Гиннесс рекорди янгиланадими? Сўхда 111 ёшли момо яшайди

Асрлар тарихини мунис қучоғида асраб-авайлаб келаётган пурвиқор тоғлар, дала даштлар, мевазор боғлар, зилол чашмалар, инсон руҳиятига ором берувчи дилбар табиат – Сўхнинг ташриф қоғозидир.

Сўхликларнинг кенг феъллиги, меҳмондўстлиги, самимийлигига қойил қоласан киши. Маҳмуд Ғазнавийнинг муборак изи, Мирзо Бобурдан қолган хотиралар, умуман аждодлар ёди билан боғлиқ мозийдан садо берувчи қадрдон туйғуларни теран ҳис этасиз Сўхда.

Яна бир эътиборли жиҳати, бу ерда ёши улуғ отахон ва онахонлар кўп. Ана шулардан бири Пидиргон қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 111 ёшли Муҳаррамхон момо Қосимовадир.

Пиру бадавлат онахон 1909 йилда туғилган. 7 нафар фарзанднинг онажони, 51 нафар невара ва 260 нафардан ортиқ эвара ва чевараларнинг суюкли бувижониси.

У киши бошидан кўп оғир кунларни ўтказди. Барчасини сабр ва меҳнат билан енгди. Гарчанд 111 ёшни қаршилаган бўлса-да, момо ҳали тетик. Маҳалладошлар билан бир ерда жам бўлса, фаровон кунларнинг шукронасидан, тинч кунларнинг қадридан сўзлайди. У кишининг дуосини олиш мақсадида хонадонига ташриф буюрувчилар ҳам кўп.

– Илоҳим осмонимиз мусаффо, заминимиз тинч ва осуда бўлсин, – дея дуога қўл очади момо. – Болаларимиз бахтига дунё тинч. Юртбошимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Гўзал Сўхимиз янада гуллаб-яшнайверсин.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.

Муқимжон ҚОДИРОВ олган сурат.

Бошқа тезкор хабарларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг