Иккисидан бирини танланг: Пандемиями ёки инфодемия?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, дунё мамлакатларида COVID-19 пандемияси пайдо бўлиши билан бир қаторда, “инфодемия” деб аталадиган ўта салбий ҳолатга дуч келинмоқда.

Фото: Grani.lv

Инфодемиямедиа маконда муайян бир мавзу ва муаммо бўйича маълумотларнинг керагидан ортиқ мавжуд бўлишидир.

Бу афсуски, ана шу муммога ечим топилишини  бир неча бор қийинлаштиради ва вазиятни чалкаштиришга олиб келади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида содир бўлган фавқулодда вазият пайтида инфодемия хатоларнинг бўрттирилиши, ёлғон хабар ва миш-мишларнинг авж олишига олиб келмоқда. У, шунингдек, самарали жавоб чоралари кўрилишига ҳалал бериши, касалликнинг олдини олиш учун таклиф этиладиган ечим ва маслаҳатларга нисбатан чигаллик ва ишончсизлик туғилишига хизмат қилиши мумкин.

Айрим журналист ва блогерлар нафақат ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш тизими, балки давлат бошқаруви тизимига ҳам ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши мумкин бўлган материалларни тарқатишга ўтиб олишди.

Бундан ташқари короновирусга чалинган оддий ҳамюртларимиз ва қурбонлар шахсига нисбатан дахлсизлик принципларини кўр-кўрона бузаётганликларига гувоҳ бўлаяпмиз.

  1. “Биринчи касаллар”нинг исм-шарифларини ҳатто сарлавҳаларга чиқариб, байроқ қилиб кўтариб югурдик. Бу билан уларнинг эртанги кунига, ҳаётига очиқчасига “тупурдик”.
  2. Нафақат маҳалласи, балки уй манзилларигача элга овоза қилдик.
  3. “Биров ўлибди” деса, орқада қолиб кетмайлик, деб дарров, бошқа сайтлардан бу каби шум хабарларни текширмасдан кўчириб, тезроқ майитни “кўмиб” келдик. Уялмадик…

Ахир, журналистика мактабида устозларимиз ҳар қандай факт камида учта жойдан текширилиб, кейин узатилиши керак деб қулоғимизга қуюшмаганмиди?

Бундан бир йил олдин сиз билан биргаликда ишлаб чиқиб, ўзимиз бир овоздан қабул қилган “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси”ни ўзимиз оёқ ости қилаётганимизни наҳотки тушунмасак.

Ана шу кодекснинг “Шахсий ҳаётга ҳурмат. Шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш” номли 7-моддасидаги тамойил қачонгача паймол қилинади?

Ахир бу сўзларни ўзимиз ёзиб қўйгандик-ку:  “Журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди”…

Бир-биримизга берилган ваъдаларни, касб тамойилларини бир йил деганда эсдан чиқариб улгурдикми?

Келинг, қизишимайлик-да, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг журналистлар учун COVID-19 пандемиясини ёритиш борасида ишлаб чиққан тавсияларига бир эътибор берайлик:

  • Этика жиҳатидан вазмин ва масъулиятли бўлиш.
  • Шов-шувли хабар ёки ваҳима тарқатишдан ўзини тийиш.
  • Ижтимоий жиҳатдан масъулиятли бўлиш.
  • COVID-19 пандемияси ҳамда кўрилаётган жавоб чоралари тўғрисида далиллар ва ҳаққоний маълумотлардан фойдаланиш.
  • Ишончли, илмий асосланган ва синалган манбалардан таяниш.
  • Мазкур вазият туфайли аҳоли орасида хавотир уйғонишига сабаб бўладиган ҳолатларга ойдинлик кирита оладиган олимлар, тадқиқотчилар, жамоат саломатлиги соҳаси мутахассислари, олий ўқув юртлари ишчи-ходимлари ҳамда бошқа билим соҳаси мутахассисларидан иқтибослар келтириш.
  • Касаллик тарқалишини тўхтатиб туриш ва/ёки сусайтиришга ёрдам берувчи чоралар тўғрисида ёзиш.
  • Тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳамда уларнинг, эпидемияга қарши жавоб чораларини кўришда бош вазифани бажараётганларини инобатга олиб, бевосита ҳозирги ҳолат тўғрисида сўзлаб бериш.
  • Беморларнинг соғайиши, касалликка қарши курашиш чораларини кўраётган одамлар ҳамжамияти, ёки ёндашувлари орасида ўрганилишга лойиқ бўлган мамлакатлар тўғрисида ҳикоя қилиш.
  • Амалий ечимлар ишлаб чиқиш ва тадбиқ этишга ёрдам берадиган материалларни олиб чиқиш.
  • Ўз соғлиқлари ва улар суҳбат қураётган, интервью олаетган кишиларнинг соғлиқларини муҳофаза қилиш учун расмий тавсияларга риоя этиш.
  • Пандемияга боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ёритаётганда, беморлар билан мулоқотда, амалиётда, ижтимоий масофани сақлаш.
  • Тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
  • Беморларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳурмат қилиш ва уларнинг шахсиятларини ошкора қилмаслик ҳамда уларнинг розилигисиз улар ҳақида тўлиқ маълумот бермаслик.
  • Эпидемиология асосларидан бохабар бўлиш.
  • Одамлар орасида чалкашлик, ташвиш ва қўрқув янада кўпайишига ҳисса қўшадиган, ёлғон ахборот тарқатувчи кишилар фикрларини оммалаштирмаслик.
  • Хуллас, юқоридаги тавсияларга бир эътибор қаратсак, назаримда, ёмон иш қилмаган бўлардик.
  • Майли нима бўлганда ҳам ҳозирги бало-қазолардан вақти-соати келиб қутулармиз.
  • Насиб бўлса шу одамлар, шу халқ ичида яна яшармиз.
  • Бироқ, кеч бўлмасдан эл кўзига эртага қандай қарашни обдон ўйлаб қўрсак бўларди.

Сизлардан яхши хабарлар кутиб қолувчи ҳамкасбингиз,

Беруний Алимов,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг