Эл саломатлиги – умрининг мазмуни

23 март. Республикада коронавирус инфекцияси илк марта қайд этилганидан кўп фурсат ўтмай, вилоятимизнинг Ёзёвон туманида дастлабки касаллик ўчоғи пайдо бўлди. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Аҳмаджон Ёқубов ҳамкасблари билан тумандаги касалланиш ҳолати қайд этилган ҳудудга дарҳол етиб борди. Биринчилардан бўлиб дезинфекцион тиббий кийимлар билан ҳимояланиб,  туманни тўлиқ изоляция қилишга киришди…

Май ойининг биринчи ўн кунлигида вилоятимизда коронавирусга чалинган сўнгги бемор ҳам тузалди. Фарғона “яшил ҳудуд” мақомини олди. Икки ярим ой давомида ҳудудда эпидемиологик вазият барқарорлиги сақлаб қолинди. Аммо, бу кўринмас бало енгилди, дегани эмас эди. Июль ойи бошларида вилоятимизда яна тождор вирус кўриниш берди.

24 соатлик иш режимида сабот билан меҳнат қилаётган вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тиббиёт фидойиларига олий тоифали шифокор Аҳмаджон Ёқубов бошчилик қилмоқда.

Аҳмаджон акада шифокор бўлишга иштиёқ оилада шаклланган. Акаси, Қўштепа туманининг моҳир педиатр-шифокори Обиджон Ёқубовга ҳавас  билан қарарди. У Тошкент давлат тиббиёт институтининг санитария-гигиена факультетини тамомлагач, дастлабки меҳнат фаолиятини Қўштепа туман санитария-эпидемиология станциясида бошлади. Йиллар давомида тажриба ва малака тўплаб, марказнинг бўлим мудири, бош шифокори сифатида меҳнат қилди. Соҳадаги билим ва маҳоратини Фарғона тумани, Фарғона шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик марказида етакчилик қилган дамларида ҳамкасблари билан ўртоқлашди. 2013 йилдан буён вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори сифатида меҳнат қилаётган Аҳмаджон Ёқубов ўз тақдири, орзуларини ана шу касб билан боғлади.

— Марказимизнинг ўзида 186 нафар тиббиёт ходимлари фаолият олиб боради, уларнинг 43 нафари шифокорлар, — дейди Аҳмаджон Ёқубов. — Қолаверса, вилоятимизнинг 19 та туман-шаҳарлари санитария-эпидемилогик осойишталик марказларида жами 1600 нафардан зиёд соҳа ходимлари меҳнат қилади. Ҳамкасбларимиз бугунги мураккаб вазиятда тезкор эпидемиологик суриштирувлар олиб бориш, касаллик белгилари аниқланган жойларда зарур чора-тадбирларни кўриш, лаборатория текширувлари ўтказиш сингари муҳим вазифаларни адо этишда жонбозлик кўрсатишяпти.

Халқимиз бошдан кечираётган  синовли кунлар  соҳа фидойиларининг  меҳнатини қадрлаш билан бирга муносиб эътироф этиш учун тўла асос бўлди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда фидойилик кўрсатган, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ўз салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимиз орасида Аҳмаджон Ёқубов ҳам бор. Давлатимиз раҳбарининг Фармонига кўра II-даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган қаҳрамонимиз соҳадаги салкам 40 йиллик меҳнати машаққатларини унутибгина қолмасдан, келгусидаги самарали фаолияти учун катта ғайрат ва куч олди.

Турмуш ўртоғи, малакали стоматолог Мастурахон Йўлдошева билан бирга фарзандлари ва набиралари толеида ҳам тиббиётнинг юксак шарафини кўришни орзулайди. Ўғиллари – Ҳасанжон Ёқубов санитар-эпидемиолог, Ҳусанжон Ёқубов кардиолог,  қизи Шаҳнозахон Ёқубова Фарғона давлат университетининг физика-математика факультетини тамомлаган, кенжа фарзанди Хуршиджон Ёқубов Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида таҳсил олади.

Аҳмаджон Ёқубовнинг  умр мазмуни эл осойишталиги, соғлиғи учун курашиш билан муштарак.  Халқимиз қалбида шифокорларга катта ишонч билан бирга осуда кунларнинг қайтишига порлоқ умид яшаётир.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг