда боғланиб, беморларни ташхислашда, даволашда қўлланиладиган янги усулларни амалиётга татбиқ этяпмиз. Камтарона меҳнатимизни қаҳрамонлик даражасига кўтараётган Юртбошимиздан миннатдормиз, — дейди у.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига коронавирус билан касалланган илк бемор ётқизилиб, даволаш ишлари бошланган кунданоқ Умидахон  Ғофурова биринчилардан бўлиб беморларни даволашга киришди. Унинг ҳамкасблари Ҳалима Зайналова, Гулчеҳра Исмоилова, Манзура Холмирзаева ҳамда Ёрқиной Сатторова ҳам бугунги куннинг ҳақиқий қаҳрамонлари саналади.

Шоҳсанам Эшматова,

журналист

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг