Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг АҲОЛИГА МУРОЖААТИ

 

Сўнгги кунларда вилоятимизнинг турли ҳудудларида жойлашган оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар ёнида ижтимоий масофа сақламасдан навбат кутиб турган фуқароларни сурат ва видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлайдиганлар кўпайиб кетди.

Уларнинг айримлари поликлиникалар олдидаги бундай тартибсизликда тиббиёт ходимларини ноўрин айблашдан ҳам тап тортишмаяпти.

Шу ўринда савол туғилади. Ижтимоий масофани ким сақламаяпти? Албатта, фуқароларнинг ўзи.

Шундай ҳолатларни тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаётган юртдошим, Сизнинг мақсадингиз аслида нима? Фуқароларни ижтимоий масофа сақлашга, карантин қоидаларига амал қилишга чақиришми, ёки тиббиёт ходимларининг устидан мағзава ағдаришми?

Агар сизнинг мақсадингиз эзгу бўлса, карантин қоидаларини тарғиб қилмоқчи, фуқароларни огоҳликка чақирмоқчи, ҳеч йўқ битта бўлса ҳам касаллик тарқалишининг олдини олмоқчи бўлсангиз, дарров телефонингизда суратга олиш ўрнига, ўша жойдаги одамларга маслаҳат беринг, насиҳат қилинг, ижтимоий масофа сақлашга чақиринг. Агар шундай қилсангиз, катта масъулият остида ишлаётган тиббиёт ходимларига хайтовур ёрдам берган бўласиз.

Хўш, поликлиникаларга нега фуқаролар навбат билан киритилмоқда?

Мамлакатимизда «COVID-19» инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ҳамда аҳоли орасида ушбу инфекция юқишининг олдини олиш мақсадида барча даволаш-профилактика муассасаларида, оилавий ҳамда кўп тармоқли  марказий поликлиникалар кириш қисмида фильтр ташкил этилган.

Бу ерда мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаро дастлаб эпидемиологик суриштирувдан ўтказилади ҳамда тана ҳарорати ўлчанади. Агарда тана ҳарорати ошиши, нафас қисиши ҳамда йўталга шикояти бўлса изоляторга жойлаштирилади. Бундай шикояти йўқ беморлар эса навбати билан, масофани сақлаган ҳолда врачлар қабулига киритилади.

Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоятимиздаги барча поликлиникаларда масофадан туриб рўйхатдан ўтиш, онлайн консультация олиш хизматлари йўлга қўйилган. Фуқароларга олдиндан телефон орқали боғланиб кейин поликлиникага келиш тўғрисида қанчалик тушунтирилмасин, кўпчилик аҳоли ханузгача бунга амал қилмаяпти.

Бундан ташқари, ўзининг яшаш ҳудудидаги поликлиникага бормай, тўппа-тўғри вилоят марказига келадиганлар ҳам ҳам талайгина.

Масалан, Фарғона шаҳарига яқин Тошлоқ, Фарғона, Қўштепа туманлари, Қувасой шаҳрида яшовчи айрим фуқаролар ҳеч қандай йўлланмасиз вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази поликлиникасида ишловчи тор доирадаги мутахассисларга мурожаат қилиб келишади. Поликлиника ходимлари туманлардан келган фуқароларга тартиб-қоида бўйича дастлаб ўзларининг яшаш ҳудудига боришларини тушунтиришса, улар эътироз билдириб, шу ердаги шифокорга кўринаман, деб, оёқ тираб туриб олишади. Бу эса поликлиника ходимлари ишини янада қийинлаштириб, тирбандликнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Тиббиёт ходимлари фуқароларни ижтимоий масофани сақлашга ҳар қанча чақиришмасин, айрим лоқайд фуқаролар бунга амал қилмаяптилар.

Аҳолини фильтрдан ўтказиб, уларни навбати билан врач қабулига киритишдан мақсад аввало фуқароларимизни, қолаверса, шифохонада фаолият олиб бораётган тор доирадаги мутахассисларни инфекциядан ҳимоя қилиш. Чунки энг  зарур мутахассисга инфекция юқса, у ишга чиқолмай, бундан яна халқ жабр тортади.

Шу ўринда Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти фуқароларимизни карантин қоидаларига қатъий амал қилишга, тиббиёт муассасаларига ташриф буюрганда ижтимоий масофани сақлашга чақиради.

Бугун тиббиёт ходимларининг ҳам, бошқа касб эгаларининг ҳам мақсади битта: тезроқ вирусни жиловлаш ва даф қилиш. Бунинг учун ҳамжиҳат  бўлиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз керак. Қаердаки, карантин қоидларига, ижтимоий масофа сақлашга амал қилмаётганларни кўрсак, дарҳол суратга олиб ижтимоий тармоққа чиқариш, ваҳима тарқатиш, бировни айблаш шарт эмас. Бу билан муаммо хал бўлиб қолмайди.

Муаммони ҳал қилиш учун эса ўша одамларни қоидаларга амал қилишга ўргатайлик ва тиббиёт ходимларига ёрдам берайлик. Шунда бу балолардан тезроқ қутиламиз ва  ёруғ кунларга, албатта, етамиз.

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг