ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Аҳоли саломатлиги ҳар нарсадан муҳим

Вилоятимизга COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган 500 дона кислород концентратори ҳамда 5 мингта пульс оксиметрлари олиб келинди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Коронавирус пандемияси инсон учун энг муҳим нарса саломатлик эканини кўрсатиб қўйди. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, вилояда вируснинг тарқалишини олдини олиш, уни жиловлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Мазкур касалликка чалинган беморлар белгиланган стандартлар асосида даволанмоқда. Шунингдек, айни кунларда пандемиянинг навбатдаги эҳтимолий тўлқинига тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ захира ўринлари ҳозирлаб қўйилди.

Тиббиёт масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамланяпти. Уч ойлик дори-дармон захираси учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб уч миллиард сўм маблағ эвазига Хитойдан кислород концентраторлари ва пульс оксиметрлари олиб келинганлиги ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир. Мазкур тиббий жиҳозлар захира жой учун тайёрлаб қўйилган масканларга топширилди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида бу жиҳозларнинг ўрнатиш жараёни билан танишди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

— Президентимиз аҳолимизни, хусусан, нуронийларимиз, ёшларимизни коронавирус пандемиясидан асрашга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда, — деди вилоят раҳбари. – Бунинг учун барча шароитларни яратиб беришмоқда. Вилоятимизда тайёрланган захира ўринларига бу кислород концентраторлари ва пульс оксиметрларининг биринчи қисми етказилмоқда. Шунингдек, бу каби зарур жиҳозлар билан барча тиббиёт масканларимизни таъминлаш тадбирларини кўрганмиз. Бундан ташқари, яқин кунларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида худди шундай тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарадиган йирик корхона ишга туширилади. Вилоятимиздаги барча шифокорлар ва тиббиёт ходимлари бепул пульс оксиметрлари ва бошқа керак тиббий жиҳозлар билан таъминланади.

Бугунги кунда ички бозорда тиббий буюмлар ва техникаларга бўлган талаб кескин ошди. Вилоятга олиб келинган мазкур жиҳозлар нисбатан анча арзон. Бир дона кислород концентратор нархи барча ҳаражатлари билан 4 милион 200 сўм, бир дона пульс оксиметри эса 150 минг сўмга тушди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

— Хитойдаги ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилиб, тиббий жиҳозларнинг сифати ва нархига алоҳида эътибор берилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёржон Ғаниев. — Пандемиянинг эҳтимолий иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари доирасида ана шундай тиббий жиҳозлар билан таъминлаш жуда муҳим. Чунки ҳозирда пневмония билан касалланиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бундай вазиятда ҳар бир тиббиёт ходимида қон таркибидаги кислород ва юрак-қон босимини ўлчовчи пульс оксиметри бўлиши керак. Вилоятимизда бунинг учун барча тадбирлар кўриляпти.