Асло камлик кўрманг, саломатлик посбонлари!

Миннатдорчилик хати

Ваҳима — ярим касаллик. Хақ гап экан. Бир суткада қон босимим кўтарилди, юрак атрофим қизиб бутун танамдан  иссиқлик  чиқди. Тана ҳароратимни ўлчагани юрак бетламади. Ваҳима босдики, асти гапирадиган эмас. Болалар, яқинларим… кўзим кўзимдан нарини кўрмай қолди бир кечада.

Ваҳима балоси миямда чирқиллаб тест топшириш керак, деган буйруқни бераверди.  Тонг саҳар 4 ларга яқин вилоятдаги  “CALL CENTER” маслаҳат марказига 1055 телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Навбатчи мутахассис  Ҳусанбой Сотқулов тана ҳароратимни  ўлчашимни айтди. Юрак ютиб тана ҳароратимни ўлчадим . 36, 1 даражани кўриб, анча таскин топдим. Лекин салкам 10 соатдан бери танамдаги ҳарорат мани толиқтириб қўйганини айтгач, улар зудлик билан кардилог ёки невропатолог врачга мурожаат қилишимни айтишди.

Марғилон шаҳридаги “Ан-Нажот” даволаш маскани бош невропатологи Маъмуржон Султонович Асқаров қабулига бордик.

Бош невропатолог Маъмуржон Асқаров

Кейин, ўзимга келганимда айтишларига қараганда  қон босимим 180 га 120 бўлган экан. Зудлик билан юракни ЭКГ қилишди, қон таҳлиллари олишди, иглотерапия муолажасини бошлашди, каридолог, терепевт, окулист кўрикларидан ўтказишди. Ҳамма жараённи шунчалик тезлик билан бажаришдики, кечга бориб  бош ва юрак атрофимдаги оғриқ ва қизишлар енгиллади. Безовталик, умидсизлик ўрнини худога шукур хотиржамлик эгаллади.

Фурсатдан фойдаланиб, олий малакали шифокор, етакчи профессор-ўқитувчиларидан иборат “CALL CENTER” маслаҳат марказига, ўша куни бизга тўғри тиббий маслаҳат берган врач лаборант Ҳусанбой Сотқуловга, Маъмуржон Асқаров раҳбарлигидаги  “Ан-Нажот” даволаш масканининг барча тиббиёт ходимларига оиламиз аъзолари номидан миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳеч қачон камлик, хасталик, қайғу кўрмасинлар. Халқимизнинг бахтига бор бўлишсин, соғ-саломат бўлиб, улуғ мартабаларга эришиб юрсинлар, деймиз.

“Ан-Нажот” даволаш маскани жамоаси

Бугун яна соғлом ҳаётдаман, фарзандларим, касбдошларимга  ҳам раҳмат. Қизим йўқ дердим, қиздек онадек, синглимдек парвона бўлишди, ўғилларим. Уларга тарбия берган ота-онамга қуллуқ қиламан, Яратганга шукур қиламан.

Марғилон шаҳридан Абдулхоновлар оиласи номидан Ҳабибахон. 

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг